Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ариза топшириш тартибини тушунтирди ва дастурда иштирок этувчи банклар рўйхатини эълон қилди.
Аввалроқ 15 йилдан кам бўлмаган стажга эга олий малака тоифасидаги ўқитувчиларга давлат томонидан ипотека учун 25 фоизгача субсидия берилиши ҳақида хабар берган эдик.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, ушбу педагоглар учун ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабули 20 апрель куни соат 14:00 да бошланади.
Ушбу дастур доирасида субсидия олиш учун ариза берувчи барча ижтимоий мезонларга жавоб бериши, шунингдек, дастурда иштирок этувчи камида битта тижорат банкининг ички талабларига жавоб берадиган кредит тарихига эга бўлиши керак.
Бунда ариза берувчининг, шунингдек унинг турмуш ўртоғининг (эрининг) мулкида республика ҳудудида икки ва ундан ортиқ турар жой кўчмас мулк объектлари бўлмаслиги керак.
Субсидия олиш учун аризаларни давлат хизматлари марказлари, илова ёки my.gov.uz сайти орқали топшириш мумкин.
Таъкидланишича, аризани топшириш ва кўриб чиқиш даврида ариза берувчи OneID тизими орқали тижорат банклари томонидан кредит тарихини баҳолаш учун шахсий маълумотларидан фойдаланишга рухсат бериши керак.
Шунингдек, кредит тарихини олишда вақт чекловлари бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, аризачининг кредит тарихига кириш имконияти чекланади, бу эса аризани рад этиш учун асос бўлиши мумкин.
Субсидиялаштирилган ипотека кредитлари бериш дастурида иштирок этувчи тижорат банклари рўйхати:
1. «Агробанк» АТБ
2. «Алоқабанк» АТБ
3. «Асакабанк» АЖ
4. «Asia Alliance Bank» АТБ
5. «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ
6. «Ҳамкорбанк» АТБ
7. «Ипак йўли» АТИБ
8. «Ипотекабанк» (ОТP Group)
9. «Микрокредитбанк» АТБ
10. «Orient Finans» ХАБ
11. «Трастбанк» ХАБ
12. «Туронбанк» АТБ
13. «Халқ банки» АТБ
14. «Ўзмиллийбанк» АЖ
15. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ

