|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Қорақалпоғистон Республикаси: лойиҳалар самараси бугун ўз мевасини бермоқда

Муҳим хабарлар

Наргиза Мирёқубова
Наргиза Мирёқубова
"2011-2015 йилларда Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институтини тамомлаган. Юртимизда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳақидаги кўплаб мақолалари матбуотда чоп этилган. 2016 йилдан буён “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири.

Нукус Халқаро аэропорти. Мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди Қорақалпоғистон Республикаси остонаси ана шу ердан бошланади. Бугунги кунда бу ерда янги ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилиб, иқтисодий самарадорлик ортмоқда, энг муҳими, янги иш ўринлари яратилмоқда.

Даставвал, Нукус шаҳри инфратузилмаси ҳақида сўз юритмоқчимиз. Давлатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир чиқишида одамлар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан билиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлайди. Ушбу жиҳатлар Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда барпо этилаётган турар жойлар мисолида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Нукус шаҳрининг қоқ марказида янгитдан бунёд этилаётган Жеки терек массивида ишлар қизғин паллага кирган. Яқин келгусида ушбу жойда “Нукус Сити” қад ростлайди. Биринчи босқичда шаҳар ичидаги шаҳарда илк бор 5 та 16 қаватли турар жой бинолари барпо этилиши кўзда тутилган. Иккинчи босқичда эса уларнинг сони яна 5 тага ортади. Натижада кўплаб аҳоли янги хонадон эгасига айланади.

– Нукус шаҳрида янги турар жойлар кўпи билан 9 қаватдан иборат эди, – деди қурилиш корхонаси инженери Батирбай Седабуллаев. – Сўнгги йилларда Нукусда 16 қаватли аҳоли турар жойлари қурилиб битказилди. Ҳозирги вақтда 16 қаватли ҳар бир қаватида 5 хонадондан умумий 80 хонадондан иборат биринчи турар жойни топширдик. Бу хонадонда барча қулайлик ва шароитлар бор. Бинолар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қурилмоқда. Асоси темир бетон, сирти эса базальт билан қопланмоқда. Базальтнинг яхши хусусияти ёзнинг иссиқ кунларида хонадон ичи салқин, қишнинг совуқ кунларида эса илиқ бўлади. Шу билан бирга техника хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ, ҳар бир қаватда 2-қаватдан 16-қаватгача темир панжаралар ўрнатилмоқда. Шу қаторда юртимизда ёш кадрларни иш билан таъминлаш бўйича Нукус университетини битириб келган қурувчи-муҳандислар олган билимларини амалиётда синамоқда. Биз эса уларга ўз тавсияларимизни бериб йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқдамиз. Ҳозирги вақтда биринчи уйимизда қурилиш ишлари тўлиқ якунланган бўлиб, ички таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Кейингилари эса қурилиш жараёнида.

Умуман олганда, сўнгги ўтган 4-5 йил ичида Нукус шаҳри инфратузилмаси янгича қиёфага кирмоқда. Бу ерда амалга оширилаётган қурилиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларида аввало, бир мақсад – аҳоли учун муносиб шароит яратиш масаласи турибди.

Президентимизнинг саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ўрта ва йирик ишлаб чиқарувчилар олдига бир қатор муҳим вазифаларни қўйди. Бу борада банклар томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар эвазига импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кўпайтириш, хом ашёни маҳаллийлаштириш ишларини амалга оширишда қўл келмоқда. Буларнинг барчаси доимий иш ўринларининг сонини оширишда бирламчи восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Нукус шаҳрининг жанубий саноат зонасида жойлашган “Бунёдкор мерос” МЧЖга ажратилган 1 млрд 632 млн сўмлик маблағ хақиқатан корхона фаолиятини янада жонланишига туртки бўлди. Ҳозирда бу ерда йилига 4 минг куб метр, яъни, 2,5-3 млрд сўмлик темир-бетон қувурлар, плита ва ­бошқа шу каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Муҳими, корхонада 50 та доимий иш ўрни яратилган.

