|

|

2026 йил 29 Апрель, Чоршанба
spot_img

Яна бир бор автотураргоҳлар ҳақида ёхуд бугуннинг долзарб муаммоси

Муҳим хабарлар

Йилдан йилга аҳолининг демографик ўсиши юқорилаб бормоқда. Бугун деярли ҳар бир оилада биттадан ёки оила аъзоларининг ҳар бирида шахсий автоулов мавжуд. Автомобиллар сонининг ортиши эса тирбандлик ва автотураргоҳлар етишмовчилигига сабаб бўлмоқда. Биргина Тошкент мисолида айтадиган бўлсак, статистика агентлиги маълумотига кўра, ҳар минг кишига 240 та автомобиль тўғри келаркан. Бу анча катта ва сезиларли рақам. Айниқса, аҳоли гавжум бўлган барча объектларда: бозор, боғча, масжид, мактаб, тамаддихоналар, тўйхоналар олдида автотураргоҳлар борасида бир қатор муаммолар юзага келмоқда.
Хўш, ушбу жараённинг тобора жиддий тус олишига нималар сабаб бўляпти?

БИРИНЧИ МАСАЛА
Муаммонинг асосий ўзагини ўтган асрнинг 60-70 йилларидан қидирамиз. Чунки бугун кўплаб иншоотлар қурилгани билан шаҳар тўла янгилангани йўқ, эски бинолар ҳам талайгина. Аксарият бинолар мустақилликдан олдинги даврда қурилган. У давр тамойили эса бугунгидан тамоман бошқача бўлган. Ижтимоий жамият учун шахсий мулк анча бегона эди. Мулкка оммавий эгалик қилиш даврнинг асосий қонунияти ҳисобланган. Шу сабабли, қурилган биноларда ходимлар сони ва бино сиғимига нисбатан автотураргоҳ режаси умуман бўлмаган. Барча объектларда 4-5, борингки, 10 ўринли автотураргоҳга жой қолдириб, режалаштирилган. Бу хусусда махсус қонун, талаб ёки низом бўлмаган. Асосий эътибор жамоат транспортига қаратилган.
Ўзбекистон мустақил бўлиши билан бозор иқтисодиёти даври бошланди. Бу орада мамлакатимизда автомобилсизлик саноатининг ривож топиши, автомобиль заводининг ишга туширилиши ва мулкчиликдаги чекловларнинг олиб ташланиши шахсий машинасига эга аҳоли сонининг ортишига сабаб бўлди. Йилдан йилга қурилиш ҳажми кўпайиб, юзлаб объектлар қад ростлади, шаҳар қиёфаси ўзгарди. Аммо “Автотураргоҳларни бино сиғими ва ташриф буюрувчилар сонига қараб мослаштирайлик, акс ҳолда, кейинчалик муаммо туғдиради”, деган муаммо ўртага ташланмади.
ШНҚ – қурувчининг конституцияси, ўта муҳим ҳужжат. Масалан, вазир ёки ҳоким имзолаган ҳужжат бекор қилиниши мумкин, аммо ШНҚ бир қанча вазирлик ва масъуллар имзоси асосида кучга кирадиган, бекор қилиш, ўзгартириш ўта мураккаб бўлган ҳужжатлар тоифасига киради. 2016 йилдан бошлаб юртимизда қурилиш соҳаси кенг ривожланиб, қурувчилар сони кескин ўсиши кузатилди. 2017 йилдан бошлаб Президент қарори асосида августнинг иккинчи якшанбаси Қурилиш соҳаси ходимлари куни, деб белгиланди. Бу қурувчиларда катта умид ва ишонч уйғотди.
Лекин баъзи ўринларда кечикиб бўлгандик. Унгача қанча иншоотлар барпо этилди. Аҳоли, автомашиналар, ижтимоий объектлар, бир-бирини рад этадиган стандартлар сони ошгандан ошиб борди. ШНҚни ўзгартириш кун тартибидаги масалага айланди. Жараён узоқ вақт олади, қайта-қайта ҳисоб-китобларни ўрганиб чиқиш ва пухта ўйланган янги стандарт жорий қилиш осон иш эмас. Шоядки, янгилик бизни кўп куттирмади. Жорий йил автотураргоҳлар ҳақида ШНҚда алоҳида талаб, яъни, бино ва иншоотлар қурилишида автотураргоҳларни ҳудудлар кесимида киши бошига кўра лойиҳалаштириш белгилаб қўйилди.
Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 1 хонадонга 1 та автотураргоҳ ўрни, бошқа вилоятларда эса 2 хонадонга 1 та автотураргоҳ бўлиши назарда тутилмоқда. Мактаб ва боғчаларда 25 нафар болага 1 та, олий таълим муассасаларида 4 нафар талабага 1 та, шифохона ва поликлиникаларда 5 нафар қатновчига 1 та, маъмурий офис, ташкилот ва хўжалик муассасалари биноларининг 10 метр квадрат қисмига 1 та, масжидларда 10 нафар ташриф буюрувчи учун 1 та, бозорлардаги ҳар иккита савдо жойига биттадан, меҳмонхоналардаги ҳар 5 та ўринга 1 тадан автотураргоҳ бўлиши шартлиги белгиланди.
Лекин бу стандарт ишлаб чиқилгунга қадар қанча объект ташриф буюрувчилар сонига номутаносиб қурилган деб ўйлайсиз?
Масжидлар мисолида тушунтирамиз. Тошкент шаҳрида йўл бўйида қурилган Ислом ота, Исломобод, Кўкча, Минор масжидларини намуна сифатида танладик. Интернет маълумотларига кўра, Минор масжиди 2 400 нафар намозхонга мўлжалланган. Масжид автотураргоҳида эса 167 дона машина ўрни мавжудлигини кўриш мумкин.

