Ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ҳамда бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш асосида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мамлакатимиз миқёсида бош шиорга айланди десак ўринли бўлади. Зеро одамлар рози бўлиши учун аввало турмуш шароитлари рисоладагидек бўлиши лозим. Бу борада чекка-чекка қишлоқларда аҳвол қандай? Бу саволга жавоб топиш ва ҳолатга бевосита гувоҳ бўлиш мақсадида Поп туманига йўл олдик.
Соат 11 дан кейин туман ҳокимлигига етиб бордик. Озод маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Мавлуда Тўраева ҳамроҳлигида иш қизғин кетаётган Нуробод маҳалласи томон йўл олдик. Биринчи дуч келганимиз – коммунал хизматлар ва йўл қурилишига қарашли худди поезд каби қаторасига терилган юк ташувчи транспортлар эътиборимизни тортди. Бу ерда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, сектор раҳбарлари, маҳалла бешлиги ҳаммаси жамулжам. Нарироқда ишчи-ходимлар газ тармоғи қувурларини бўяшмоқда. Холислик нуқтаи назаридан алоҳида таъкидлашимиз жоизки, “Нуробод” МФЙга қандай келиб қолганимиз ҳақидаги тафсилотларни юқорида баён қилдик. Яъни, аввалдан борар манзил кимдир томонидан белгиланиб, тавсия қилингани йўқ. Хуллас, Нурободга келиб қолганимиз муайян маънода айни тасодифдир. Чунки шу куни мазкур маҳаллада кенг кўламли ишларнинг бошланаётганига қарамай, бу ерда биронта оммавий ахборот воситаситаси вакилларини учратмадик, на телевидениени ва на бошқасини. Билсак, асосий мақсад ҳам оммага овоза қилмай, амалий ишларни виждонан бажариш бўлган экан. Тўрақўрғон, Уйчи, Норин ва Поп туманларидаги “Обод қишлоқ” ва “Обод хонадон” дастурлари ҳаётга татбиқ этилиб, оғир ҳудудлар танлаб олинибди. Хўш, аслида обод қишлоқ ва обод хонадон қандай бўлиши керак? Фақатгина йўли равон ва ичимлик суви бор, гази ёниб, чироғи ўчмайдиган кўча ва уйми? Саволга “ҳа” деб жавоб берсак, у ҳолда бевосита соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалалар – соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш ва турмуш-рўзғорда риоя қилиниши шарт бўлган бошқа гигиеник маданиятлар ортиқча даҳмазами? Баъзи ўринларда кўрамизки, маиший
дабдабаларга керагидан ортиқ маблағ сарфлаб, оддий гигиеник қоидаларга беписандмиз. Пойгакларга аллақандай гулбетонлар “тўшалгани” ҳолда ҳаммом ва ҳожатхоналарга эътибор қаратилмайди. Ёки кафтдеккина бўлса-да ерини қаровсиз қолдириб, бепарво бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Ошкўк, укроп ёки бошқа дармондориларга бой ва фойдали ўсимликларни парваришлаб, янги узилганини овқатга қўшиб истеъмол қилишга нима етсин. Бунинг учун у қадар катта ер майдони ҳам, маблағ ҳам талаб қилинмайди. Бу борада ҳовлисидаги экин майдони кичик шароити йўқлар ҳатто, ёғочдан ясалган тўртбурчак тувакларда кўкатларни етиштиради. Томорқалар эса рўзғордаги даромаднинг кони эканиям сир эмас. Ана шундай саришталигу осойишталик фазилатлари ҳар бир хонадонга кириб бориб, устуворлик аҳамият касб этиши зарур! Халқимиз бежизга “Ҳаракатда баракат” демаган. Буларнинг ҳаммаси тарғибот-ташвиқот ишларига ва маҳаллалардаги бешликнинг ташаббускорлигига ҳамда масалага нечоғлиқ масъулият билан ёндашилаётганига боғлиқдир. Ўзаро ҳамжиҳату ҳамфикрликда ва “Маҳаллам – фахрим, хонадоним намунали” ғояси остида хайрли ишларга маҳкам бел боғланса, албатта, юрт обод ва кўнгиллар шод бўлади.


