Лойиҳа ташкилотларининг меҳнатини шоир ва ёзувчиларнинг ижоди билан қиёсласа арзийди. Чунки уларнинг ҳар бир иши изланишлар, ўз соҳаси бўйича янгидан янги қирраларни кашф этишни тақозо қилади. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам айни пайтда 70 дан ортиқ лойиҳа ташкилотлари фаолият кўрсатаётган бўлса-да, улар орасида Пердабай Джаксимбаев раҳбарлик қилаётган “QQ GORSEL PROEKT” масъулияти чекланган жамияти жамоасининг туман ва шаҳарларни ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларини қарор топтиришда қўшаётган беминнат ҳиссаси алоҳида ўрин тутмоқда.
Эркин фаолият юритиб, эл-юртга наф келтиришни Пердабай кўп йиллар орзу қилиб яшади. Соҳага дахлдор мутахассисликни эгаллаб, Нукус шаҳридаги бир қанча ташкилотларда виждонан ишлади. Бироқ у даврларда инсон меҳнати ва қадр-қиммати эътибордан четда қолгани сабабли, вақти келганда, маошини ҳам вақтида ололмасдан рўзғор тебратиши анча қийинлашиб қолган кезлари Қозоғистон Республикасида ишлаб юрган ҳамкасбларидан бири уни ишга таклиф қилди. Шу туфайли у қўшни давлатда бир неча йил фаолият кўрсатишга мажбур бўлди. Меҳнат таътилларида Нукусга келганида вақти етиб, ўзи камол топган мана шу жойлар ҳам обод ва кўркам бўлишини орзу қиларди. Яхши ният қилган киши ҳамиша мақсадига эришиши мумкинлигини орадан йиллар ўтиб у дилдан ҳис қилди.
Халқимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга йўл очиб, имкон яратиб берган истиқлолдан руҳланган Пердабай ҳам бошқалар сингари шу Ватаннинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида Нукус шаҳридаги ташкилотларда ишлаб, оддий ходимдан бўлим бошлиғи даражасигача кўтарилди. Иш жараёнида у корхонани замон талабларига мослаштирмаса, келажакда фаолияти тўхташи ёки банкротга учраб қолишини англаб, фикрини тегишли ташкилотдаги раҳбарларга айтади ва бу жараёндан чиқиш учун нималар қилиш лозимлиги юзасидан режаларини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Корхона хусусийлаштирилса, ҳозирги ҳолатига қараганда жамият ривожи учун катта фойда келтиришини билган ва тадбиркорлик фаолиятига давлатимиз томонидан етарлича шароитлар яратилганидан келиб чиқиб, тегишли ташкилотдагиларнинг рухсати теккач масъулияти чекланган жамиятга айлантирилди. Иқтисодий аҳволи танг ҳолдаги корхонани оёққа турғазиш, ёшларни жамлаб, уларга касб сирларини ўргатиш ва зарур бўлганда қайта тайёрлаш Пердабай учун осон кечмади. Шундай пайтлар бўлдики, заруратда уйидаги боқиб юрган молларини ҳам сотиб, пулини корхонасининг ривожи учун сарфлади. Ҳар қандай ишга виждонан киришилса, йўллар очилиб, ишлар ҳам бароридан келаверишини ўтган йиллардаги саъй-ҳаракатининг самарасини бугун ўзи ва ишчи-ходимлари дилдан ҳис этишмоқда.
Мақола аввалида лойиҳа ижодкорлиги бўйича Қорақалпоғистон Республикасида танилган корхона, деб таъкидлаганимизга асос бор. Жамоа аҳлининг соҳадаги изланиш ва ижодлари намунаси Тахтакўпир тумани ҳамда Тахиатош шаҳридаги 2 та туғруқхона, эндокринология шифохоналарининг қайтадан замонавий реконструкцияси, Нукус шаҳрида қад ростлаётган Тест маркази, Чимбой туманида қурилаётган амфитеатр, Кегайли туманидаги туғруқхонанинг қайта реконструкцияси, Қонликўл туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактаби, шунингдек, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, шу тумандаги қишлоқ врачлик пунктини реконструкция қилиш орқали турар жой биносига мослаштириш сингари ишлар билан ҳудуддаги турдош корхоналар ва қурилиш ташкилотлари учун намунага айланди.
Пердабайнинг айтишича, лойиҳачи ўз устида қанча кўп изланиб, янгиликлар сари интилса, унинг қўлида сайқал топган чизмалар ҳеч қачон қоғозларда қолиб кетмайди. Шунинг учун ҳам корхона ташкил қилингандан буён жамоанинг бирорта ҳам ижоди эътибордан четда қолгани йўқ. Аксинча, барчаси учун талаб кун сайин ортяпти. Масалан, Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмлар учун тиббиёт пунктлари, хизмат бурчини ўтаётган аскарларга замонавий ётоқхона, шаҳар ҳудудидаги ҳарбий қисмлар учун мўлжалланган 19 та кўп қаватли уй-жойларнинг қайта реконструкцияси, назорат ўтиш биносининг талабга мос қурилиши, Қорақалпоғистон Республикасидаги туристик объектларни қайта таъмирлаш, бу каби қилинган ишлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Тўғриси, қисқа давр оралиғида бу сингари ютуқларга эришишнинг ўзи бўлмайди, барчасининг замирида ишлаб чиқариш ва меҳнатга муносабатнинг ўзгараётгани ҳамда юртни янада обод қилиш, кўркам ва замонавий биноларни бунёд этишга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиш каби улуғ ниятлар жамланган.
Иқтидорли лойиҳачи, жамоани ҳар куни бир янгилик сари бошлаётган Пердабайнинг амалга оширишни кўзлаган ишлари ҳам бир талай. Унинг режаларига кўра, Нукус шаҳри ва ҳудуддаги туман ҳамда шаҳарларнинг инфратузилмасини янада яхшилаш, уй-жойга муҳтожларнинг талабини қондиришда ўз лойиҳалари билан иштирок этиш ҳамда янги ишлаб чиқариш корхоналари қурилишида яхши лойиҳаларни тақдим қилиш. Шу кунларда мақсадга эришиш учун жамоадаги лойиҳа ижодкорлари тинмай изланишмоқда. Таъкидланганидек, нияти пок инсонлар ҳамиша мақсадига эришади.




