Қадимий ва ҳамиша навқирон, дея эътироф этилувчи очиқ осмон остидаги музей шаҳар Хивадаги тарихий обидаларини томоша қилар экансиз, уларни қурган аждодларимизнинг билим тафаккурига тасаннолар айтасиз. Хива шаҳридаги қадимий обидалар фақат Ичан қалъадагина эмас, балки шаҳар атрофидаги қишлоқларда ҳам борлиги ҳақида эшитганмисиз? Ана шундай обидалардан бири – бетакрор тарзда қурилиб, халқ тилида “Саётхоннинг кўшки” деб аталувчи Чодра ҳовли меъморий ёдгорлигидир. Чодра ҳовли архитектура ёдгорлиги Хива туманидаги Саёт қишлоғи ҳудудида жойлашган. ХVIII асрга тегишли бўлган Чодра ҳовли мажмуаси Хива шаҳридан 11 километр шарқда, Янгиариқ туманига кетаверишдаги йўл бўйида жойлашган. Бу бетакрор кўринишдаги бино 1871 йилда Муҳаммад Раҳимхон Феруз томонидан ёзги дам олиш қароргоҳи сифатида қурилган. Бундай иморатлар қурилишида асосан пахса лойдан, айрим ҳолларда эса йирик хом ғиштдан фойдаланилган. Тўрт қаватли Чодра ҳовли иншооти ҳам худди шу йўсинда барпо этилган. Бинонинг режадаги ўлчамлари 16х8 метр, умумий баландлиги 30 метргача бўлган. Биринчи қаватдаги пахсанинг эни 80 сантиметр, тўртинчи қаватдаги синч девор қалинлиги эса 40 сантиметрни ташкил этади. Бинонинг биринчи қаватида омборхона ва отхона бор. 2-3-қаватлари эса дам олиш учун мўлжалланган хоналардан иборат. Лойли грунтлар қуруқ ва иссиқ иқлимли жойларда қурилиш материали сифатида қўлланилган. Aждодларимиз ўрта қаватли бинолар қурилишида зилзилабардошликни таъминловчи антисейсмик чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиққанлар. Бунда ҳар бир қават баландлигини бино баландлиги ошган сари камайтириб боришга эътибор қаратилган. Aгар бино баландлиги бир жойда баланд, иккинчи жойда паст бўлса, унинг сейсмик мустаҳкамлиги ҳам шунча юқори бўлади. Мана шу жиҳатларига эътибор қаратилган ҳолда бино минора шаклида қурилган. Бундай кўринишдаги иморатларнинг зилзилабардошлиги юқори бўлади.
Бино тўғри бурчакли тарзда қурилган. Биринчи қават атрофи берк ва икки хонали. Ундан отхона ва омбархона сифатида фойдаланилган. Пахса зинапоя билан юқорига чиқилади. Иккинчи қаватда ғарб томонга қаратиб айвон қурилган. Учинчи қаватда ётоқхона, жануб ва ғарбга қаратиб қурилган айвон бор. Шимол томонидан яхлит девор ўралган. Юқорига кўтарилиш ҳисобига қаватлар майдони ва девори қалинлиги камайиб борган. Шимолий томонда учта дарвоза мавжуд. Хоналарнинг ич қисми ганч билан сувалган. Бинонинг ягона безаги ўймакор харилар ҳамда айвон панжараларидир. Чодра ҳовли хонлик даврида Хива хонларининг ёзги дам олиш маскани бўлган. Чодра ҳовли меъморий ёдгорлигини томоша қилиш учун хорижий ва маҳаллий сайёҳлар тез-тез ташриф буюришади. Бу иншоот қад ростлаганига 150 йилдан ошган бўлсада, ҳамон ўз салобати, файзу таровати билан кишиларни мафтун этиб келмоқда.


