Илм-фан ва инновация – давлат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Илмий ва инновацион ечимлар татбиқ этишда энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазаси каби долзарб соҳалар ҳам етакчи ўринларни эгаллаган.
Сирож Нуров ушбу муҳим йўналишда ўз билими ва меҳнати билан самарали фаолият юритаётган олимлардан бири. У Бухоро давлат
техника университети Электр ва энергетика муҳандислиги кафедраси доценти. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги эксперти сифатида масъулиятли вазифаларни бажариб келмоқда. Таълим ва илм-фан соҳасида 9 йиллик тажрибага эга бўлган ёш олим ўз соҳасининг забардаст вакили, техника фанлари доктори, профессор Маҳсуд Маҳмудовни ўзига устоз деб билади. Олган сабоқларини амалиётда муваффақиятли қўллаб келмоқда. Сирож Нуров 2023 йилда “Оқава сув тозалаш иншоотларида микроорганизмларнинг концентрациясини оптик ўлчов асбоби” мавзусида ўз PhD илмий ишини муносиб ҳимоя қилган. Унинг илмий изланишлари ва меҳнатлари юқори баҳоланиб, 2025 йилда “Ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш” ихтисослиги бўйича доцентлик унвони берилди. Айни
кунларда энергия ва ресурсларни тежаш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мавзуларида илмий фаолият олиб бормоқда. Унинг бу борадаги изланишлари натижасида шу кунга қадар 30 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилди. 4 та ихтиро патентига муаллифлик қилди. Бундан ташқари, Сирож Нуров юртимиздаги 20 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарида энергия тежамкорлигини ошириш ва энерго-аудит тадбирларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ амалий лойиҳаларда фаол иштирок этган.
– Ўз йўналишимда доимий тарзда илмимни ошириш ва тажриба олишга ҳаракат қиламан, – деди Сирож Нуров.
– Шу мақсадда 2025 йилда Малайзиянинг нуфузли Султан Идрис университетида “Яшил энергетика – барқарор ривожланиш асоси” йўналиши бўйича малака ошириб қайтдим. Бу билим ва инновацион ғоялар тезда ўз натижасини берди. 2026 йилда ўтказилган “Келажак муҳандислари” республика кўриктанловининг финал босқичида “Оқава сув тозалаш иншоотлари ва очиқ каналларда сув ресурслари сарфини интеллектуал ўлчов-мониторинг қурилмаси” лойиҳаси билан иштирок этдим ва “Энг яхши ихтиро” йўналишида фахрли 2-ўринни эгалладим. Ҳозирда ўз илмий изланишларимни юқори босқичга кўтариш учун “Оқова
сувларни биологик тозалаш жараёнларини назорат ва нейроадаптив бошқарув энергия самарадор тизимини ишлаб чиқиш” мавзусида DSc
докторлик илмий ишини олиб боряпман. Сирож Нуров фидойи устоз сифатида ҳам ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда. У 2 нафар таянч докторантура илмий изланувчисига раҳбарлик қилмоқда. Шогирдлари томонидан олиб борилаётган илмий иш мавзулари ҳам бевосита Республикамиздаги энг долзарб муаммолар ечимига қаратилган. Хусусан, бу тадқиқотлар оқава сувларни тозалаш сифатини ошириш ва соҳада энергия тежамкор бошқарув тизимларини ишлаб чиқишга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятли.
– Татбиқ этиладиган ҳар бир технология атроф-муҳит муҳофазасига қўшилган ҳиссадир, – деди у ўз сўзида.
– Соҳага янги инновацияларни олиб кириш ва ресурс тежамкорлик кўрсаткичларини ошириш бўйича изланишларимизни изчил давом эттирамиз. Шогирдларим билан биргаликда инновацион ихтироларни амалиётда қўллаб, миллий иқтисодиётимизга фойда келтиришни бурчимиз деб биламиз.
Зулфизар МАВЛОНОВА,
“O‘zbekiston bunyodkori” мухбири.