????????, [26.10.2023 0:14]
Бу ҳатто янги меъёрий талабга ҳам мос келмайди! Камига, Минор масжиди айтилганидан 3-4 баробар кўп ташриф буюрувчига эга. Бу рақам Рамазон ва Қурбон ҳайитида 10-15 баробарга ортиши ҳам мумкин. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Фарғона йўли кўчасида жойлашган Ислом ота масжиди 2015 йилги бахтсиз ҳодиса сабаб ёнғин остида қолгач, 2016 йил қайта қурилган. Эндиликда масжид 1 500 намозхонни ўз бағрига сиғдирмоқда. Масжид ходими билан гаплашганимизда 5 000 га яқин намозхон бемалол сиғишини айтди. Аммо бу ердаги авторургоҳ ҳам сиғими билан мақтана олмайди – 70 ўринли. Майли, булар олдинроқ қурилган дейлик. Аммо шу йилнинг март ойида фойдаланишга топширилган Исломобод масжиди 13 минг намозхонни бағрига сиғдириши айтилган, аммо унинг атрофида тахминан 80 ўринга мўлжалланган автотураргоҳ мавжуд.
Кўплаб тамаддихоналарга эътибор қилсангиз, ўз автотураргоҳи ё мавжуд эмас, ё мутаносиб эмас. Етмагандай, йўл четига автотураргоҳ сифатида эгалик қилиб, пул ундириш ҳолатлари ҳам сўнгги пайтларда авж олган. Асосийси, мижозлар машинасига тўлган йўл чети қолган автомобиллар ўтказувчанлигига салбий таъсир қилмоқда. Юқорида ШНҚдаги янгиликдан хурсанд бўлаётган эдик. Аммо бу билан ҳам муаммога тўлиқ ечим топиши мушкулга ўхшайди. Эндиликда янги қурилаётган турар жой биноларида ерости автотураргоҳлари ҳам барпо этила бошлади. Уларнинг нархларини ўрганар эканмиз, ШНҚда муҳим бир детал кўздан қочирилган, деган хулосага келдик. Ер остидаги каталакдай автотурагоҳ нархи, ер устидаги нархлар билан қиёслаганда осмон билан ерча фарқ қилади. Буёғига “аномал” нархлар…
Энг арзон автотураргоҳ 5 минг АҚШ долларидан бошланиб, энг қиммати 28 минг АҚШ долларигача. Сабабини сўрасангиз, қурувчи қурган уйга автотураргоҳларнинг алоқаси йўқлигини рўкач қилишади. Масалан, бир қурувчи 150 хонадонли кўп қаватли турар жой қуряпти. Шунингдек, янги ШНҚни асос қилиб олсак, 150 та автотураргоҳни сотаётган квартираси ҳисобидан мос равишда лойиҳалаштириши, яхлитлаши керак. Ажабки, ШНҚда бундай мажбурият йўқ. Бундан фойдаланган “шоввозлар” автотураргоҳларга ҳам отасининг нархини қўйиб сотмоқда.
Биз бекорга квартира ва автотураргоҳ яхлитлиги ҳақида гапирмадик. Бу чет эл амалиётида ҳам бор. Баъзи Европа мамлакатларида 50 м² квартира харид қилсангиз, 1 та автотураргоҳ уйга қўшимча тарзида берилади. 100 м² квартира олсангиз, 2 та автотураргоҳ ажратилади. Чунки оилангиз катта бўлиши ва битта оилада 2 та машина бўлиши мумкин. Бизда эса бу амалиёт ҳозирча йўқ.

