|

|

2026 йил 15 Май, Жума
spot_img

Газлидаги чилангар аёл

Муҳим хабарлар

Жаҳонгир Фозилов
Жаҳонгир Фозилов
“O‘zbekiston bunyodkori” газетасининг Жиззах вилояти мухбири.

Газли – Ромитан тумани таркибига кирувчи кичик шаҳарча бўлиб, вилоят марказидан салкам 106 километр узоқликда жойлашган. Бугун ушбу олис ҳудудда 1 300 дан ортиқ хонадонда 6 500 аҳоли истиқомат қилмоқда. Шаҳарча иккита – Байналминал ва Газли маҳаллаларидан иборат. Бу ердаги аҳолининг табиий газдан хавфсиз фойдаланиши ва қулай яшашини таъминлашга чилангар Санобар опа Нусратова ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Санобар опа газ таъминотида 2015 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Сўнгги уч йилдан буён эса чилангар вазифасида ишлаб келади.

– Йил давомида 1 300 дан ортиқ хонадондаги газ жиҳозларига ўз вақтида хизмат кўрсатиб келишга ҳаракат қиламан, – деди суҳбат давомида қаҳрамонимиз. – Машаққатли, масъулиятли иш, аммо кимнингдир хавфсизлигини таъминлаш мен учун бу катта шараф. Асли шофирконликман. Тақдир тақозоси билан Газлига келиб қолганмиз. Тўғри, олис, чўл ҳудуди. Ёзда жуда иссиқ, қишда эса совуқ об-ҳаво. Нолимайман, чунки ишимни яхши кўраман. Касбини севган инсонга ҳеч қандай қийинчилик қўрқинчли эмас.

Дарҳақиқат, бугун Санобар Нусратова томонидан олис ҳудудлардаги истеъмолчиларнинг газ жиҳозларига хизмат кўрсатилиши баробарида, юзага келган мавжуд муаммолар ҳам вақтида бартараф этилмоқда. Аҳоли эса бундан миннатдор.

– Санобархон ҳеч қайси эркакдан қолишмай меҳнат қилади, – деди  фуқаро Ражаббой Эшниёзов. – Шаҳарчамизда биттагина чилангар аёл. Ҳар йили газ жиҳозларимизни кўриб, таъмирлаб, мойлаб кетади. Жуда самимий, вақтини ҳеч биримиздан қизғанмайди. Яна бир жиҳати, бугун кўп соҳалар каби газ тизимида кўрсатилаётган хизматлар ҳам онлайн тизимида амалга оширилиб, тўловлар мобил иловалар орқали бажарилмоқда. Бу ҳам юртимизда аҳолининг қулай шароитда яшашини таъминлашнинг бир кўринишидир.

Бир сўз билан айтганда, “Меҳнат инсонни улуғлайди” деган нақл бугун Санобар опа тимсолида ўз тасдиғини топмоқда, десак янглишмаган бўламиз.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img