Қўнғирот туманидаги “Устюрт-содиум сульфат” корхонаси 2017 йили иш бошлаган. Бу ерда санитария-гигиеник буюмлар, тўқимачилик, шиша ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг фойдаланиладиган натрий-сульфат хом ашёси ишлаб чиқарилади.

– Корхонамиз 2017 йили 3,5 тонна натрий сульфат ишлаб чиқарди, – деди корхона раҳбари Баҳодир Холназаров. – Махсус техникалар, экскаватор, самосваллар сотиб олинди. 2020 йили 13 млн тонна сульфат-натрий ишлаб чиқариб, маҳсулотимизни хорижга экспорт қилишга ҳам эришдик. Хусусан, 2020 йили Тожикистон Республикаси билан тузилган шартномага асосан 128 тонна маҳсулот етказиб бердик. Қозоғистон, Россия, Қирғизистон билан ана шундай ҳамкорлик шартномаларини тузганмиз. Келгусида биз натрий-сульфат билан бир қаторда калий-сульфат ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирганмиз.

Ҳозирда ҳудуднинг энг чекка эканини ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий аҳоли учун зарур бўлган маҳсулотларни Қорақалпоғистоннинг ўзида маҳаллийлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, Нукус шаҳрида 1 млн 275 минг доллар эвазига иш бошлаган йирик лойиҳа бир томондан темир, ёғоч эшик, ромларни четдан ёки қўшни вилоятлардан олиб келинишига чек қўйган бўлса, иккинчи томондан қарийб 300 нафар маҳаллий ёшларга доимий иш ўрни яратиш имконини берди.

Маълумки, Ўзбекистоннинг шимолий бурчаги Қорақалпоғистон экологик жиҳатдан оғир ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда тоза ичимлик суви ҳам долзарб масала. Ана шу масаланинг оз бўлса-да ечимини ҳал этиш мақсадида “Национал Хаус” МЧЖ раҳбари Мухтор Пирназаров хориждан замонавий технологик линия харид қилди. Ҳозирда корхонада доимий иш ўрнига эга бўлган 5 нафар ходим 250 метр ер қаъридан минералларга бой тоза ичимлик сувини тортиб олиб, 5 ва 10 литрли махсус идишларга қадоқламоқда. Ичимлик суви замонавий ускуналар ёрдамида 3 босқичда фильтр­ланади. Айни пайтда маҳсулотга ички бозорда талаб юқори.

– Корхонамиз 2016 йил август ойида ташкил этилган бўлиб, сувни 250 метр чуқурдан тортиб ол­япмиз. Айни вақтда корхонамизнинг ишлаб чиқариш қуввати кунига 10 тоннани ташкил этмоқда, – деди корхона раҳбари Мухтор Пирназаров. – Ҳозирги кунда асосан 5 ва 10 литрлик қадоқланган сув чиқараётган бўлсак, мақсадимиз – кейинчалик 1 ва 1,5 литрлик идишларда ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш. Бизнинг маҳсулотларга талаб юқори бўляпти, шу сабабли экспортни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Маҳсулотимизга Қозоғистон, Туркманис­тонда қизиқиш билдириляпти.

Тадбиркорлик субъектлари учун яратиб берилаётган бу каби имконият олис ҳудудларни ҳам қамраб олмоқда. Бунда асосан бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш ёки ҳеч нарса ­ўсмайдиган чўл ҳудудларини янги қиёфага келтириш масаласи устувор. Ҳудудда ҳаракатга келган мана шундай иқтисодий барқарорлик қорақалпоқ элига ижтимоий масалаларда ҳам ўз ўрнида ечим бўлмоқда. Нукус шаҳрида барпо этилган 180 ўринли “Kinder Land” нодавлат хусусий мактабгача таълим ташкилотининг ташкил этилиши шаҳар аҳолисини мамнун этди. Бу ерда яратилган имконият ва шароитлар Тошкентдаги бу каби масканлардан қолишмайди. Асосийси, жажжи болажонларга таълим-тарбия беришга чоғланган 20 нафар хотин-қиз ўз иш жойига эга бўлди.