ИККИНЧИ МАСАЛА
Мақолани ёзиш жараёнида пойтахтимиз бозорлари ҳудудидаги автотураргоҳларни ҳам ўргандик. Хусусан, Олой бозори, “Малика” савдо мажмуаси, Эски жува деҳқон бозори ҳудудидаги автотураргоҳлардаги вазият билан қизиқдик.
Барча ҳокимлик тасарруфидаги автотураргоҳлар учун ҳоким томонидан имзоланган қарор бор, нархлар шу асосда тасдиқланади. Бозор ҳудудидаги автотурагоҳлар нархи Тошкент шаҳар ҳокимининг 2023 йил 21 февралдаги 128-14-0-Қ/23-сонли қарорининг 4-иловасига кўра жорий қилинган. Жумладан, енгил автомобилларни вақтинча сақлаш нархлари 20 минутгача 3 минг, 40 минутгача 5 минг, 1 соатгача 6 минг, 2 соатгача 7 минг, 3 соатгача 8 минг, 4 соатгача 10 минг, 4 соатдан ошиқ турса 11 минг деб белгиланган. Агар юк автомобили бўлса, 20 минутгача 5 минг, 40 минутгача 6 минг, 1 соатгача 7 минг, 2 соатгача 8 минг, 3 соатгача 9 минг, 4 соатгача 11 минг, 4 соат ва ундан ортиқ вақтга 13 минг. Бозорда юк тушириладиган автомобилларга ажратилган автотурагоҳларда тўлов бир марталик. Унда вақт эмас, кириб-чиқиш амал қилади. Юк тушириш учун енгил автомобилда бир марталик кириш тўлови 11 минг, юк автомобилида кирсангиз 29 минг бўлади. Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозор ҳудудига олиб кирсангиз, енгил автомобиллар учун 12 минг, юк автомобили учун 25 минг тўлайсиз.
Бошқа вилоятлардаги нархлар билан ҳам қизиқдик. Водийнинг учала вилоятида ҳам автотураргоҳдан фойдаланиш нархи ҳолатидан келиб чиқиб, 3-5 минг оралиғида. Қашқадарёда ҳам айни шу рақамларни кузатиш мумкин. Вилоятлар ичида энг баланд нарх Самарқандда экани маълум бўлди. У ерда автотураргоҳлар нархи 5-30 минг оралиғида экан.

