|

|

2026 йил 17 Май, Якшанба
spot_img

ГАЗ-КИМЁ КОМПЛЕКСИ БУНЁД ЭТИЛМОҚДА

Муҳим хабарлар

Бухоро шаҳар марказидан 70 километрдан узоқ масофада
жойлашган Қоракўл тумани бундан тўрт йилча илгари Бухорода
содир бўлган табиий офат – кучли шамол туфайли оғир талафот
кўрган эди.


Чўл ҳудудида жойлашган ушбу туман бугун бетакрор қиёфа касб этмоқда. Қурилиш-бунёдкорлик, инвестиция лойиҳалари, маҳаллалар қиёфасини янгилаш, янги иш ўринлари яратиш, таълим, тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар, замонавий шаҳарсозлик ишлари, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларида ислоҳотлар авж паллада. Айтиш жоизки, ўша пайтдаги талафотдан сўнг бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” массивида 240 та хонадонга мўлжалланган 12 та кўп қаватли турар жой бинолари қад ростлади. 330 ўринга мўлжалланган мактаб, шунингдек, 240 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, 120 ўринли замонавий болалар боғчаси ва 100 қатнов ўрнига мўлжалланган оилавий поликлиника бинолари бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров бугунги кунда туман улкан қурилиш майдонига айлангани ҳақида таъкидлаб, Президентимизнинг 2021 йил 13 августдаги “Қоракўл” эркин иқтисодий зонаси ҳамда замонавий газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қоракўл ва Олот туманлари чўл ҳудудининг умумий 400 гектар ер майдонида газ-кимё соҳасига ихтисослашган эркин иқтисодий зона барпо этилганига тўхталди:
– Бу ердаги технологик лойиҳалар давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида қиймати 2,7 миллиард АҚШ долларига тенг метанолдан олифен олиш (МТО) технологияси асосида газ-кимё мажмуаси лойиҳаси барпо этиляпти. “Gaz Chemical Complex MTO Central Asia” МЧЖ етакчилигида газ-кимё комплексини қуриш ва газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш лойиҳасига кўра, йилига 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари, жумладан, полиэтилен терефталат, полипропилен, паст зичликдаги полиэтилен, этиленвиниласетат сингари юқори ликвидли хомашёлар ўзлаштирилади, – деди у.
Ушбу объектни тиклаш учун, нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, балки, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Саудия Арабистони каби давлатлардан ҳам зарур ускуналар, масалан, қуёш батареялари учун махсус қопламалар, автомобиль кузовлари учун деталлар, мебель маҳсулотлари, гиламлар, пластик қувурлар келтирилмоқда. Бунёдкорлик ишларига 2000 дан ортиқ ишчи жалб этилган.

– Қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда, – деди “Gaz Chemical Complex MTO Central Asia” МЧЖ масъули Масрур Шакиров.
– Бунда асосий ишлаб чиқариш ва маъмурий зоналардан ташқари, омборхоналар, махсус майдонлар ҳам барпо этилади. Йиллик экспорт ҳажми
261 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, 20 фоизи экспортга йўналтирилади. Мазкур лойиҳанинг аҳамияти шундаки, қайд этилган хом-ашёлар ёрдамида 60 турдан ортиқ янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконияти ҳам пайдо бўлади. Лойиҳа тўла қувватда ишлай бошласа, ўн мингдан ортиқ ишчи кучи талаб этилади. Ушбу лойиҳа доирасида айни пайтда Россия Федерациясининг “Enter Engineering” компанияси билан ҳам ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Йирик қувватга эга технологик қурилмалар ҳамда катта сиғимли юк автомобиллари ишга туширилган. Бир сўз билан айтганда, “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида кечаётган бунёдкорлик ишлари ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилишга қаратилган.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img