– Мактабгача таълим ташкилотимиз 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлаб ижара биносида турар эдик, – ташкилот тарбиячиси Лариса Раманова. – Кейинчалик мана шу замонавий лойиҳадаги, барча қулайликларга эга бино қуриб фойдаланишга топширилди. Муассасамиз 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни қамраб олган. Тарбия жараёни кичик шаклдаги рус ва инглиз гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилади. Овқатланиш аутсор­синг тизимида. Таълим бериш давлат талаблари ва “Болажон” таянч дастури асосида инновацион шакл асосида йўлга қўйилган. Биз ишларимизни тизимли давом эттирган ҳолда ўтган йили умумий ўрта таълимнинг 1 синфини очдик. Мақсадимиз тарбияланувчиларнинг саломатлигини таъминлаш ва уларни мактаб таълимига тайёрлашдан иборат. Боғчамизда мактабгача таълимдан ташқари, умумий ўрта таълимнинг бошланғич синфлари йўлга қўйилган. Биз келгусида бу фаолият кўламини янада кенгайтириш ҳаракатидамиз ва яна энг яхши ўқитувчиларни фаолиятга жалб этиш ниятидамиз.

Аҳоли сонининг ўсиб бориши албатта, маиший сервис хизмат кўрсатишга бўлган талабни оширади. Бу борада тижорат банклари тадбиркорлар ва фуқароларга молиявий кўмакни яхшилаш мақсадида янги шохобчаларни ишга туширишмоқда. Мазкур лойиҳалар бир томондан қўшимча иш ўринлари ташкил этилишига, иккинчи томондан шаҳар инфратузилмасини замонавийлашувига сабаб бўляпти.

Мўйноқ – мамлакатимизнинг шимолий, энг олис ҳудуди. Пойтахт Тошкентдан қарийб 1 минг 333 километр олисда жойлашган. Ушбу гўша бугун бутун дунё ҳамжамиятини янги қиёфада қарши олмоқда. Бу ердаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қолаверса, катта бунёдкорлик ишлари замирида бир мақсад мужассам – у ҳам бўлса, фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, мўйноқликларнинг ҳаётига янгича мазмун олиб киришдан иборат. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб ўз иқтисодий салоҳиятини аста-секин йўқотиб, маълум вақт инқирозга юз тутган Мўйноқ шаҳрида бугун кўзни қувнатувчи ўзгаришлар бўлишига, тўғриси, кишининг ишонгиси келмас эди. Муҳими, айни пайтда ҳудудда иқтисодий қувватлар ҳаракатга келган. Маълумки, замонавий технологияларсиз чўл ҳудудларини ўзлаштириш ва у ердан юқори ҳосил олишни тасаввур этиш қийин. Ҳозирда халқаро молиявий ресурслар ҳисобидан Мўйноқ туманининг кам рентабелли ҳамда шўр босган майдонларига ишлов бериб, ердан тўлиқ фойдаланиш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилди.

Орол денгизи қуриши оқибатида унинг қолдиқ сувларида пайдо бўлган артмия частоталари балиқ чавоқларидан фойдаланишда ишлатиладиган бошқа омухталарга қараганда жуда унумдор ва самарали ҳисобланади. Ҳозирда Артмия частотасини овлаш ва қайта ишлаш тармоғини такомиллаштириш ҳамда ундан юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш, экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида туман ҳокимлиги қарори билан илгари Мўйноқ консерва заводига қарашли бўлган бино ва иншоотлар “Орол Артмия саноати” давлат корхонасига 0 қийматида берилди. Ҳозирда бу ерда катта ҳажмдаги реконструкция ишлари амалга оширилиб, иншоотлар ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатишга тайёр ҳолга келтирилди. Эътиборли томони, ушбу саноат зонаси кўплаб фойдали хом ашё ҳисоблангани боис айни пайтда Хитой, АҚШ, Россия, Эрон ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда. Мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди Қорақалпоғистонда бугун истиқболи бор лойиҳалар бисёр.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img