Бир нарсани айтиш керакки, вилоятларда кўпгина автотураргоҳлар ҳалигача текин. Тошкентда эса нархлар кундан-кун ошиб бормоқда. Бири хусусийман деса, бошқаси ҳокимиятга қарашли эканини айтади. Халққа енгиллик бўлмаса, унинг кимга қарашли эканининг нима фарқи бор?
Яна бир муҳим жиҳат, автотураргоҳдаги шароит нархига яраша бўлсаку майли, аммо кўпинча бунинг аксига дуч келамиз. Масалан, Олой бозорининг ён қисмидаги автотураргоҳда 11 минглик бир марталик тўлов амал қилади. Демак, қарорга кўра, у ер юк тушириш жойи бўлиши керак. Аммо у ер юк тушириладиган жой эмаслиги кўриниб турибди. Агар у ер юк тушириш жойи бўлса, харидор автомобили киритилмаслиги, вақтга нисбатан пул тўлаши керак. Лекин на униси, на буниси, сабабини биладиган одамнинг ўзи йўқ. Бозорнинг ташқи эшигидан чиқиб бориладиган автотураргоҳда эса вақт амал қилади. Сабабини сўрасак, автотураргоҳ ходимлари елкасини қисиб, “Ҳокимлик шундай белгилаган” дейишдан нарига ўтмади.
“Малика” савдо мажмуасида ҳам шу вазият. Яқин-яқингача бу ернинг автотураргоҳи бепул эди. Кейинчалик бу автотураргоҳга ҳам нарх белгиланди – 5000 сўм. Кейинчалик бу нарх 10 минг сўмгача кўтарилди. Авваллари деярли текин бўлган автотураргоҳ нархлари кундан-кунга нега ва нима сабабдан ўсмоқда? Масъул ходим билан гаплашганимизда, ушбу жой мутлақо хусусий эканини, ишчилар паст ойликка ишламаётгани сабабли нархларни муассислар кенгаши ушбу тартибда белгилаганини айтди.
Кейинги манзилимиз Чорсу бозори ҳудудидаги автотураргоҳлар бўлди. Бири ҳокимликка, бири бозорга қарашли эканини айтган автотураргоҳлар аҳволи киши кўнглини ранжитади. Сабаби, газетамизнинг 2021 йилги 26-сонида “Дарё тошқин, сувлар тўлқин ўтолмайман!” ёхуд бозорлардаги “стоянка” муаммолари тугайдими?” сарлавҳали мақола эълон қилинган. Мақола чоп этилгач, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат ҳам йўлланган. Хатга масала қаноатлантирилиши, тезда муаммо ҳал этилиши таъкидланган жавоб ҳам келган. Афсуски, орадан қарийб 3 йил ўтиб ҳам муаммо ҳал этилмаганини кўриб, очиғи, ҳайрон қолдик. Ҳокимлик нега ҳали ҳам ишни пайсалга солиб келаётгани биз учун қоронғу. Салга чанг кўтарилиб кетадиган, ўйдим-чуқур, ярмини одамлар ёйма бозор қилган автотураргоҳ жуда таъмирталаб аҳволда. Ҳар куни қуртдай санаб олинадиган автотураргоҳ пуллари қаерга сарфланишини эса ҳеч ким билмайди.
Бу аянчли аҳволдаги автотураргоҳ “Poytaxt avto parking” МЧЖга тегишли эканини аниқладик. Корхона Муниципиал активларни бошқариш марказига қарайди. “Poytaxt avto parking” МЧЖ вакилларидан бири билан ушбу вазият хусусида суҳбатлашганимизда, автотураргоҳ “Ўзавтойўл”га қарашли, дея таъкидлади. Ишчилар эса ҳокимликка қарашини айтишди. Ходимнинг иддао қилишича, Солиқ қўмитаси томонидан “ноқонуний” тарзда 4 млрд сўм пул ундирилган, даъво ариза юзасидан суд жараёни давом этаётган экан. Шу сабаб, автотураргоҳни таъмирлашга ортиқча пулимиз йўқ, демоқчи бўлдими?
Айтиш керакки, бу, бизда автотураргоҳлар учун солиқ тартиби қандайлиги ҳақидаги саволларни пайдо қилди. Умуман, автотураргоҳ нархларини ким белгилаши, давлат тасарруфидаги автотураргоҳ тушумлари қандай соҳаларга йўналтирилиши ҳақидаги саволларга жавоб олиш учун Муниципиал активларни бошқариш марказига расмий хат билан чиқдик. Мана, икки ойдирки, жавобдан дарак йўқ. Ваҳоланки, оғзаки мурожаат қилганимизда ёзма мурожаат қилинса, жавоб берилиши айтилганди.
Вазиятга ойдинлик киритиш ва бир қатор саволларга жавоб олиш учун Солиқ қўмитаси Жамотчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар Юсуф Назаров билан суҳбатлашганимизда, мутахассис автотураргоҳларнинг солиқ тўлаш тартиби ҳақида қуйидаги маълумотларни билдирди:
– Автотураргоҳ ташкил этган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар хусусий ёки давлат иштирокидаги корхоналарга қарашли бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 237-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғи ҳамда 461-моддасига асосан, махсус солиқ режими ҳисобланган айланмадан олинадиган солиқ тўлаш тартибини танлаши мумкин.

