Жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида, қайси касб эгаси бўлмасин, фидойилик билан касбини ардоқлаб, ўзи ҳам ўша касбдан эъзоз топаётган ва кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлаётганлар бисёр. Хусусан, биз
хотин-қизларни кўпроқ ижтимоий соҳаларда фаолият юритишига ўрганиб қолганмиз. Аммо қанчалик ноодатий туюлмасин, бугун эркаклар ишлайдиган
масъулиятли, керак бўлса, хавфли соҳада 35 йиллик тажрибаси билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келаётган навоийлик электромонтёр аёл, Елена Сабилованинг шарафли фаолияти юксак эътирофга лойиқ.
Электр энергетика соҳаси кўпчилик тасаввурида эркаклар ишлайдиган залворли касб ҳисобланади. Аммо, “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”да бунинг аксини кўриш мумкин. Ушбу корхона ходими – 35 йиллик касб тажрибасига эга Елена Сабилова ҳозирги кунда “Навоий ҲЭТК” АЖ бешинчи подстанциясида техник хизмат кўрсатиш бўйича электромонтёр бўлиб ишлаб келмоқда. Қаҳрамонимиз меҳнат фаолияти давомида эркак ҳамкасбларидан қолишмаган ҳолда, улар билан бир қаторда фавқулодда электр токи ўчган жойларни бартараф этиш ва соҳадаги тегишли ишларда фаол қатнашиб, истеъмолчилар “чироғ”ини ёқиб келмоқда.
– Россиянинг Конаково шаҳридаги энергетика техникумини битирганман, – деди Елена Сабилова.
– Бизнинг ишда масъулият, эътибор ва касбини севиш жуда муҳим. Ишимизда фавқулодда вазиятлар унчалик кўп бўлмасада, бироқ об-ҳаво туфайли баъзи ҳолатлар юз берганда тезкорлик билан ҳаракат қилиш тақозо этилади. Касбимни севаман, ҳеч қачон бу соҳани танлаганимга афсусланмаганман. Подстанция ёки электр ускуналар ёнида ўзимни эркин ҳис қиламан. Корхонамизда барча ҳамкасбларим доим мени қўллаб-қувватлашади. Оила аъзоларим ҳам бу фаолиятимга ҳеч қачон қарши бўлмаган, касбимни хурмат қилишади.
Албатта, қаҳрамонимизнинг шарафли фаолиятидан ҳам маълумки, қизиқиш, интилиш бўлса, ҳар қандай хавфли касб ҳам жинс танламас экан. Биз қаҳрамонларни доим олислардан, оламшумул воқеликлар ортидан излашга ўрганиб қолганмиз. Аммо орамизда ҳалол меҳнати билан юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Елена Сабилова каби фидойилар ҳам борки, уларнинг камтарона фаолияти, ҳаёти барчамизга ибратдир

