|

|

2026 йил 23 Май, Шанба
spot_img

Қашқадарёда бир қурилиш корхонаси бор…

Муҳим хабарлар

Ислом Ибодулла
Ислом Ибодулла
"2015-2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультетида таҳсил олган. 2020 йилда Туркия республикасининг Bandırma Ön yedi eylül üniversitesi таркибидаги касб-ҳунар таълимига ихтисослашган ўқув курси тингловчиси. 2021 йилдан эътиборан “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири."

Ҳа, Қашқадарёда қурилиш корхоналари бисёр, аммо бу корхонанинг ўрни бўлакча. Ҳақиқатан ҳам, “DASHT QURILISH TA’MIRLASH FAYZ” хусусий корхонаси вилоятнинг кўзга кўринган корхоналаридан бири. У 2010 йил таъсис этилган бўлиб, шу кунга қадар кўплаб қурилиш ишларига муаллифлик қилди. Корхона таъсисчиси Қаҳҳор Отамуродов кўп йиллик тажрибаси ортида ўзига хос жамоани шакллантира олди. Корхона ҳозирги кунда вилоятда қурилиш-архитектура соҳасининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Қаршининг иссиғи бир ёнга-ю шаҳардаги қурилишларнинг тадрижи бир ёнга экан. Шаҳарнинг кенг кўчалари бўйлаб юрар экансиз, асосан яқин йиллар ичида қуриб, битказилган янги биноларга ростланасиз. Бу эътиборимни тортиб, ёнимда бораётган “DASHT QURILISH TA’MIRLASH FAYZ” корхонаси вакилини сўроққа тутдим.

– Бу мактаб ҳам янги қурилган экан-а?

Корхона вакили кулимсиради.

– Бу Қарши шаҳрига қарашли 41-мактаб биноси, – деди мактабга ишора қилиб. –Тўғриси, шу мактаб ҳам бизнинг корхона томонидан қуриб битказилган.

Корхона ижтимоий объектлар қурилишларида бир қанча объектларнинг реконструкциясида бирламчи вазифани бажарди. Ўнлаб мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари бинолари, турар жойлар бу жараёнларнинг натижасидир.

Албатта, Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир. Бу воҳа ўзининг ноёб табиий бойликлари, улкан саноат салоҳияти билан юртимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани эл-юртимизга яхши маълум. Қашқадарёдаги қурилишларнинг ўтмиши узоққа бориб тақалади. Бу заминда бир замонлар бутун дунёнинг кўзини қувонтира оладиган даражадаги бино-иншоотлар қурилиши давом эттирилган. Бунга энг чиройли мисол, албатта, бир замонлар Амир Темур ҳузурига ташриф буюрган испан элчиси Клавихонинг шу ибораси бўлган эса не ажаб: “Парижнинг энг нозик дидли зодагонлари ҳам Оқсаройни кўрганида ҳайратдан лол қолар эди”. Қизиғи ўтмиш бунёдкорликлари ҳавоси бугунга келиб Қашқадарёга қайтгандек. Ҳудудда қурилиш корхоналари юзлаб муаллифлик ишларининг устида фаолият олиб боришмоқда. “DASHT QURILISH TA’MIRLASH FAYZ” хусусий корхонаси ҳам ўтган 2021 йил ҳисобида 18 млрд сўм ҳажмдаги қурилиш ишларини бажарди. Жорий йилда бу кўрсаткични икки баробарга оширишни кўзда тутган корхона, айни дамда ҳам кўплаб реконструкция жараёнлари билан машғул бўлмоқда.

– Ҳозирги пайтда Касби туманининг Юксалиш массивида 330 ўринли мактаб биносини қуряпмиз, – деди Қаҳҳор Отамуродов. – Шунингдек, 12х24 ўлчамли спорт залининг қурилиши ҳам параллел олиб борилмоқда. Албатта, ижтимоий объектларнинг қурилишлари корхонадан юқори малакалиликни талаб этади. Бизнинг корхона жамоаси ҳам бу борада яхши кўрсаткичларга эга, деб ўйлайман. Фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимоясида муҳим ўрин тутиб келаётган субсидия маблағлари ҳисобидан Қашқадарё вилоя­тининг Муборак туманида 5 қаватдан иборат 1 йўлакли турар жойлар қурилишини ҳам давом эттирмоқдамиз. Мазкур қурилиш ишлари тендер савдолари орқали ютиб олинган бўлиб, келажакда 20 хонадондан иборат турар жой биноси аҳолимизнинг уй-жойга муҳтож қатлами учун тақдим этилади.

Шунингдек, ҳозирги кунда корхона томонидан Деҳқонобод туманида ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа жорий йил тўлиқ тугалланиши натижасида аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлиш бахтиги мушарраф бўлади.

“DASHT QURILISH TA’MIRLASH FAYZ” хусусий корхонасида 70 нафар ходим доимий иш билан таъминланган бўлиб, ўз ўрнида мавсумий 100 га яқин ёлланма ишчи фаолият олиб боради. Корхонанинг иш жараёнларида асосий ўринни эгаллаб келаётган автокранлар, кранлар ва юк ташишга ихтисослашган автоуловлар доимий қизғин иш жараёнида бўлиб келмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳудудидаги Нуристон массивида 5 қаватли 30 хонадондан иборат турар жой биноси корхона фаолияти давомида амалга оширган йирик ишларидан бири ҳисобланади. Ушбу лойиҳа “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси тарафидан молиялаштирилган бўлиб, мазкур турар жойлар халқимизга тақдим этилди.

Қарши шаҳрининг кечмиши қадимий Насаф манзилларидан ўтган. Шундай муборак ва қадим ўтмишга туташ шаҳарнинг бугуни ҳам янгиланишларга бой. Ушбу бойликка муносиб ҳисса қўшиб келаётган, келгусида яна кўплаб иншоотлар барпо этиб, минглаб юртдошларимизни нафақат уй-жой, балки иш билан ҳам таъминлашга ҳисса қўшишга аҳд қилган Қашқадарё вилоятидаги энг фаол қурилиш ташкилотларидан бири “DASHT QURILISH TA’MIRLASH FAYZ” хусусий корхонаси жамоасига касб байрами муборак бўлсин!

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img