Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини
электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш долзарб
вазифалардан биридир. Шунинг учун Президентимиз бу
йўналишдаги ишлар ҳақида тўхталар экан, гидро электр
станцияларни кўпайтириш муаммога ечим топишда
катта аҳамият касб этишини таъкидлаган эди. Бинобарин,
кичик ГЭСлар қуриш, яъни, оқаётган сувдан энергия олиш
табиатнинг инъоми бўлибгина қолмасдан, бундай қувват
қайта тикланиши, экологик тоза ва арзонлиги, атроф-муҳит ландшафти, мусаффолигини бузмаслиги билан
ҳам аҳамиятлидир. Айни пайтда жойларда бошланган
ташаббус ўз натижасини бериб, электрга бўлган
эҳтиёжимизни қоплашда муҳим манба бўлиб хизмат
қилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Шовдор ва Дарғом каналлари устида
барпо этилаётган ГЭСлар фаолияти фикримизнинг яққол исботидир.
– Кичик дарё ва каналлар электр ҳосил қилишда ўзига хос манба ролини ўтаб, муқобил энергияни ривожлантиришнинг энг самарали йўналишига айланганлиги рост, – деди “Самарқанд ГЭСлар каскади” унитар корхонаси директори Бахтиёр Пирмуҳаммедов.
– Чунки бундай иншоотлар асосан минг киловаттгача қувват берадиган гидро қурилма бўлиб, у трубина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератор орқали сув оқимининг босими туфайли ишлаб, арзон энергия ишлаб чиқаради. Биз бу имкониятдан самарали фойдаланиб, ҳудудда қатор ГЭСлар қуряпмиз ва мавжудларини “ақлли” технологияга ўтказиб, модернизация қиляпмиз. Айни пайтда Хитойнинг “TBEA Co Ltd” компанияси билан ҳамкорликда “Тўпаланг холдинг” МЧЖ ишчи-хизматчилари ёрдамида Навзандак қишлоғида қад ростлаган “Шовдор-1”, “Шовдор-2” ГЭСлари аллақачон ўз фаолиятини бош-лаган бўлса, Галаботирда Россиянинг “Силовые машины” АЖ мутахассислари бунёд этаётган ГЭСда сўнгги юмушлар поёнига етмоқда. Бунда бизга “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан тасдиқланган дастурлар ва “Гидролойиҳа” мутахассислари тайёрлаган лойиҳалар асқатмоқда. Муҳими шундаки, вилоятда бешта ихчам гидроиншоот ишга тушгандан буён минглаб аҳоли хонадони узлуксиз энергия билан таъминлангани катта ютуқ бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин 5-6 йил ичида вилоятда электр энергияси истеъмоли ҳозиргидан икки баравар кўпайиши кутилмоқда. Буни олдиндан англаб етган раҳбарлар бошқа янги ГЭСлар, қуёш ва шамол электр станцияларни ишга тушириш режаларини белгилашаётгани гидро-энергетиклар зиммасига ҳам катта ва-зифаларни юкламоқда. Дарғомда эса бунинг учун имкониятлар етарли бўлиб, истиқболда уларни янада кенгайтириш мўлжалланяпти. Соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ютуқларга кенг йўл очиши шубҳасиз. Янги лойиҳалар бўйича олиб борилаётган келишувлар доирасида бу ерда бунёдкорлик ишлари давом эттирилиши таҳсинга сазовор.
– Бугун республикамизда яшил энер-гетикани ривожлантиришга аҳамият кучайган бир пайтда биз аввалдан фаолият кўрсатган станцияларимизни ҳам замон талабига мослаштириш, илғор технологиялар асосида ишлашини таъминлашга жиддий аҳамият қаратяпмиз, – деди унитар корхона ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Шаҳзод Ўлмасов.
– Шу мақсадда, ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган Хишрав ГЭСида йирик модернизация юмушлари амалга оширилиб, қуввати 26,6 МВтга етказилди. 2023 йилдаги режа 122 фоизга бажарилгани ҳам янгиланиш шарофатидир. Инвестиция дастурига мувофиқ, янгиланиш жараёни хитойлик ҳамкасблар томонидан бажарилиб, у тўла замонавий қиёфа касб этди. Натижада Самарқанддаги мавжуд 8 та ГЭСнинг барчаси шу ердан бошқариш тизимига ўтказилди. Бунда бизнинг ёш мутахассислар ҳам фаол қатнашиб, ўз малака ва тажрибаларини оширгани диққатга молик. Самарқанддаги ГЭСлар фаолияти ҳақида сўз юритганда, тармоқдаги янги ўзгаришларни айтмаслик мумкин эмас. Гап шундаки, бугунги кунда ҳукуматимиз ташаббуси билан жойларда хусусий гидроқурилмалар яратишга ҳам рухсат берилмоқда. Мисол учун, Тайлоқ туманида 500 киловатгача бўлган 3 та, Дарғом каналининг Ургут туманидан оқиб ўтувчи қисмида 6 та микро ГЭС қуриш учун лойиҳалар тайёрланди. Шунингдек, Жомбой туманида 2 та, Булунғурда 3 та ва Миёнқол-Хатирчи каналининг Иштихон туманидаги қисмида 2 та митти иншоот қурилиши режалаштирилаётгани тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Буларни иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали тармоқларни ёқилғи энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтириш йўлидаги сай-ҳаракатлар, дейиш мумкин. Хуллас, бу борадаги ишлар кўлами кенгайиб бормоқда.

