Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 июнь кунги иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу соҳадаги янгиликларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Ана шу вазифалар ижросидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 28-29 июль кунлари “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан “Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва янги имкониятлар” республика кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги ҳамда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур кўргазмада қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш барча ишларда устувор тамойил этиб белгиланган. Одамларнинг яхши яшаши учун энг зарур манбалардан бири эса бу энергия. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида бу соҳадаги узилишлар анча камайди. Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча оғирлик электр тармоқларига тушмоқда. Бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир. Шу боисдан, қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.
– Ўзбекистон бозорида 8 йил аввал фаолият бошлаганмиз, – деди “Колор Нечерс” компаниясининг асосчиси Фарруҳ Асрорхўжаев. – Биз иш бошлаган вақтларда талаб у қадар юқори бўлмаган. Сабаби, аҳолининг электр энергиясини фақат давлат етказиб бериши керак деган нотўғри тушунча бор эди. Ҳозирги кунга келиб, иқлим ўзгариши электр энергияси етказиб бериш билан чамбарчас боғлиқ. Боиси, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ортида атмосферага углекислота газларининг чиқиши кузатилади. Биз қўллаётган технологиялар эса бу “яшил технология” бўлиб, у қуёш электр станциялари ва қуёш сув иситиш коллекторлари ҳисобланади. Ушбу технологияларни хонадонлар, турли ташкилот ва ишлаб чиқариш объектларига ўрнатиш мумкин. Президентимизнинг 2022 йил 10 июнь куни ўтказган видеоселектор йиғилишидан сўнг соҳага катта эътибор берила бошланди. Бу эса биз каби ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар учун катта имконият яратиши баробарида, яшил технологияларга ўтишда муҳим ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳар бир ташкилот ўз истеъмолининг 30 фоизини қуёш панеллари орқали қоплаши талаби қўйилмоқда.
– Ўзбекистонни бежизга қуёшли диёр деб аташмайди, – деди “МИР КОЛОР” МЧЖ бош директори, техника фанлари доктори Акром Мирзабоев. – Юртимизда йилнинг 300 кундан ортиғи қуёшлидир. Бу дегани 300 кун кундузи Ўзбекистоннинг электр энергиясини тўлиқ қоплаш мумкин. Бу борада Президентимизнинг видеоселектор йиғилиши соҳада жуда катта бурилиш ясади. Янги бозорлар яратилди. Қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, бугуннинг ўзида кўплаб шартномалар имзоладик. Тадбирнинг ўзига хослиги шундаки, истеъмолчилар ишлаб чиқарувчилар билан учрашиб мулоқот қилишди ва ўзи истаган технологияларни кўриб харид қилиш бўйича келишувлар имзолади.
– Президентимиз Қашқадарё вилоятининг “Чироқчи” эркин иқтисодий зонасида қайта тикланувчи электр манбаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш тўғрисида топшириқ берганди, – деди тадбиркор Элмурод Абдуллаев. – Корхонамиз ҳам ушбу масалага ўзини ҳиссасини қўшиш мақсадида ҳозирги кунда 2 гектар майдонни олиб, шундан бир гектар майдонда йилига бир миллион дона қуёш сув иситгичларини ва 1 гектар майдонда қўшимча тарзда йилига 100 мегаватт қуёш панелларини ишлаб чиқаришни режалаштирган. Корхонамиз ўтган йиллар давомида республикада 1 000 дан ортиқ объектларда қуёш станцияларини ўрнатди.
Мисоллар асосида фикримизни давом эттирсак, бир оила сув иситиш учун бир ойда ўртача 195 минг сўм харажат қилади. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш қурилмаси ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва фойдага қолади. Агар оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни, ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажатга ҳожат қолмайди. Яна бир қулай томони, одамлар бунинг учун бирон-бир идорага бориб юришмайди. Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал этиб берилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади. Давлатимиз раҳбари барча жараёнларни рақамлаштириб, ушбу янги тизимни 1 сентябрдан йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган эди. Вилоят ҳокимлари олдига жорий йилда “дафтарлар”га кирган камида 5 мингта оилани, келгуси йилда яна 10 мингтасини сув иситиш қурилмаси билан таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.
– Асосий вазифамиз тажрибамиз орқали “яшил” технологияларни жорий этиш самарадорлиги ва улардан манфаатли фойдаланиш мақсадида республикамизда яратилган имкониятларни кенг намойиш этишдан иборат, – деди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов. – Ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Мисол учун, ўтган йили энергия ресурсларига Сув хўжалиги вазирлиги 3 триллион сўм, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари 200 миллиард сўмдан бюджет маблағларини сарфлаган. Бу эса, ўз навбатида, барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини кўрсатмоқда.
Кўргазма якуний натижаларига кўра, қарийб 300 миллиард сўмга яқин келишувлар имзоланди, 60 та ОТМ томонидан 4 600 КВТ соат қуёш фото электр қурилмаларига буюртма берилди. Кўргазмада B2B форматда учрашувлар бўлиб ўтди, тузилган шартномалар тегишлича рўйхатдан ўтказилди.


