Наманганлик ёш тадбиркор АҚШда сунъий интеллект асосидаги савдо агентини синовдан ўтказмоқда
Кечки соат 23:00 да компания сайтига аниқ савол билан мурожаат қилган мижозни бой бериш бизнес учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилиб ўсган 22 ёшли тадбиркор Нодирбек Анваров айнан шундай вазиятларнинг олдини олишга қаратилган «Hiulix» платформасини яратди.
Hiulix — корхоналарнинг веб-сайтларига ўрнатиладиган сунъий интеллект агенти. У ташриф буюрувчиларга компания томонидан тасдиқланган маълумотлар асосида жавоб беради, потенциал харидорларни аниқлайди ва уларнинг мурожаатларини суҳбат тарихи билан бирга савдо менежерига йўналтиради.
Маҳсулот АҚШда рўйхатдан ўтган «» компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Нодирбек Анваров компаниянинг ягона эгаси ҳисобланади. Фаолият ташқи инвесторларсиз, асосчининг шахсий маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Hiulix ҳар бир суҳбат бошида фойдаланувчига сунъий интеллект билан мулоқот қилаётганини маълум қилади. Агент фақат компания тасдиқлаган материалларга таянади. Мурожаатларни эса мазмунига қараб умумий маълумот, нарх, маҳсулот намойиши, техник ёрдам ёки ходим билан суҳбат каби тоифаларга ажратади. Шундан сўнг учрашув белгилашни таклиф қилади, мурожаатни тегишли менежерга йўналтиради ёки компания жамоасини хабардор қилади.
Агар фойдаланувчи мутахассис билан бевосита гаплашишни истаса ёки тасдиқланган материалларда жавоби мавжуд бўлмаган савол берса, агент тахмин қилмайди, балки суҳбатни ходимга узатади.
Нодирбек Анваровнинг тадбиркорлик ва технологиялар соҳасидаги изланишлари унинг аввалги таълими ҳамда халқаро тажрибаси билан чамбарчас боғлиқ. У Тўрақўрғондаги Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернатда таҳсил олган, кейинчалик Сингапурдаги «SP Jain Global Management School» олийгоҳида бизнес бошқаруви йўналишида билим олган. Ёшлигидан халқаро анжуманларда иштирок этиб келган тадбиркор бизнес ва бошқарув соҳасидаги билимларини амалий лойиҳаларда қўллашга интилмоқда.
Унинг фаолияти фақат тадбиркорлик билан чекланмайди. Анваров илмий нашрлар билан ҳамкорлик қилиб, иқтисодиёт, бизнес бошқаруви ва савдода сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга оид мақолаларни кўриб чиқишда иштирок этади. Шунингдек, Республика ёш олимлар кенгаши ва «Юксалиш» ҳаракати аъзоси ҳисобланади.
Спортга бўлган қизиқиши ҳам унинг ҳаётида муҳим ўрин тутади. 2019–2022-йилларда ITF таэквондоси ва ўзбек жанг санъати бўйича ўтказилган турли мусобақаларда қатнашиб, бир неча бор совринли ўринларни эгаллаган.
Бугун эса унинг асосий эътибори Hiulix платформасини ривожлантириш ва АҚШ бозорида синовдан ўтказишга қаратилган. Лойиҳа орқали компанияларнинг мижозлар билан мулоқотини автоматлаштириш, мурожаатларни самарали саралаш ва савдо жараёнини енгиллаштириш кўзда тутилган.