????????, [26.10.2023 0:14]
Мазкур фаолият билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўланиши лозим бўлган солиқлар миқдори қўшилган қиймат солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ тўлаш тартибига боғлиқ. Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган автотураргоҳларнинг солиқ миқдори, улар томонидан амалга оширилган товар айланмаси (иш, хизмат) миқдори, эгаллаган ер майдони, мулк қиймати, фойдаланилган сув ҳажми, солиқ даври якуни бўйича олган соф фойдаси миқдорларига кўра аниқланган солиқ солиш базасидан келиб чиқиб белгиланган солиқларни тўлайдилар.
Худди шундай, махсус солиқ режими ҳисобланган айланмадан олинадиган солиқ (461-моддаси талабларига асосан) тўлаш тартибини танлаган автотураргоҳлар, бунда солиқ даврида товар (хизмат)ларни реализация қилишдан олинган жами даромади бир миллиард сўмдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан амалга оширилган товар (иш, хизмат)лар айланмаси миқдоридан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 467-моддасида белгиланган 4 фоиз ставкада айланмадан олинадиган солиқ ҳамда эгаллаган ер майдони, мулк қиймати, фойдаланилган сув ҳажмларидан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 17-моддасида белгиланган солиқ ва йиғимларни тўлайдилар. Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ (467-моддаси) тўлаш тартибини танлаган юридик шахслар қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлашга ҳақли бўлиб, бунда жами даромади беш юз миллион сўмдан ошмаган солиқ тўловчилар бир йиллик солиқ ставкаси бўйича 20,0 млн сўм ҳамда жами даромади беш юз миллион сўмдан юқори бўлган солиқ тўловчилар бир йиллик солиқ ставкаси бўйича 30,0 млн сўм миқдорида солиқ тўлаши мумкин.
Музаффар Юсуф Назаров “Poytaxt avto parking” МЧЖ билан 4 млрд сўмлик суд иши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Жараён якунига етгани, солиқлар қонуний ундирилгани, даъво аризаси қаноатлантирилмаганини таъкидлади. Сабаби, “Poytaxt avto parking” МЧЖнинг 100 фоиз активларига Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли Муниципиал активларни бошқариш маркази эгалик қилади. Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-742-сон Қонунига асосан, давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан 2022 йилнинг 1 июлига қадар 2021 йил якунлари бўйича ўз соф фойдасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорида ажратмалар ва давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланиши ҳамда 2022 йилнинг 1 сентябридан кечиктирмай тегишли даражадаги бюджетларга ўтказилиши белгиланган. Шу асосга кўра, дивиденд ичида 5,3 млрд сўмлик соф фойдадан 4 млрд сўм солиқ ундирилган ва суд томонидан қонунийлиги тасдиқланган.
Мутахассис берган маълумотлар асосида айтиш мумкинки, автотураргоҳларнинг кундалик тушуми нисбатида айтганда, тўланадиган солиқлар жуда қўрқинчли эмас. “Poytaxt avto parking” МЧЖ ва унга боғлиқ вазиятга тўхталадиган бўлсак, улардан ҳеч нарса янглиш ундирилмаган ва бунинг қонунан тасдиғи бор экан, бу вазият билан ўз қарамоғидаги баъзи автотураргоҳларнинг аянчли ҳолатини хаспўшлай олмайди.

УЧИНЧИ МАСАЛА
Шу ўринда, автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлаклар ҳақида тўхталиш ўринлидир. Мавзуни ўрганишни бошлаган вақтимиздан то икки ойдан ошиқроқ вақт мобайнида таксилар ва автобусларда юришга ҳаракат қилдик. Кўпчилик таксистлар ва шахсий машина эгаларида бу йўлакларга нисбатан салбий қараш мавжуд. Бу бир қанча омилларга боғлиқ.
Биринчидан, юқорида келтирганимиздек, кўплаб эски бинолар шусиз ҳам автотураргоҳ етишмовчилигидан азият чекиб келаётганди. Машиналарни йўл четида қолдириш орқали муаммо бир қанча енгиллашарди. Ҳозир эса йўл четига автобус учун йўлаклар ажратилгани боис, машина қўйиш тақиқланади. Автобус йўлакларига такси хизмати учун лицензия олган машиналар йўловчи тушириш учун кириб-чиқиши мумкин холос. Автотураргоҳ етишмайдиган давлат идоралари ходимлари ўз машинларини анча узоққа ташлаб келишга мажбур бўлишяпти. Бу эса хавфсизлик масаласини илгари суради.

