|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Кўзи ожизлар учу “АҚЛЛИ ҲАССА”

Муҳим хабарлар

Сурхондарёлик ака-ука Машҳурбек ва Абдумалик Қаршиевлар ҳамда уларнинг синглиси Муҳаррам оддий ҳассани инновацион “ақлли ҳасса”га айлантирадиган ноёб қурилма яратдилар. Бу кўриш қобилияти бўйича ногиронлиги бўлган инсонларга кўпроқ мустақил ҳаракатланиш ва жамият ҳаётида ижтимоий фаол бўлишга ёрдам беради. Инновацион қурилмани яратиш ғояси Қаршиевларда ўз ҳудудларида кўришда ногиронлиги бўлган
одамларга ёрдам бериш истагидан пайдо бўлди.

Термизлик иқтидорли ёшлар UNICEF амалга ошираётган UPSHIFT дастури доирасида ўз жамоасини туздилар. Дастур Ўз-бекистон ёшлари учун тадбиркорликда янги ечимларини таклиф қилиш орқали ўз жами-ятларидаги муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечимини топиш учун ажойиб имкониятдир. Мазкур дастур аҳолининг заиф қатламлари яшайдиган ҳудудларда жуда муҳимдир. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Европа Иттифоқи ва “Истиқболли авлод” Республика ижтимоий-ахборот маркази томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур ёшларга ўз жамиятидаги муаммоларни аниқлаш ва улар учун ечимларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган кўникма ҳамда ресурсларни тақдим этади. Термиз шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев
лойиҳа билан яқиндан танишди. Кўзи ожизлар учун “ақлли ҳасса” яратган ёш инноваторларни ИҲМА Сурхондарё вилоят бошқармаси қўллаб-қувватлашини билдириб, келгусида ҳамкорликда ишлашларини таъкидлади.

Машҳурбек доимо янгиликлар, тадқиқотлар қилишга қизиққан. “Ақлли ҳасса” ғояси эса бошқаларга ёрдам беришда унга ўз маҳоратини қўллаш имкониятини берди. “Ақлли ҳасса” технологияси кўриш бўйича ногиронлиги бўлган одамларнинг мустақил ҳаракат қилиш имкониятини оширишга, уларнинг жамиятда фаол бўлишларига қаратилган. У овозли ёрдамчи, акселерометр ва компас ҳамда доимий янгиланиб турадиган функцияларни ўз ичига олади.

– Электрон ҳасса учун турли сенсорлар, хусусан, тўсиқларни аниқлаш учун ультратовушли сенсорлардан фойдаландик, – деди Абдумалик.

– Шунингдек, бу қурилма қоронғуда ўз ёруғлиги орқали бошқаларга фойдаланувчини кўришга ёрдам беради. Ўзига хос мазкур инновацион ҳасса 1-2 метр масофадаги тўсиқларни билиш учун ультратовушли масофани аниқлаш технологиясидан фойдаланади. Бу эса фойдаланувчини тебраниш ва товуш орқали огоҳлантиради. JPS функцияси фойдаланувчининг қаерда эканлигини аниқлайди ва у йўқолиб қолган тақдирда ақлли ҳассани кузатиш имконини беради. Ҳасса устидаги рефлекторлар ёрдам кераклиги ҳақида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини огоҳлантиради.

– Ҳар бир инсон бошқалар билан тенг муносабатга лойиқдир, – деди Муҳаррам.

– Дискриминацияни одамлар ўзлари юзага келтирадилар. Келинг, жамиятимизда ҳаммага нисбатан адолатли муносабатда бўлиш учун биргаликда ҳаракат қилайлик.

Абдумалик ўз режалари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:                                    – Ўзбекистонда ёшларга ишонч билдирилиб, имкониятлар яратилса, уларнинг салоҳияти чегара билмайди. Биз бошқаларни илҳомлантириш ҳамда барча учун яхши келажак йўлида ўзгаришлар ташаббускори бўлишга ҳаракат қилдик. Ақлли ҳасса кўриш қобилиятида муаммоси бўлган одамлар ҳаётида ҳақиқий ўзгариш яратиб, уларда ҳаракатчанлик, мустақиллик, ишонч ва қадр-қиммат туйғусини оширишга ёрдам беради.

 

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img