|

|

2026 йил 24 Апрель, Жума
spot_img

Юртига бошпана қурган инсондан янада бахтлироқ ким бордир, ахир!

Муҳим хабарлар

Пойтахтимиздаги Халқаро форумлар саройида Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда республикамизнинг барча вилоятларидан келган қурилиш соҳаси вакиллари иштирок этишди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Хусусан, юртбошимиз табригида “Сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан барпо этилаётган янги-янги турар жойлар, ишлаб чиқариш объектлари, йўл ва коммуникация тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон, файзли бўлишига хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, халқ манфаатини ўйлаб мустаҳкам ва кўркам иморатлар қуриш, равон йўл ва кўприклар бунёд этиш дунёдаги энг савобли ва хайрли ишлардан биридир” дея алоҳида таъкидлангани ҳам фидокор қурилиш соҳаси ходимларининг шарафли меҳнатига берилган энг одил баҳо бўлди, десак арзийди.
Зеро, бугун чор-атрофда жадаллик билан давом этаётган бунёдкорлик ишлари туфайли жонажон юртимиз ўзгача чирой очиб, замон билан тенгма-тенг одимламоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиздаги бири-биридан кўркам, айни дамда замонавий архитектура меъёрлари асосида қурилган ижтимоий-иқтисодий объектлар, маданий-маърифий масканларнинг ажиб қиёфаси, аҳоли уй-жойларининг орасталиги, шинамлиги ҳамда ҳар оиланинг муносиб шароитда яшаши учун барча қулайликка эгалиги ўтган қисқа даврда қурилиш соҳаси нақадар юксалганидан далолатдир.
Соҳа ходимларининг байрам тааассуротлари ҳамда юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдик.
Ботир ЗАКИРОВ, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири:
– Муҳтарам Юртбошимизнинг бизга йўллаган табрикларини тинглаб, унда билдирилган эзгу тилаклардан шу соҳанинг вакили сифатида мен ҳам жуда таъсирландим. Юртимизнинг янада обод бўлиб, шаҳару қишлоқларнинг кўркам манзилга айланаётгани замирида ўз касбининг фидойиси бўлган қурилиш соҳаси ходимларининг заҳматли меҳнати мужассамдир. Бугун жонажон Ватанимиз мисли кўрилмаган даражада жадаллик билан олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган. Республикамиз бўйича жами қурилиш ишларининг ҳажми 2022 йилда 131 трлн сўмга етиб, жорий йил биринчи ярим йиллигида 68 трлнни ташкил қилди. Шунинг ўзиёқ, қурилиш соҳаси юртимиз иқтисодиётининг муҳим драйверига айланганини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бизга катта масъулият юклайди. Азиз соҳамиз фидойилари, мана шу вазифани зиммангиздаги муқаддас бурч деб билиб, ўз ишингизга сидқидилдан ёндашаётганингиз алоҳида эътирофга сазовордир. Мен ҳам бутун умримни, бор куч-шижоатимни шу соҳага бағишлаганимдан фахрланаман!
Азимжон ҚУРБАНБАЕВ, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири:
– Азалдан бунёдкор халқнинг ворислари сифатида бугунги кунда ҳам шаҳару қишлоқларимизнинг замонавий архитектурасини ривожлантириш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириб келмоқдамиз. Бу жараёнга қорақалпоғистонлик бунёдкорлар, меъмору муҳандислар ҳам ўз меҳнати билан ҳисса қўшиб келяпти. Касб байрами муносабати билан ардоқланиш ҳар кимга ҳам ўзгача завқ бағишлаши шубҳасиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам юртимиздаги барча қурилиш соҳаси ходимларига муваффақият тилайман. Эл корига ярашдан, уларга қулай шароит яратишдан асло, чарчашмасин. Қорақалпоқистон Республикасида ҳам бугун кенг кўламда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида замонавий технологиялар ва услублардан, шаҳарсозлик нормалари ва меъёрларидан унумли фойдаланилмоқда. Жорий йилда жами 3000 дан ортиқ хонадонга эга 80 дан ошиқ кўп қаватли уйларни босқичма-босқич фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img