Ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйларни бунёд этиб, халқимизга туҳфа қилиш баробарида қурувчиларимиз кўприксозлик ҳамда йўлсозлик соҳасида ҳам дунё стандартларига тўла жавоб берадиган иншоотларни қуриш бўйича катта тажриба тўплашди. Айниқса, кейинги йилларда автомобиллар ва йўловчилар ҳаракатланишига қулайликлар яратиш ҳамда тирбандликларнинг олдини олиш учун республикамиз ҳудудларида қад ростлаган кўприклар аҳолининг бу борадаги мушкулини осон қилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кўприксозлик ишлари туман ва шаҳарлар кесимида замонавий лойиҳалар асосида қурилиб, халқимизга зарур шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ана шундай муҳим объектлардан яна бири, пойтахт вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидаги Назарбек шаҳарчасида бунёд этилди.
Таъкидлаш керакки, ушбу иншоотнинг бунёд этилишига жуда кўп сабаблар мавжуд эди, яъни, шу ҳудуддаги 13 та маҳаллаларда истиқомат қилаётган 35 мингга яқин аҳолининг аксарият қисми пойтахтимизнинг турли корхоналарида меҳнат қилаётгани сабабли, ишга қатнаш ва қайтиш жараёнида транспортларнинг тирбандлиги ҳамда мазкур ҳудуддан ўтувчи темир йўл кесишмасининг тез-тез ёпилиб туриши натижасида кундалик ҳаракат асосий муаммога айланганди. Бу ҳолат кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ, одамлар бир неча ўн йиллардан буён шу муаммодан озор чекиб келарди.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги фармойишига асосан “4Р253 “Тошкент шаҳри – Туркистон ш/х – Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километридаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси буюртмачи этиб белгиланди.
Қурилиш ишларини амалга ошириш юзасидан бош пудратчи этиб “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси таркибидаги 13-кўприкқурилиш жамоаси танланди. Лойиҳа бўйича энг аввало, темир йўл ва автомобиль йўлининг кесишмасида умумий узунлиги 398 метр, кенглиги эса 22 метр, кўприкости баландлиги 7 метр бўлган тоннель шаклидаги йўл ўтказгич, унинг устидан узунлиги 21,8 метр, кенглиги 18,5 метрли уч изли темир йўл кўпригини қуриш, улар кесишмасида яна узунлиги 28 метр, эни 12,5 метрдан иборат автомобиль йўл ўтказгични барпо қилиш режалаштирилганди. Бундан кўриниб турибдики, лойиҳа ўта мураккаб бўлиши баробарида юртимизда ҳали бу сингари лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинмаганди.
Аммо иш билганга минг танга экан, соҳада катта тажриба тўплаган бунёдкорлар замонавий техника ва технологиялар кучидан самарали фойдаланган ҳолда қисқа муддатларда барча ишларни сифатли қилиб бажариб, ҳудуддан ўтувчи автомобиллар ҳамда аҳолига қулай шароит яратиш билан бирга, поездларнинг тўсиқларсиз қатнови учун ҳам имкон яратишди.
– Иш бошлаш аввалида тажрибали мутахассислар ҳамкорлигида лойиҳанинг ҳар бир жиҳатини мукаммал ўрганганимиз кейинги жараёнда қўл келди, – деди 13-кўприкқурилиш отряди мутахассиси Бегзод Шералиев. – Кўприкнинг автомобиллар ҳаракатланадиган ерости қисмида ноқулай об-ҳаво шароитида, яъни, меъёридан ортиқ ёмғир ёққан кунлари сув тўпланиб, ҳаракатларни қийинлаштирмаслик учун сувни чиқариб ташловчи насос станцияси ҳам қурдик.
Маълумот ўрнида: мазкур иншоотни бунёд этиш жараёнида 7,6 минг кубометр бетон, 104 минг кубометр тупроқ, 3,4 минг тонна асфальт ётқизилган. Бундан ташқари, 42 та темир-бетон оралиқ қурилма, 521 та тиргак девор монтаж қилиниб, 90 та ёритиш устуни, 648 метр ҳимоя тўсиқлари амалга оширилиши натижасида бир кеча-кундузда ўртача 10 мингта автотранспорт воситасининг узлуксиз қатновига шароит яратилди. Муҳими, замонавий кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилганидан ҳудудда яшовчилар миннатдор бўлишмоқда.

