Аёл – она, рафиқа, ходим, раҳбар. Унинг юзида қуёш балқиб, кўзларида юлдуз чақнайди, киприкларида эса булутлар сузиб юради. Унинг кулгиларида ранг-баранг гуллар очилиб, фиғонида тошлар ёрилади… Ҳеч бир ижодкор йўқки, аёлни мадҳ этмаган, унинг шаъни ҳақида илиқ мисралар битмаган. Илгари фақат бола тарбияси, уй юмушлари билангина чекланган, ҳатто ташқари ҳовлига чиқиши таъқиқланган бу нозик хилқат вакиллари бугун чин маънода жамиятнинг фаол қатлами, юртимиз ривожланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган фидойи инсонлардир. Улардан бири қаҳрамонимиз – Нафиса Тоғаева. Бугун Сурхондарё вилоятидаги газ таъминоти соҳаси вакилларининг барчаси бу аёлни танийди, ҳурмат қилади, яқинидай суяди. Боиси, Нафиса опа ўзининг меҳнаткашлиги, тажрибаси, қолаверса, самимийлиги билан меҳр ва эътибор қозонган.
Қаҳрамонимиз 2004 Термиз иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Ҳозирги вақтда Термиз давлат университетида иккинчи мутахассислик бўйича учинчи босқич талабаси. Дастлабки фаолиятини Қумқўрғон туманидаги таълим муассасаларидан бошлади, кейинчалик ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритди.
– “Қумқўрғон туман газ таъминоти” бўлимида илк иш бошлаганим ёдимда, – дея эслайди Нафиса опа. – Шароитлар ҳозиргидек яхши эмасди. Ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, ижро интизом бўлимларида ҳам ишладим. Ҳамкасбларим билан бирга маҳаллаларда газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб борганмиз. Одамларнинг хурсандлиги, кўтаринки кайфияти бизни ҳам шод қиларди. Халққа қайсидир маънода ёрдам бераётганимиз, уларнинг оғирини енгил қилаётганимиздан ғурурланардик. Нафиса Тоғаева 2001 йилдан бошлаб газ таъминоти тизимида меҳнат қилиб келади. Ўша йиллари сарфланган газ ҳажмини ҳисобга олиш ишлари ҳозиргидай замонавий ахборот коммуникацион технологиялар ёрдамида амалга оширилмаган. Истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ ҳажмларининг ҳисоб-китоби қўлда юритилганини опа ҳамон яхши эслайди. Кейинчалик ходимларга қисқартириш келганида қаҳрамонимиз туман газ таъминоти бўлимида қоровул вазифасида ишлай бошлади. Нафиса опа бу билан чегараланиб қолмай, 2020 йилда Термиз давлат университетининг рус тили йўналишига ўқишга кирди ва ўзининг хонадонида мўъжазгина синфхона ташкил қилди. Бугун эса Жийдали маҳалласининг 4-синфгача бўлган ўқувчиларига рус тили фанидан қўшимча дарс бериб келмоқда.
Вақтини тўғри тақсимлагани боис, фақат дарс бериш билан чекланиб қолмади. Кечки пайт уй юмушларидан бўшаганда, ҳунармандчиликнинг гул ясаш турлари билан ҳам шуғулланади. Опанинг айтишича, у ушбу қўл меҳнатлари маҳсулини туман мактабгача таълим ташкилотларига сотади. Бу ҳам оила бюджетига фойда. Қисқаси, йиллар қаҳрамонимизни сабр ва меҳнатда тоблади. Фидойи ходим касбига шунчаки ёндашмади, зиммасидаги вазифаларни масъулият билан адо этди. Бугунги кунда Жийдали маҳалласидагилар газ жиҳозлари бузилиб қолса, дарров Нафиса опани чақиришади.
– Кўпчилик аёллар газ жиҳозимни кўриб беринг, деб мурожаат қилади, – деди биз билан суҳбатда Нафиса опа. – Қўлимдан келса, тузатиб бераман. Керакли асбобларни уйга олиб келиб қўйганман. Одамларга табиий газ яхши ёнмаса, қозонларни таги ва ошхонадаги пардаларни қорайтириб, уйнинг таъмирини ҳам бузишини кўп айтаман. Шунинг учун газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш кераклигини уқтириб, туман газ таъминотида сервис хизмат кўрсатувчи чилангарларга мурожаат қилишларини тушунтираман. Нафиса опа бўлим бошлиғи каби масъулиятли лавозимда ишлаганда ҳам, хизмат сафари билан бошқа туман ҳамда шаҳарларда юрганида ҳам бир ходим ва бир аёл сифатида нималарга қодирлигини намоён эта олди. Оила ва ишни бир маромда олиб бориш қаҳрамонимиз учун осон кечмади, албатта. Бунда унга турмуш ўртоғи Шодмон Норқулов яқиндан ёрдам берди, муаммоларига елка тутди, ҳар доим қўллаб-қувватлади. У изланишдан тўхтамайдиган инсонлардан. Яқинда рус тил бўйича халқаро С1 сертификатни қўлга киритди.Айни вақтда қаҳрамонимиз “Қумқўрғон туман газ таъминоти” бўлимида навбатчи қоровул бўлиб меҳнат қилмоқда. Ҳамкасбларига сирдош, дилдош бўлишдан, ёш мутахассисларга эса устозлик қилишдан оғринмайди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги байрами арафасида 4 нафар фарзанднинг меҳрибон онажониси, 4 нафар неваранинг қадрли бувижониси бўлган, умрининг салкам 22 йилини газ таъминоти соҳасига бағишлаган Нафиса Тоғаеванинг келгуси фаолиятига биз ҳам улкан муваффақият тилаймиз.


