Яқинда пойтахтимизда яшил қурилиш бўйича ўтказилган форумда Халқаро молия корпорацияси масъулларидан бири ўз тақдимотида бутун дунёда ҳаво ифлосланишининг 40 фоиз улуши айни қурилиш жараёнларига тўғри келишини таъкидлаб ўтганди. Атроф-муҳитга етадиган мазкур зарарни камайтириш учун яшил қурилиш стандартларини амалга татбиқ этиш лозим. Яшил қурилиш, энергия самарадорлик ва соҳага оид бошқа мавзуларда халқаро эксперт Темур АҲМЕДОВ билан мухбиримиз Муродбек ҲАЙДАРОВ суҳбатлашди.
Маълумот ўрнида, Темур АҲМЕДОВ – энергия самарадорлик, қайта тикланувчи энергия, яшил қурилиш соҳаси бўйича 20 йиллик тажрибага эга мутахассис. У мазкур соҳада 14 йил давомида АҚШда фаолият юритган ва 2019 йилдан буён Ўзбекистонда ишлаб келмоқда. Ҳозирда Янги Тошкент дирекциясида яшил қурилиш ва энергия самарадорлик стандартлари бўйича маслаҳатчи ҳамда Тошкент шаҳридаги Аджу университетида ўқитувчи бўлиб ишламоқда.

– Яшил қурилиш қандай бўлади ва бу турдаги қурилишлар Ўзбекистонда ҳам борми?
– Яшил қурилишга бир тизим сифатида қараш керак. Яъни, бунда қаерда бино қурилади, қандай қурилади, қандай материаллардан фойдаланилади, ким қуради, қурувчиларнинг яшаш ҳолати, қурилиш жараёнида атроф-муҳитга зарар етиши каби жиҳатлар эътиборга олинади. Шунингдек, қурилиш давомида ишчиларнинг хавфсизлиги, қурилиш чиқиндиларини саралаш ва бино фойдаланишга топширилгач, қанча энергия, сув сарфланиши, одамлар учун қулайлиги, ҳаво сифатига аҳамият берилади.
Тарихга қарасак, бир пайтлар одамлар мавжуд қурилиш материалларидан фойдаланиб бинолар барпо этишган. Масалан, пахса, синч ва хом ғиштдан қурилган уйлар бўлган. Бу пассив самарадорлик дейилади, яъни бино шундай қурилганки, ёзда салқин, қишда иссиқликни сақлаб туриши керак бўлган. Бунда, кун давомида қуёш нурларининг уйга қандай тушиши ҳам инобатга олинган. Бундан ташқари, уйнинг ёнидан оқиб ўтувчи ариқ ва ишком ҳовлининг ёзда салқин бўлишини таъминлаган. Неча юз йиллар давомида тажрибалар асосида одамлар тўғри қуришни ўрганиб боришган. Уларни ҳам яшил бинолар, дейиш мумкин. Чунки уларда яшил қурилишнинг кўплаб жиҳатлари мавжуд. Ўша услубларни ўрганиб, янги технология қўшиб, яшил бинолар қурса бўлади. Тўғри, пахсадан 20 қаватли уй қурилмайди, лекин қурилиш фалсафасини ўрганиб, янгича усулда бино тиклаш мумкин. Афсуски, ҳозирда бизда яшил бинолар саноқлигина.
– Янги Тошкентни ҳам “Яшил шаҳар” дейишимиз мумкинми?
– Мақсад шундай. Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи 6 минг гектар майдонда амалга ошириляпти. Инфратизимнинг биринчи қадами – яшил ҳудудлар ва анҳорларни ўз ичига олади. Йўллар, бинолар кейинги босқичда бўлади. Чунки шаҳарнинг атроф-муҳитга, аҳолига зарари тегмаслиги учун биринчи навбатда экотизим, сўнгра транспорт тизими, бинолар, коммунал ва ҳоказолар қилинади. Янги Тошкент лойиҳасида яшил ҳудудлар бир-бирига уланиб кетган. Ҳозирги Тошкентда хиёбонлар худди кичкина-кичкина оролчалардай яккаланиб қолган. Экотизимга фақат дарахтлар эмас, қушлар, ҳашаротлар ва бошқа ҳайвонлар ҳам киради. Булар ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Тегишли ташкилотлар билан биргаликда Янги Тошкент шаҳрига экиладиган ўзимизда ўсадиган, иқлимимизга мос 170 тур дарахтнинг рўйхатини қилдик.
