|

|

2026 йил 12 Май, Сешанба
spot_img

Қурилишда ўзибўларчилик ва ноқонуний ишлар кетмайди

Муҳим хабарлар

Абдусами Ҳақбердиев
Абдусами Ҳақбердиев
Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 1984 йилдан республика миқёсидаги матбуот нашрларида турли лавозимларда ишлаган. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида 2020 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Кейинги пайтда “Шаффоф қурилиш” тамойили асосида шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани янада такомиллаштириш, архитектура ҳамда бунёдкорликка масъул ташкилотлар фаолиятини юксалтириш механизмларини йўлга қўйиш муҳим масалага айланди.

Зеро, кўп қаватли иншоотлар қуриш ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш бўйича рухсат бериш тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги ва ишчи-ходимларни қурилиш-монтаж ишларига  амалдаги қонунларга зид равишда жалб этилиши ўзбошимчалик билан қурилаётган бинолар сонининг ортишига олиб келаётир. Афсуски, баъзи ҳолларда “Бу турар жойлар ҳар қандай ташқи куч ёки зилзилаларга бардош бера оладими?” деган савол ана шундай ташкилотлардагиларни қизиқтирмаётгани ачинарлидир.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил қилинган пресс-турда Тошкент шаҳрининг бир қатор  туманларида қурилиш меъёрлари ва талабларига мос келмайдиган ёки ноқонуний равишда  қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган корхоналар фаолияти ўрганилди.

Хусусан, пресс-тур давомида Шайхонтоҳур туманидаги Лабзак кўчасида буюртмачи “Мустаҳкам қурилиш” қўшма корхонаси томонидан қад ростлаётган 25 қаватли турар жой иншооти қурилиши амалдаги тартиб-қоидаларга мос эмаслиги аниқланди. Мазкур объектда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли қарори билан белгиланган талабларга амал қилинмаган ҳолда, яъни, ҳудудий назорат инспекцияси рўйхатидан ўтмай туриб иш олиб борилаётгани маълум бўлди. Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мутахассисларининг таъкидлашича, ноқонуний фаолият учун корхона раҳбарлари бир неча бор огоҳлантирилган. Шунга қарамасдан, айни пайтда бинонинг 10 қаватигача қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокими, суди ва прокуратурасига ҳам хатлар киритилиб, орадан бир неча ой ўтган бўлсада, бироқ улар ҳанузгача лом-мим, дейишмаганини қандай тушуниш мумкин?

Навбатдаги ўрганилган объект – Юнусобод тумани 18-мавзеда, айни пайтда уй-жойга муҳтож фуқаролар кириб яшаётган 54-кўп қаватли турар биноси бўлди. Айтиш жоизки, 2019 йилда давлат комисссияси назоратидан ўтгандан сўнг, бу ерда ҳам баъзи ноқонуний қурилмалар амалга оширилган. Халқимизда, “Мулк қадрига етган, мулкдор бўлади”, – деган гап бекорга айтилмаган. Бугунги кунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳукуматимиз уй-жой қурилишига катта эътибор қаратяпти. Бироқ ўз уйи, ватан ичра ватанига эга бўлган киши уни асраб-авайлаши ҳам керак эмасми?

Таассуфки, мазкур уйда яшовчи фуқаролар юқорида айтилган фикрга зид равишда беэътибор бўлаётгани туфайли уйнинг ертўла қисмига эгалик қилган тадбиркор қурилишга оид меъёрий ҳужжатларни бузиб, унга турли ўзгаришлар киритган. Бу эса бинонинг сейсмик ҳолатига таъсир қилмаслигига ҳеч ким кафолот бермайди. Бу камлик қилганидек, биринчи йўлакнинг иккинчи қаватида яшовчи фуқаро Н. Р. уй балконига салкам тўрт метрлик майдон қўшиб, ўзига офис қилиб олган.

Бунёд этилаётган кўп қаватли турар жойларда учраётган ноқонуний қурилма ёки қурилишлар бошқа туманларда ҳам йўқ эмас. Бу каби ўзбошимчаликларга барҳам бериш учун вазирлик ҳамда Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мутахассислари ҳамкорлигида объектларга чиқиб, назорат таҳлиллари ўтказилмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳар қандай ўзбошимчаликларга барҳам бериляпти.

Масалан, ана шундай назорат ишлари давомида Учтепа туманидаги “Янгиобод” МФЙ ҳудудида буюртмачи “New word star” масъулияти чекланган жамият томонидан қурилаётган кўп қаватли турар жой биносининг қурилиш ишлари таҳлил этилди. Унинг лойиҳа ҳужжатларида энергия самарадорлиги ва муқобил энергия технологиялари ҳамда энергия тежамкорлик чора-тадбирлари кўзда тутилмаган. Шунингдек, қурилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини бузган ҳолда айрим ишчи-хизматчилар махсус кийимлар тўпламидан ва ҳимоя каскалари ҳамда белбоғларидан фойдаланмаган. Бинонинг тасдиқланган лойиҳасида кўрсатилган гидроизолация ишлари лойиҳага мос тарзда бажарилмаган. Ушбу қоидабузарликлар юзасидан қурилишга масъул бўлган шахсларга ёзма кўрсатма берилиб, аниқланган нуқсонлар бартараф этилгунга қадар объектда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 16 февралидаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–57-сонли қарори бўйича Шайхонтоҳур туманидаги “Ko‘h Ota” МФЙ ҳудудида “Bazis – T” буюртмачилигида бунёд этилаётган кўп қаватли турар жой биноси ҳам ўрганилди. Таҳлиллар натижасига кўра, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилаётган тегишли ўзгаришлар юзасидан қурилишга масъул шахсларга тушунтириш ишлари олиб борилди.

Қурилишда сифат бирламчи масала. Шу боис, инсон ҳаёти билан боғлиқ бу масала масъуллар томонидан ҳар доим ва ҳар ерда эътиборга олиниши лозим. Ана шундагина юртимизда қад ростлаётган муҳташам ва салобатли бинолар халқимизга кўп йиллар беталафот хизмат қилади.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img