Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармасида ҳудудда фаолият юритувчи қурилиш-пудрат ташкилотлари вакиллари ва соҳа экспертлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ушбу учрашувдан мақсад – қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги юзасидан билдирилаётган савол ва таклифларга қулоқ тутиш, муҳим масалаларни ўзаро муҳокама қилишдан иборат. Очиқ мулоқотда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Даврон Милиев, “Шаффоф қурилиш” МAТ директори ўринбосари Шуҳрат Ҳамдамов ҳамда қатор соҳа мутасаддилари томонидан қурувчи ташкилот вакилларига рейтинг балларини шакллантиришда улар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, баҳолаш мезонларида юзага келаётган масалалар хусусида маълумот берилиб, мавжуд муаммолар ўртага ташланди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда 100 дан зиёд қурилиш-пудрат ташкилотлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган ушбу очиқ мулоқот давомида ташкилотлар томонидан жойланадиган маълумотларнинг электрон платформада акс этмаётгани юзасидан кўтарилган масала “Шаффоф қурилиш” МAТ директори ўринбосари томонидан жойида кўриб чиқилиб, тегишли тушунтиришлар берилди.
Бу каби учрашув ва мулоқотлар мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб ўтказилади.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда
Хабар бериб келаётганимиздек, давлат раҳбарининг топшириғига асосан ҳудудларда кўп қаватли уйларнинг инфратузилмаси, бошқарув-сервис компаниялари фаолияти, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, ободонлаштириш ишлари, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жараёнлари каби масалаларни ўрганиш юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Мазкур гуруҳ томонидан ҳозирги кунда Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда гуруҳ раҳбари Шерзод Ҳидоятов, вазир ўринбосари Озода Жўраева ва соҳага дахлдор бошқа мутасаддилар иштирок этдилар. Йиғилишдаги асосий масала вилоятдаги мавжуд ҳолатни тўлиқ, очиқ ва шаффоф ўрганган ҳолда муаммоларга тўғри ташхис қўйиш чораларини кўришга қаратилди.
Қайд этилганидек, Тошкент вилоятида кўп қаватли уйларни бошқариш соҳаси қониқарли эмас. Aсосий муаммо, аҳолида тўлов маданиятининг шаклланмаганлигидир. Рақамларга қарайдиган бўлсак, ўтган йили Тошкент вилоятида мажбурий бадал тўлов кўрсаткичи 47 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич 27 фоизга тушган. Нурафшон шаҳридаги кўрсаткич эса 3 фоизгина холос. Шу билан бирга, Нурафшон шаҳрида жами 110 та кўп қаватли уй бўлиб, 1 та бошқарув сервис компанияси фаолияти йўлга қўйилган.
Мутасаддилар ушбу муаммоларнинг тизимли ечимини ишлаб чиқиш, бунда бошқарув ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, соҳада рақобат тизимини шакллантириш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, маҳалла фаолларига аҳоли ўртасида тўлов маданиятини ошириш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиш, ўз уйининг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги кўп қаватли уйлар ҳолатини ҳам ўргандилар. Хусусан, уйларнинг ертўла, кириш қисмлари, ҳудудининг тозалиги кўздан кечирилди. Таъкидлаш лозим, шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг эксплуатацион ҳолати қониқарсиз. Муаммолар етарлича. Шу боис, вазирлик ва бошқа масъул идоралардан мазкур ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини кўришда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида алоҳида вакиллар бириктирилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари Тошкент вилоятининг Пискент туманида бўлиб, кўп қаватли уйларнинг ҳолатини ўрганди. Туманда жами 36 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, 1 та бошқарув-сервис компаниясига бириктирилган. Мазкур компания Оҳангарон туманидаги бошқарув ташкилотининг филиали ҳисобланади. Тумандаги кўп қаватли уйларнинг ҳолатини яхши деб бўлмайди. Чунки аҳолининг тўлов кўрсаткичи 20 фоизни ҳам ташкил этмайди. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ўрганиш жараёнларига Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти мутахассислари ҳам жалб қилиниб, муаммоларни бартараф этиш имкониятлари муҳокама қилинди.


