Энергия сарфини камайтириш, муқобил ёқилғига ўтиш,
ортиб бораётган экологик талабларга риоя қилган ҳолда
чиқиндиларни камайтириш орқали ишлаб чиқариш
самарадорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш ҳозирги
кунда республикамиз цемент саноатида ҳал қилиниши керак
бўлган асосий масалалардан ҳисобланади. Айни масалалар
ечимини излаш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари”
уюшмаси Германиянинг “KHD Humboldt Wedag” компанияси
билан ҳамкорликда техник семинар ўтказди.
– Мазкур компания цемент ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси бўлиб, сифатли маҳсулот кўламини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириб, тармоққа замонавий ускуналарни ўрнатиш ва ишлаб чиқариш линияларини ишга тушириш бўйича 160 йилдан ортиқ фаолият юритиб келади, – деди компаниянинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Нигора Каримова.
– Семинар сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва атроф-муҳитга корбонат ангидрид, азот оксидлари каби зарарли моддаларни камайтириш, энергия тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш орқали ёқилғи сарфини бир мунча камайтириш каби мавзуларга бағишланди. Янги технологик усулларни Ўзбекистонга олиб кириш юзасидан хорижлик мутахассислар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишди. Ўзбекистон бозорини ўрганган ҳолда, компания ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида жорий йил бошида Тошкентда ўз офисини очди ва ҳозирда хорижий инвестор сифатида маҳаллий ишлаб чиқариш тармоғига ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, “Қизилқумцемент” АЖда ҳозирда модернизация ишлари олиб борилмоқда. Бу орқали энергия самарадорликни ошириш ва ёқилғи сарфини камайтириш орқали сифатли цемент маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсад қилинган.
– Бугунги кунда мамлакатимизда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани сабабли асосий қурилиш материали ҳисобланган цементга бўлган эҳтиёж ортди, – деди Ўзбекистон ФА Умумий ноорганик кимё институти “Стром” илмий лабораторияси ва синов маркази мудири, техника фанлари доктори, профессор Фарруҳ Атабаев.
– “Тараққиёт стратегияси”да ҳам 2026 йилгача йилига 25 миллион тоннагача цемент маҳсулотини ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган. Биламиз, XXI аср чиқиндиларсиз аср. Шу сабабли ҳам энергиятежамкор технологияларни қўллаган ҳолда техноген чиқиндилардан фойдаланиб, цемент ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бунинг самарасида “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш мақсадлари мужассам. Айниқса, бу борада цемент ишлаб чиқариш стандартларини қайта кўриб чиқиш ҳам долзаб вазифа. Бугунги кундаги стандарт-ларда кўрсатилган хом ашёларнинг ярми мамлакатимиз ҳудудида йўқ. Яна ярмининг захираси жуда кам ва яна бошқаларининг гидравлик фаоллиги кўрсатилган стандартларга мос келмайди. Шу сабабли ҳам “СТРОМ” лабораториясида бугунги кунда 90198 стандарти қайта кўрилиб, у Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига тақдим этилган. Ушбу стандартда юртимиз ҳудудидаги барча хом-ашёларнинг гидравлик ҳолати даражаси ўрганилган ҳолда, цемент ишлаб чиқаришга татбиқ этиш кўзда тутилган. Ўйлайманки, ушбу стандарт маъқулланиб, ҳаётга татбиқ этилади. Семинарда ҳам айнан турли замонавий ёндошувлар асосида
тармоқни ривожлантириш ва бу борада янги технологиялар, эҳтиёт қисмларни татбиқ этиш, умуман юртимиз цемент саноатини Европа стандартларига уйғунлаштириш масалалари борасида фикр ва тажриба алмашдик.