Саволга келадиган бўлсак, агар мана шу дарахтлар экилса, яшил қурилиш стандартларига амал қилинса, албатта, яшил шаҳар бўлади. Шаҳар қуриш – бу бир неча авлоднинг иши. Шаҳар ҳам бир организмга ўхшайди, у яшаши, ривожланиши, унда ҳаёт бўлиши керак. Жараёнлар қайнаб турмаса, шаҳар секин-секин ўлади. Дунё тарихида бундай шаҳарлар бор.
– Сизнингча, соҳа мутасаддиларини яшил қурилишга қандай тарғиб қилиш мумкин?
– Қурилиш – иқтисодиётимизнинг драйверларидан бири. Шунинг учун бу соҳанинг соғлиғига эътибор бериш керак. Бунинг учун қурилиш ташкилотлари ривожланиши керак, бу эса уларнинг даромад кўришига боғлиқ. Чунки тадбиркор даромад кўриш учун ишлайди. Юқорида айтганимдек, давлатнинг бу ердаги вазифаси худди спортдаги каби қоидаларни тартибга солишдир. Масалан, футболда аниқ қоидалар, ҳакамлар бор. Ўйинчилар тартибга амал қилиб ўйнаса, ҳаммаси яхши бўлади. Қурилиш соҳаси ҳам худди шундай. Давлат – бу назоратчи. Биринчидан, қоидаларни ишлаб чиқади, кейин ўша бўйича назорат олиб боради. Хориж мамлакатларидаги жараёнлардан ҳам кўришимиз мумкинки, тадбиркорлар ҳар қандай ҳолатда ҳам бир иложини топишга ҳаракат қилишади. Тўғри, ишлаш қанча осон бўлса, кўпроқ тадбиркорлар соҳага киради. Лекин қоида аниқ бўлса, тадбиркор шу тартиб бўйича ишласа, қанча харажат қилиши ва даромад кўришини ҳисоблаб чиқади. Даромад миқдори етарлича бўлса, у ишни бошлайди.
Туркияда зилзила оқибатида қанча бино бузилиб кетди. Кейин аэропортлардан четга чиқиб кетишга уринаётган қурувчи тадбиркорларни, муҳандисларни, архитекторларни ушлаб юришди. Бинонинг сифатсиз қурилиши инсонлар ҳаётини хавфга қўяди. Қатъий нормалар жорий қилинса, уларга амал қилолмайдиганлар бошқа соҳага ўтади. Ҳозир ҳамма қурилиш билан шуғулланяпти. Бундай бўлиши керак эмас. Тажриба керак, мутахассисларни ишга ёллаш, жорий стандартлар бўйича ишни ташкил қилиш, кам қурилиш компаниялари бўлса ҳам, сифатли ишлайдиганлари қолиши керак. Шунда янги компания очмоқчи бўлганлар қандай ишлаш кераклигини билишади. Халқаро стандартларни жорий қилиш бизнинг қурилиш компанияларига ҳам жиддий ёрдам беради. Улар фақат Ўзбекистондаги қурилишлар билан чекланиб қолмай, чет элдаги қурилишларда ҳам иштирок этишса мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун эса тажриба ва сифатли ишлашни билиш лозим. Яъни, ўзимизнинг мамлакатда халқаро стандартлар бўйича бино қуролса, хорижда ҳам бемалол ишлай олади.
– Тошкент ва бошқа шаҳарларни ҳам яшил шаҳарга айлантириш мумкинми ёки янгитдан қуриш керакми?
– Ўзи яшил қурилиш соҳасида “энг яшил бино – мавжуд бино” экани айтилади. Янги бино қуриш учун материаллар, энергия сарфланади ва қайсидир бўш жойга қурилади. Мавжуд бинога эса материал, энергия сарфланган ва синовдан ўтган бўлади. Баъзи бир бинолардан 400-500 йиллаб фойдаланилади. Масалан, бизда ҳам узоқ йиллардан буён фойдаланилаётган қадимий бинолар бор. Уларни яшил бинолар деса бўлади. Чунки уларга бир марта сарфланган материал, энергия ва бошқа ресурслар неча юз йиллар давомида ишлатиляпти. Мен ҳам фаолиятимнинг асосий қисмида мавжуд бинолар билан ишлаганман. Уларни ўрганиб, яшил бино қуриш мумкин.
– Ўзбекистонда яшил энергияга бўлган муносабат қандай ва бу борада қандай ишлар амалга оширилиши керак, деб ўйлайсиз?
