Қадим-қадимдан ота-боболаримиз сувнинг бебаҳо неъмат эканлигини таъкидлаб келишган. Сувни тежаш, уни ифлослантирмаслик ҳақида ёшларга кўп насиҳат қилишган. Қолаверса, сув, айниқса, ичимлик суви бутун дунё аҳолиси учун глобал муаммо ҳисобланади. Ўзбекистонда сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар нисбатан камроқ бўлса-да, бу бизнинг хотиржам бўлишимизга ва сувдан бемақсад фойдаланишимизга сабаб бўлмаслиги керак. Мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун мухбиримиз “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал МУРОДОВ билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги мавжуд вазият ҳақида маълумот берсангиз.
– Бугунги кунда дунёнинг 2,6 миллиард аҳолиси тоза ичимлик сувини истеъмол қилмайди. Бу рақамлар кун сайин, йил сайин ортиб боряпти ва бу глобал аҳмиятга эга. Мамлакатимизда ҳозирги кунда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,4 фоизни ташкил этади. Ўтган беш йилда биринчи марта тоза сув ичган аҳоли сони 8,5 миллионга яқинлашди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 1,5 миллиондан ортди. “Ўзсувтаъминот” АЖ бу каби ишларни амалга оширишдан тўхтагани йўқ. Хусусан, республикамизнинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоли ҳудудлари бор. Булар – Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах вилоятлари ва Орол бўйи ҳудудлари. У ерларда ҳам халқаро молия институтлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йирик лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Тараққиёт стратегиясидаги 2026 йилда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87-90 фоизга, канализация тармоғи билан қамраб олинганлик даражасини эса 35 фоизга етказиш режаси бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.
– Сўнгги олти йилда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63,9 фоиздан 74,4 фоизга кўтарилган. Бу натижага қандай эришиляпти? Яъни, бизда шунга яраша манбаа борми?
– 2019 йилда “Ўзсувтаъминот” АЖ алоҳида бир механизм сифатида шакллантирилди ва айнан ўша йилдан бошлаб ушбу йўналишга ажратиладиган маблағларнинг эгаси, ҳисоби бўлди. Айни 2019 йилдан бу соҳага аҳолининг бирламчи эҳтиёжи сифатида жиддий ва чуқур қараш бошланди. Бу борада халқаро молия институтлари томонидан, давлат дастурлари ва алоҳида лойиҳалар доирасида маблағлар ажратилди. Бунда халқаро институтлар маблағларининг қийматини юқори баҳолаш мумкин. Чунки хорижлик пулни шунчаки бериб қўймайди. Улар давлат томонидан соҳага қаратилаётган эътиборни, қилинаётган ишларни ва унинг истиқболларини таҳлил қилишади. Шундан кейингина пул ажратишади.
2022 йил “Ўзсувтаъминот” АЖ иккита халқаро сертификатга эга бўлди. Бу сертификатлар ҳам хорижликларнинг айнан Ўзбекистонга ва мазкур соҳага бўлган ишончни оширади. Бугунги кунда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида йирик лойиҳаларни амалга оширяпмиз Бунинг натижасида 2026 йилга келиб, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Маълумки, бизда ерости ва ерусти сув манбалари мавжуд. Ушбу сув манбалари чегарадош мамлакатлар тоғлари, адирликларидаги қор ва музларнинг эришидан ҳосил бўлади. Бу сувларнинг қарийб 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига йўналтирилади. 4-5 фоизи балиқчилик, саноат соҳаларига ва қолган 3-4 фоизигина ичимлик учун йўналтирилади. Мана шу ичимлик сувини асраб-авайлаб, маълум меъёрларга асосланиб ишлатсак ўринли бўларди. Шунда бу сувлар келажак авлодга тоза ва сифатли бўлиб етиб борарди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирда Ўзбекистонда ҳар бир одамга ўртача кунлик 100 литр сув сарфи тўғри келади. Исроил давлатида эса бу кўрсаткич 28 литрни ташкил этади.


