Айни пайтда Марказий Осиё давлатларида, қолаверса, республикамизда ҳам йилдан-йилга сув танқислиги кучайиб, 2030 йилга бориб бу танқислик 15 фоизни ташкил қилиши мумкин. Сув танқислигини олдини олиш ва яшил майдонларни сув билан таъминлашда қор-ёмғир сувларини йиғиб, дарахтларни суғоришда фойдаланишни йўлга қўйиш ҳам энг асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Шу боис, мамлакатимизда атрофмуҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ўтказилган таҳлил натижалари атрофмуҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат функцияларини амалга оширишда комплекс ёндашув ва стратегик режалаштиришнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, қўйилган вазифаларни самарали бажариш учун табиатни муҳофаза қилиш органларининг ваколатлари етарли эмаслигидан далолат беради. Бундан ташқари, аҳоли ва саноат корхоналари сонининг ўсиб бориши ҳам бевосита табиатга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Буни табиий ресурсларнинг камайиб бориши мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, сув танқислиги ортиб бораётганлиги муз захираларининг эриши тезлашиши, дарё, сой, кўл ва ер ости сув захиралари сатҳи пасайиши ҳамда яшил майдонлар қисқаришига сабаб бўлмоқда. Бу муаммолар табиий ресурслардан тартибсиз ва мақсадсиз фойдаланилаётгани, қолаверса, ресурсларни мақсадли бошқариш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани туфайли келиб чиқмоқда. Демак, бу борада энергия тежамкор қурилмалардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда республикамизда атрофмуҳитни муҳофаза қилиш, сув танқислиги ва яшил майдонлар қисқаришини олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан яшил макон лойиҳаси жорий қилиниб, барча ҳудудларда минглаб дарахт кўчатлари экилмоқда. Аммо биргина дарахт экиш билан бу муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Бу кўчатлар ўсиб, ривожланиши учун доимий парвариш талаб этади.


