ШАҲАРСОЗЛИК ЭВОЛЮЦИЯСИ
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш ҳамкорлик лойиҳаси доирасида “Шаҳарсозлик эволюцияси: Ўзбекистон ва Корея инновацион қурилиш йўлида” мавзусида халқаро семинар ўтказилди.
Кореялик мутахассислар, 30 дан ортиқ халқаро ҳамкорлар, 70 дан зиёд лойиҳа институтлари ҳамда маҳаллий ташкилотлар вакиллари, соҳа экспертлари иштирок этган семинарда халқаро пудратчилар уюшмаси танишуви, Корея ва Ўзбекистон мулоқоти, қурилиш соҳасидаги музокаралар, шаҳарсозлик норма ва қоидалари модернизацияси лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, лойиҳанинг 2-босқичи масалалари муҳокама қилинди. Семинарни очиб берган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Батир Закиров уни ташкил этишда кўрсатган кўмаги учун Кореянинг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда Корея қурилиш ва технологиялар институти (KICT)га миннатдорлик билдириб, шундай деди:
– Иқтисодиётнинг драйвери ҳисоб-ланган қурилиш соҳасида Ўзбекистон–Корея ҳамкорлиги тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, “Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш” ҳамкорлик лойиҳасининг амалга оширилиши бунга яққол мисолдир. Лойиҳа доирасида бугунга қадар 120 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари модернизация қилинди ҳамда 30 нафар мутахассис Кореяда малака оширди. Шунингдек, лойиҳанинг иккинчи босқичида ҳозирда соҳа учун долзарб ва устувор ҳисобланган сейсмик мустаҳкамлик ва ёнғин хавфсизлиги бўйича синов лабораториясини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги
босқичга чиқишига ҳамда узоқ йиллар давом этишига, бу эса, ўз навбатида, қурилиш соҳасининг ривожланишида муҳим вазифа бажаришига ишонаман. Шунингдек, семинарда сўзга чиққан Корея Халқаро қурилиш ассоциацияси раиси Парк Сунҳо ҳам Ўзбекистонда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида таъкидлади.
– Бугунги кунда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда Корея қурилиш муҳандислиги ва технологиялар институти ўртасида “Ўзбекистон шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш” бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган, – деди Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов.
– Ҳамкорлик лойиҳаси бўйича икки томон келишувига кўра, 2022-2025 йиллар мобайнида жами 256 та, шундан 2022 йилда 20 та, 2023 йилда 82 та, 2024 йилда 102 та ҳамда 2025 йилда 52 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини Корея тажрибаси асосида модернизация қилиш белгиланган. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш ҳамда лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш мақсадида институтимизда янги
– Халқаро нормаларни уйғунлаштириш бошқармаси ҳам ташкил этилди. Бошқарма Америка, Хитой, Италия, Корея ва мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олган, малакали, илмий ходимлар билан тўлдирилди. Корея халқаро қурилиш ассоциацияси (ICAK) хориждаги қурилиш индустриясини тарғиб қилувчи ягона агентлик сифатида 1976 йилда ташкил этилган. ICAKнинг асосий вазифаси кореялик
пудратчиларнинг хориждаги бизнесида кўмак кўрсатиш ва ривожлантиришдан иборат. Корея қурилиш муҳандислиги ва қурилиш технологияси институти (KICT) – қурилиш соҳасидаги муаммоли ва устувор йўналиш бўйича тадқиқотларни амалга оширади ҳамда норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Хусусан, ақлли шаҳарлар концепциясини ишлаб чиқиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, бино-иншоотларнинг табиий офатларга барқарорлигини таъминлаш, бино-иншоотларда энергия самарадорликни таъминлаш шулар жумласидандир. KICT бугунги кунда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан “Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш” ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Таъкидлаш керакки, 2022 йилдан ҳозирги кунгача 120 дан ортиқ шаҳарсозлик норма ва қоидалари кореялик экспертлар билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Айни пайтда ёнғин хавфсизлиги ва бошқа йўналишларга тегишли шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларини модернизация қилиш учун таклифлар тайёрланиб, Корея қурилиш тажрибаси миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига уйғунлаштирилмоқда. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичини 2025 йилда муваффақиятли якунлаб, иккинчи босқични ҳам жадал суръатларда давом эттириш режалаштирилган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида соҳа учун долзарб ва устувор ҳисобланган сейсмик мустаҳкамлик ва ёнғин хавфсизлиги бўйича синов лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Тадбирда “Ўзбекистон қурилиш тармоғини ривожлантиришда қурилиш стандартларини модернизациялаш”, “Ўзбекистонда норматив ҳужжатларни тизимлаштиришнинг замонавий тенденциялари”,” Кореяда ақлли шаҳарларни ривожланиш стратегияси. Марказий Осиёда ҳамкорлик йўналиш лари” каби мавзуларда тақдимотлар ҳам амалга оширилди. Бундан ташқари, семинар доирасида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳасини мустаҳкамлашдаги хизматлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари
ва қоидаларини модернизация қилиш соҳасида эришган натижалари учун бир гуруҳ хорижий ва маҳаллий экспертлар тақдирланди. Мукофотларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Батир Закиров ҳамда Кореянинг KICT институти вице-президенти Квак Ки Сок топширди. Бир сўз билан айтганда, қизғин фикр- мулоҳазаларга бой тарзда ўтган тадбир давомида меҳмонлар, соҳа экспертлари ҳамда ОAВ вакиллари бир-биридан долзарб мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топдилар.


