|

|

2026-уіӏ 10-May, Yakshanba
spot_img

Inson qadrini ulug‘lash tamoyili

Muhim xabarlar

Nargiza Miryoqubova
Nargiza Miryoqubova
"2011-2015 yillarda O‘zbekiston Davlat San’at va Madaniyat institutini tamomlagan. Yurtimizda amalga oshirilayotgan qurilish-bunyodkorlik ishlari haqidagi ko‘plab maqolalari matbuotda chop etilgan. 2016 yildan buyon “O‘zbekiston bunyodkori” gazetasi muxbiri.

Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, ҳудуд ривожи учун долзарб бўлган муҳим вазифаларни белгилаб берди. Қорақалпоғистонда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун алоҳида солиқ имтиёзлари ва молиявий кўмак чораларини кучайтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг йўл транспорт ва коммунал инфратузилмасини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги сабаб кейинги йилларда Қорақалпоғистонда катта янгиланишлар бўляпти. Нукус шаҳрининг “Жанабазар” МФЙда ҳам аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу маҳалла Нукус шаҳрининг ёнгинасида жойлашган бўлишига қарамай, йиллар давомида эътибордан четда қолганди. Бугун муаммолар ечим топди дея айта оламиз.

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга эътибори маҳсули бу. Ҳар бир ташрифда, умуман кейинги 5 йилда Қорақалпоғистонда катта ўсиш­лар кузатиляпти. Айни шу маҳалла ҳам бунга бир исбот. Яқин-яқингача энг оғир ҳудуд ҳисобланган жойлар эди. Бир пайтлар кўчиб кетишни истаган одамлар бугун кўчиб келишга интиляпти. Асли, бугун ҳаммаси бадастир кўринса-да бундан 3-4 ой аввал ­“Жанабазар”га келган киши юргани йўл, ўтиргани жой топмасди десак муболаға бўлмайди. Нукус шаҳрининг чекка қисмида саҳро қумлари ўртасида бунёд этилган ушбу маҳаллада ўзига яраша муаммо ва қийинчиликлар бор эди. Қумлоқ кўчаларда ёз бўйи чанг-тўзон кўтарилса, ёмғиру қорларда лойда кечиларди.

Бугун ушбу маскан кўпнинг саъй-ҳаракати билан обод гўшага айланди. Йўллар текисланиб, асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилди. Инфратузилма яратилди. Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш йўлида туну кун меҳнат қилинди. Аввало, одамлар кўп азият чеккан йўлларни равон қилишга бел боғланди. 18 километрдан ортиқ йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизилган бўлса, 3 километрга яқин йўл асфальт қилинди.

Ҳудудда амалга оширилган ишларни бирин-кетин айтадиган бўлсак, рақамлар қуйидагича кўриниш олди: 16,1 километрга электр тармоқлари тортилиб, 437 та таянч устунлар, марказий кўчаларга 350 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 2,3 километр ичимлик суви қувури тортилиб, 42,8 километр газ тармоғи тартибга келтирилди. Бу рақамларнинг ортидан қанчадан-қанча меҳнат турганлигини англаш мушкул эмас.

Жанабазар маҳалласининг биргина кўчаси эътибор марказида бўлиб, қолганлари эътибордан четда қолиб кетмади. 10 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалланинг 40 та кўчаси ободликка юз тутди. Хуллас, маҳалладаги бирорта хонадон йўқки, ўзгаришлардан бебаҳра қолган бўлса.

– Ҳеч тасаввур қилмагандик, бундай бўлишини, – деди Гулчеҳра Султонова. – Кўчаларимиз ёруғ. Болаларимиз мактабларга озода йўллардан юриб бориб келишяпти. Авваллари, аҳвол жуда ёмон, ҳаммаёқ қум, лой эди. Ҳозир мана тераклар экилди, уйларимиз томларига шиферлар ўрнатилди. Ҳамманинг кайфияти яхши. Марказдан сира фарқи йўқ. Президентимизга раҳмат. Мус­тақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида бу бизга катта совға бўлди. Маҳаллада камолга етаётган келажак авлоднинг руҳи ва тани соғлом бўлиши учун ҳам чоралар кўрилди. Улар маърифатига қувват бўлсин, дея мўъжаз кутубхона ташкил этилди. Маърифат зиёси таралиб турган ушбу масканда Ажиниёз ва Ҳазрат Навоий, Иброҳим Юсупов ва Абдулла Орипов билан ғойибона кўришишгандек ­бўламиз.

Маҳаллада амалга оширилган ҳайр­ли ишлардан яна бири – ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун етарлича шароит яратилди. 2 та футбол, 1 та волейбол, 1 та баскетбол, 1 та шахмат, 2 та воркоут, 5 та болалар майдончаси қурилди.

– Шу маҳаллада туғилиб, катта бўлдик. Бизнинг маҳалламиз кундан кунга ривожланиб бормоқда, – деди Жанабазар маҳалласи Ёшлар етакчиси Саламат Кудияров. – Бу йил бизнинг маҳалламиз учун тарихий йил бўлди. Бундан 10-15 кун аввал бу ерга келган одам бугунги Жанабазарни ҳозир танимайди. Спорт тадбирларини ўтказишга қийналар эдик. Ҳозир эса болаларни спортга ва спорт тадбирларига жалб этиш учун ҳеч қандай чекловлар йўқ. Маҳалламизда болалар майдончалари қурилди. Шундай катта эътибор учун ҳурматли Президентимизга ёшлар номидан чексиз миннатдорчилик билдираман.

Аёлни рози қилиш, уни бахт сари етаклаш Янги Ўзбекистонни ўз олдига қўйган аъмолларининг энг устувори. Ўз ишига эга аёл эса рўзғорига наф келтириши баробарида жамиятда ўз ўрни борлигини ҳис қилади. Шу сабаб маҳаллада аёлларни ишли қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Оилавий тикувчилик цехи очилиб, ишсиз аёллар жалб қилинди.

– Болалигимдан тикувчи қиз бўламан деган армоним бор эди, – деди оилавий корхона раҳбари Гулнур Сарсенбоева, – Бугун армоним сароб бўлмади. Ҳаракат қилдим, Президентимизнинг меҳри тушиб ишларимиз юришиб кетди. Авваллари корхонамизда ишлаётган аёллар уй бекалари эди, ҳеч бири ишламасди. Ҳозир эса бу ерда уларни ўқитиб, тикувчилик сирларини ўргатяпмиз. Шунча қизларимизни ишлик қилишга шароит яратилгани учун ташаккур билдираман.

Маҳаллада барчаси инновацон ечимлар асосида бунёд қилинди. Шу пайтга қадар қақраб ётган ерларга ниҳоллар экилиб, томчилатиб суғориш йўлга қў­йилди. Жанабазарликлар яхшиликни биладиган одамлар. Ижобий ўзгаришлардан маҳалла аҳли рози ва миннатдор. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида инсон қадрини улуғлаш тамойили ётганини бугун барчаси юракдан ҳис қилишмоқда.

- reklama -spot_img

Mavzuga oid

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

So‘nggi xabarlar

spot_img