– Бизда яшил энергетика жуда тез ривожланиб кетди. Сўнгги бир неча йил давомида 2 гигаватт қуёш панеллари ўрнатилди ва яна 1 гигаватт шамол энергетик қурилмалари ўрнатилиши режалаштирилган. Бу катта натижа, лекин бизга бу ҳали етарли эмас, менимча. Адашмасам, режа бўйича 8 гигаватт қуёш энергияси ва 5 гигаватт шамол энергияси қурилмалари ўрнатилиши кўзда тутилган. Чунки иқтисодиётимиз тез ўсяпти, қолаверса, аҳоли сони ҳам ошиб бормоқда. Энергия етказиб бериш учун қайта тикланувчи энергия – энг қулай восита. Айтайлик, қуёш панелни ўрнатиш учун сизга кўп вақт ва жуда катта маблағ керак бўлмайди. Лекин баъзи жойларда ишламайдиган қуёш панелларини қўйиш ҳолатлари ҳам учрайди. Ҳозирда бу борада текшириш олиб борадиган лабораториялар йўқ. Айтайлик, кириб келаётган панелларнинг сифатини текшира олмаймиз. Бу эса бутун тармоққа таъсир қилади. Сабаби, электрнинг ҳам сифати бўлиши керак. Биноларнинг том қисмига қуёш панели ўрнатиш яхши, чунки кам харажат талаб қилади. Шунингдек, бу бўйича катта фирмалар ҳам фаолият олиб бориши керак.
– Энергия самарадорликка эришиш учун қурилиш жараёнида нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Биринчи ўринда, амалдаги норма ва қоидалар бўйича ишлаш керак. Шунингдек, бино халқаро стандартлар асосида қурилса, бу ҳам энергия самарадорликка эришишга ёрдам беради. Ўша стандартларда барчасига ечим бор, яъни бинонинг қайси томонига кўпроқ ойна қўйилиши вкаби жиҳатлар келтирилган. Шу йўсинда иш олиб борилса, мавжуд бинолар ва янги қурилаётганларида ҳам самарадорликка эришиш мумкин.
– Мамлакатимизнинг қурилиш соҳаси бўйича амалдаги стандартлари ҳақида қандай фикрдасиз?
– Баъзи бир стандартларимиз СССР давридан қолган. Уларни ёмон демоқчи эмасман. Шунчаки ҳозир янги материаллар, технологиялар, қурилиш услублари яратилди. Шу сабабли, уларни ҳам янгилаш керак. Масалан, АҚШ қурилиш стандартлари ҳар бир штатдаги иқлими, жойлашуви, иқтисодий масқадларига кўра ўзига хос тарзда бир-биридан фарқ қилади. Уларда қурилиш ва бинонинг энергетик тизимига тегишли алоҳида стандарт бўлади. Бизда ҳозир иккаласи битта. Бу ҳам ёмон эмас. Лекин энергия ва сув муҳим бўлгани учун, балки, буларни алоҳида битта стандарт қилиш керакдир. Ўшанда уларнинг муҳимлиги ва назорат қилиш тизими аниқ бўлади, менимча.
– Келгусида маъмурият бинолари Янги Тошкентга кўчирилиши айтилмоқда. Аммо ҳаммамизга маълумки, ҳозирги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси, инфратузилмалар ва яна кўплаб чуқур илдиз отган муаммолар мавжуд. Янги шаҳар қурилгач, эскиси эътибордан четда қолмасмикан?
– Янги Тошкент 2,5 миллион аҳолига мўлжалланяпти. Буни қўшимча аҳоли пункти, десак бўлади. Янги Тошкент ҳозиргиси билан боғлиқ, битта шаҳар бўлади. Қуриладиган бинолар лойиҳалаштирилаётганда шамолни тўсиб қўймаслиги ҳам инобатга олинган. Чунки Тошкентга тоғдан келаётган шамол ўтиши керак. Агар фақат баланд бинолар қурилса, улар шамолни тўсиб қўяди. Оқибатда эса ҳаво сифати ҳозиргидан ҳам ёмонлашади. Янги Тошкент қурилишида бу жиҳатларга эътибор қаратилган. Яна бир томони шундаки, Янги Тошкентдаги яшил зоналар, сифатли, энергия самарадор биноларни кўриб, аҳолида ҳам бу бўйича маданият шаклланади, деган умиддамиз. Балки қурувчилар, муҳандислар, архитекторлар ҳам бу ерда янги тажрибалар орттириб, кейинчалик шу тарзда, юқори сифатли бинолар қуришга киришишлари мумкин.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

