Ўқиган китобларимдан бирида шундай ёзилганди: “Ҳашаматли, улкан-улкан бинолардан кўп нарса англаш қийин. Улар менга совуқ туюлади. Оддий лойсувоқ уйлар томига қаранг, қандай гўзал қизғалдоқлар ўсиб чиқади. Унда жуда муҳим икки нарса бор: бири тириклик бўлса, бири оддийлик… Аслида одамлар ҳам шундай. Баъзи одамлар атрофимизда оддий кийимда, кимнингдир наздида оддий юмуш бажарсада, самимий ва содда юраги бор. Бундай инсонлар шу қадар камтарки, ҳеч бир тортинишсиз улар билан эш бўлиб кетасиз.
Навбатдаги мақолага қаҳрамон қидирарканман, Яккасарой туманидаги ҳаммага таниш Пушкин ҳайкали ёнида ишлаётган ободонлаштириш ходимларининг бир нечтасига кўзим тушди. Салом бериб, суҳбатга тутдим. Оддий инсонлар ҳақида ёзмоқчилигимни айтдим. Бамаъни одамлар экан, “Ука, аввал пепсидан ичинг, қолгани бир гап бўлар”, деб кулишди. Жуда камтар ва камсуқум инсонлар бўлгани учун аввалига “Сен гапир, сен гапир” деб тортиниб туришди. Хуллас, узоқ муҳокамадан сўнг, Ғани ака билан диллашадиган бўлдик. 
Ғани Қорабоев 1970 йил Паркент туманининг Сўқоқ қишлоғида туғилган. Маълумоти ўрта бўлса-да, фикрлари туғилган қишлоғи каби баҳаво, қарашлари тозалигини сезиш қийин эмас. Ёшлигидан ҳалол меҳнат қилиб ўрганган Ғани ака чорвачилик ва боғдорчиликдан ҳам яхшигина хабардор экан. Айтишича, рисоладагидек меҳнат қилинса, боғдорчилик ва чорвачиликдан ҳам мўмай даромад топиш мумкин. Лекин кўпчилик ерга керакли ишлов бермаслиги, меҳр билан қарамаслиги сабабли кутган ҳосилини ололмайди.
Туппа-тузук деҳқон одамнинг нега тўсатдан бу соҳага кириб келгани, аниқроғи, ободонлаштиришдек қишни қиш, ёзни ёз демайдиган машаққатли ишни танлагани фақат бизга эмас, ўқувчиларга ҳам қизиқ бўлса керак. Қаҳрамонимиз деҳқончилик ва чорвачилик мавсумий иш бўлгани туфайли мунтазам ойликка бўлган эҳтиёж уни бу соҳага киришига сабаб бўлганини айтди. Ғани ака ободонлаштириш соҳасидаги фаолиятини 2020 йилда бошлаган бўлса, шу кунгача намунали ходимлар қаторида бўлиб келаётганини ҳамкасблари ҳам тасдиқлашди. Чунки қаҳрамонимиз ишдан ўзини олиб қочмайдиган, луқмасини ҳалоллаб оладиган виждонли инсон сифатида ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонган. У 2020 йилдан буён Яккасарой тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходими сифатида ишлаб келмоқда.
Айниқса, бу йилги аномал совуқ давридаги машаққатли кунларни Ғани ака шундай ҳикоя қилади:
– Ҳамма жой совуқ, кўчаларни қалин қор қоплаган. Ўша кунлари тинмай қор курадик, йўлларни яхмалаклардан тозалашга жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилдик. Автоҳалокатлар олдини олиш ва одамларга юриш учун қулайлик яратиш мақсадида бир жамоа бўлиб ишладик. Қийин кунлар ортда қолди, ҳамжиҳатлик эса ҳамроҳимизга айланди. Касбимни чиндан яхши кўраман. Агар инсон ўз соҳасига меҳр бермаса, танлаган касбининг лаззатини сезмайди. Касбим билан ҳам, жамоам билан ҳам фахрланаман.
Ғани ака мақтовни ёқтирмас экан. Ўзида бўлмаган нарсалар билан мақталишдан уялишини дангал айтган кам сонли одамлардан бири десам, адашмаган бўламан. Қаҳрамонимизнинг ўзини тутиши ва гап-сўзидан камтар, очиқкўнгил ҳамда мард инсон эканини сезиш қийин эмас. Шунданми, Ғани ака билан суҳбатлашган одам кўп ижобий ҳислатларидан баҳраманд бўлиш билан бирга, яхшигина ўрнак ҳам олиши мумкин. Қолаверса, ҳар гапида шукроналикни канда қилмайдиган бу кишига ҳурматим ошди. Суҳбатимиз қизиб, ҳаётий томонга кўчди. Қаҳрамонимиз яшашнинг ўзи шукр қилишга етарлича сабаб, деб ҳисоблашини айтди.
− Ҳозир сизга бир стакан пепси узатдим, тўғрими? – деди Ғани ака. – Энди ўйланг, бугун сизга қайси миллионер ё мансабдор сув қуйиб берди? Сизни бир парча нон, бир стакан сув билан меҳмон қилган киши оддий одамдир, лекин Аллоҳ оддий ҳолимда ҳам одамларга нимадир улаша оладиган инсон қилиб яратганига шукр. Бошқа нима керак? Кўпчилигимиз яхшилик қилиш учун пайт пойлаймиз. Кимдир бойиб кетсам, кимдир мансабдор бўлсам, сахий инсонга айланаман, деб ўйлайди. Аммо яхшилик, сахийлик инсоннинг ўзида бўлиши керак. Шундай эмасми?! Яхшилик қилиш учун биргина табассум ҳам етарли. Агар хоҳиш бўлса, яхшилик қилиш имкони ҳамиша мавжуд.
Кимдир ўз касбини мажбурликдан, кимдир ўз хоҳиши билан топади. Яна кимдир ушалмаган орзуси, армони билан яшайди. Ғани акадан шу ҳақдаги фикрларини сўрадик.
– Ортимга қарасам, бўшлиқ йўқ, – деди қаҳрамонимиз. – Ҳамма жойда ўз хоҳишим, виждоним билан ҳалол яшадим, яшаб келяпман. Эришиб бўлмас орзу қилмадим, орзу қилсам, амалга оширдим. Ўзбекистонимизни яхши кўраман, чин дилдан меҳнат қилган одам бу юртда оч қолмайди. Кўпчилик ойлик кам деб нолийди. Фикримча, инсонни бахтли қиладиган нарса фақат баланд маош эмас. Асосийси, ҳаётдан рози бўлиб яшашдир.
Қаҳрамонимиз билан суҳбатлашиб, ўйланиб қолдик. Нега шу инсон каби ҳаётга некбинроқ (тозароқ) қараб, мамнун яшашга қийналамиз? Нега кўзимизга кўпроқ камчилик ва муаммолар кўринаверади? Чунки бахтли ҳисобланишимиз учун ўзимизга адоқсиз шартлар ўйлаб топамиз. Ўз ҳаётимизни ўзимиз мураккаблаштирамиз.
Бу ҳаётда ҳамманинг ўз ўлчови бор. Юртимизда Ғани акадек ҳаётидан рози инсонлар кўпаяверсин.

