Булунғур туманидаги “Меъмор” хусусий корхонаси 1995 йилдан фаолият юритиб келади. Ўша пайтда қурувчилик соҳасида анчагина тажрибага эга бўлган, Самарқанд вилоятидаги қатор уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектларини қад ростлашида жонбозлик кўрсатган Мамаражаб Тўраев ана шу корхонани ташкил этган эди.
Таъсисчи атрофига тажрибали лойиҳачилар, мутахассисларни йиғиб, аҳолига якка тартибдаги уй-жойлар чизмаларини тайёрлаш, савдо, маданий-маиший иншоотларни тиклаш, уларнинг меъморий қиёфасига эътибор қаратиш, бунёдкорларга маслаҳатлар бериш билан шуғулланди. Кейинчалик талабдан келиб чиқиб бошқа йирик бинолар, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш ишларини олиб бориш каби вазифалар ҳам аҳил жамоа зиммасига юклатила бошланди.
– Ҳамма нарсанинг ўз вақти бўлар экан, – деди Мамаражаб аканинг ўғли, айни пайтда шу корхона раҳбари Улуғбек Тўраев. – 2015 йилда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тамомлаб, шаҳарда ишламоқчи бўлиб юргандим. Отамнинг тавсиясига биноан у кишининг ишларини давом эттира бошладим.
Ёш, меҳнатга чанқоқ Улуғбек отасининг тавсиясига амал қилиб, кам бўлмаяпти. Бугун унинг номи туманда эмас, Самарқанд вилоятида кўзга кўринган қурувчилар сафида тилга олинмоқда. Чунки тадбиркор ва ишбилармон йигит ҳамкасблари имконияти, кучига таяниб корхонани янада кенгайтириш, малакали мутахассислар билан тўлдириш, техника паркини янгилаш ва замонавий, механизмлар билан жамлаш каби ҳаракатларга қўл урди. 130 нафар ишчи-хизматчининг шароити, дам олиши, маоши билан қизиқди. Ғамхўрлик, оғизбирлик бор жойда муваффаққиятларга ҳам кенг йўл очилар экан. Ёнида Акбар Тўраев, Абдунаби Сулаймонов, Жаҳонгир Раҳмонов сингари яқин елкадош, ҳамфикр кишилар бўлгани учун юки ерда қолмаяпти. Бинобарин, бугунги кун ёшлари ҳар жабҳада фаол ва илғор, доимо олға интилиб яшайди. Давлатимиз раҳбари томонидан очиб берилган имконият эшикларидан унумли фойдаланиб ишонч қозониш улар шиорига айланган.
Айнан ишонч қозониш, раҳбарлар назарига тушиш туфайли “Меъмор” зиммасига йилдан йилга катта вазифалар юклатилмоқда. Корхона бунёдкорлари ўтган йилда инвестиция дастури бўйича Булунғур туманидаги учта мактабни мукаммал таъмирлаш, Ғўбдин массивида 20 хонадонли иккита беш қаватли уй-жойни тиклашга сафарбар этилди.
Жорий мавсумда эса улар Навбаҳор маҳалласидаги 51-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва спорт зали қуриш, Чўянтепа маҳалласидаги 14-мактабни мукаммал таъмирлаш ва 150 ўринли янги бино барпо этишга бош-қош. Етарли малака ва кўникма тўплаган, ишчи кучига эга жамоа учун бу юмушлар қийинчилик туғдирмаётир. Муҳими, зарур техника воситаларига эҳтиёж сезилмаётгани, асосий бинокорлик материалларини ўзлари ишлаб чиқараётгани жуда асқатмоқда.
– Вилоятда қурилиши режалаштираётган ижтимоий-маданий иншоотлар, мактаб, мактабгача таълим муассасаларига қурувчини танламаймиз, – деди вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси бош муҳандиси Суръат Қурбонов. – Уларга тендерда ғолиб чиққан пудратчилар эгалик қилишади. Баъзида объект янги ташкилот чекига тушганда “улар қанақа мутахассислар экан”, деб ўйлаб қоламан. Лекин Улуғбекка ўхшаган қурувчилардан кўнглимиз тўқ. Чунки унинг имконияти маълум. Қолаверса, мактаб бунёд этиш, уни таъмирлашнинг лойиҳада кўрсатилмаган ўзига яраша нозикликлари борки, уни ҳамма ҳам илғайвермайди. Шу боисдан баъзи ишларни соҳани чуқур биладиган, тажрибали кишиларга топширган маъқул. Улуғбек ёш, лекин малакали мутахассис, ҳар бир ишнинг белгиланган меъёр ва талаблар асосида бажарилишини назорат қила олишини ёқтираман.

