Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон бизнес сити” марказида “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси таҳририяти ходимлари билан қурилиш соҳаси вакилларининг ижодий учрашуви ўтказилди. Унда Тошкент вилоятида қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар, лойиҳа ва қурилиш-пудрат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Газета бош муҳаррири Дилшод Жалолов газетада бериб борилаётган долзарб мавзудаги мақолалар, қурилиш ва коммунал хўжалиги соҳасидаги янгиликлар, тизимга доир фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар ҳамда ШНҚларнинг мунтазам чоп этилаётгани ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берди.
– Ҳар бир ташкилотнинг оммавий ахборот воситаси билан доимий алоқа ўрнатиши бугуннинг талабидир, – деди тадбирда иштирок этган Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Элмурод Пўлатов. – Ўз ишини мукаммал бажаришни истаган мутахассис бугунги кун билан ҳамнафас яшаши, ўз соҳаси бўйича долзарб мавзулардан бохабар бўлиши, касбига оид ҳар қандай янгиликни тез ва осон олиши лозим. Бунда бизга соҳанинг ягона газетаси – “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси энг яқин кўмакчи. Севимли нашримиз қурилиш ва коммунал соҳадаги янгиликлар, норматив ҳужжатлар, қарору фармонлар матнлари билан танишиш учун ишончли манбаа сифатида ҳар бир қурилиш соҳаси вакили учун қадрлидир. Шунингдек, ижодий учрашув давомида иштрокчиларнинг газетамиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларига ҳам қулоқ тутдик.
– Газета билан танишиб, ўзимиз учун керакли кўпгина маълумотларга эга бўлдик, – деди “Тошкент ҲЭТК” АЖ техник муҳандиси Жасур Садиков. – Тўғрисини айтсам, газеталарда фақат таниқли инсонлар ҳақида ёзилади, деб ўйлар эканмиз. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида қурилиш ва коммунал соҳада фаолият юритиб келаётган ўзимиз каби ишчи-ходимлар ҳақида ёзилган мақолаларни кўриб, қувондик. Бизнинг жамоада ҳам йиллар давомида ҳалол меҳнат қилиб, ёшларга ўрнак бўлиб келаётган малакали ходимлар кўп. Келгусида таҳририят билан ҳамкорлик қилиб, ана шундай қаҳрамонларимиз ҳақидаги мақолаларни газета саҳифаларида ўқишни ният қилдик.
Учрашув сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга таҳририят ходимларидан жавоб олишди. Қолаверса, газетада чоп этилиши лозим бўлган мавзулар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Таҳририят ходимлари иштирокидаги ижодий учрашувнинг навбатдагиси Наманган вилоятида бўлиб ўтди. Наманган вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси мажлислар залида ўтказилган учрашувда вилоятдаги қурилиш ва коммунал соҳада фаолият юритиб келаётган ташкилотлар вакиллари қатнашдилар. Кўтаринки кайфият ва сермазмун гурунг асносида бўлиб ўтган тадбирда газетанинг мазмун-моҳиятини янада бойитиш юзасидан соҳа вакиллари кўплаб фикр-мулоҳазалар билдиришди. Учрашувда иштирок этганлар ушбу нашр уй-жой, бино-иншоотлар ва йўл қурилиши, электр, газ таъминоти ҳамда бошқа коммунал хизматлар соҳасида фаолият юритиб келаётган илғор ходимларнинг иш тажрибаларини оммалаштириб, тарғиб қилаётгани, жойи келса, танқид ва таҳлил ҳам қилаётганини алоҳида таъкидлашди.
Андижон шаҳрида ҳам “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси таҳририяти ходимларининг газетхонлар билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Унда сўз олган таҳририят бош муҳаррири Дилшод Жалолов газетанинг келгуси фаолиятига оид режалар ҳақида фикр юритди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ҳам мақолаларнинг мавзуси, географияси хусусида ўз таклифларини билдиришди.