Иккинчидан, машиналар автобус йўлакларига кириши мумкин эмас, аммо автобуслар катта тезликда ўз йўлакларидан чиқиб кетаётган ҳолатларни ҳам кўряпмиз. Қолаверса, ҳозирги автобуслар узунлиги қатновда эҳтиёткорликни талаб қилмоқда.
Учинчидан, такси хизматидан фойдаланган йўловчи фавқулодда ҳожатхона ё дорихонага кириши керак бўлиб қолса, йўл четига тўхтай олмайди. Чунки таксичи қоидани бузгани учун жарима тўлайди. Бу ҳам ноқулайликнинг бир шакли. Шу сабабли, бу жиҳатлар кенг ракурсда қарашни талаб қилади. Баъзи фавқулоддаги ҳолатлар ҳисобга олиниши керак.
Тўртинчи масала, пуллик тўхташ жойлари − хусусий паркоматлар қачон ташкил этилиши ҳақида. 2022 йил Президентнинг “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 111-сонли қарори имзоланган. Қарорнинг 16-бандида пуллик тўхташ жойларини ташкил қилиш қайд этилган. Хўш, ишлар белгиланган тартиб бўйича кетяптими?
Қарорга кўра, 10 та марказий кўча – Глинка, Братислава, Миробод, Авлиё ота, Тарас Шевченко, Саид Барака, Моштабиб, Фидокор, Содиқ Азимов ва Якуб Колас кўчаларида пуллик тўхташ жойларини ташкил қилиш кўрсатилган. Лойиҳа хусусий шериклик асосида амалга оширилиши ҳам белгиланган. Жорий йил бошида эса Тошкент шаҳридаги пуллик паркоматлар тендерсиз битта компания – “KASY PARK” МЧЖга бериб юборилгани хабар қилинган эди. Аммо Транспорт вазирининг апрель ойида журналистларга берган интервьюсида май ойида қайта тендер ўтказилиши айтилган. “Паркоматларни ташкил этиш тўғридан-тўғри битта ташкилотга берилмасдан, тендер асосида ташкилотларга тарқатилади – талабгорлар жуда кўп. Май ойида тендер эълон қилинади,” − деган эди ўшанда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Шундан сўнг, тендер тақдири ҳам, пуллик паркоматлар тақдири ҳам номаълумлигича қолди.
Ҳолат нега кечикаётганига изоҳ беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Тадбиркорга автотураргоҳ қуриш қимматга тушади. Уни сотолмайди ҳам, ижарага ҳам беролмайди. Ўз харажатларини кунлик 5-10 минг сўмдан йиғиб қоплашдан кўра, битта кўп қаватли уй қуриб сотишни, ижарага беришни афзал ҳисоблашади. Бу эса давлат ва хусусий секторлар билан музокаралар чўзилиши, ишнинг бир муддат тўхтаб қолиши, жараённинг кечикишига сабаб бўлмоқда.

МУТАХАССИС НИГОҲИ
Мақоламизда акс эттирилган муаммолар юзасидан экспертлар билан ҳам суҳбатлашдик. Жумладан, “ТошкентбошпланЛИТИ” Шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича директор ўринбосари Саидазим Шариповнинг фикри қуйидагича:
− Хабарингиз бор, ҳозирда “Янги Тошкент” лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Мавжуд шаҳардаги бир қанча муаммоларнинг “Янги Тошкент”да ҳам вужудга келмаслиги учун жиддий киришганмиз. Шу сабаб, лойиҳада бир қанча умумий қулайликлар бўлиши кўзда тутилмоқда. Дунёдаги қулай шаҳарларни кузатсак, автомобиллашишдан кўра, пиёдалар, велосипед ва жамоат транспорти учун устуворлик муҳимлигини кўрамиз. Аммо бир вақтнинг ўзида шахсий автомобилларни ҳам чеклай олмайсиз. Биз янги ва эски Тошкентни аввало метро, трамвай ва автобус билан боғлашни лойиҳага киритяпмиз. Лойиҳа жамоат транспортига устуворлик берилишини кўзда тутади. Жамоат транспорти қатновини сифатли йўлга қўйиш орқалигина тирбандликка яхшироқ ечим топган бўламиз. Шаҳарсозлик нормаларига ҳамма бирдай амал қилиши лозим, шундагина қулай шаҳар даражасига чиқишимиз мумкин.
Тан олиш керак, Тошкент шаҳри ривожлангани сари аҳоли сонию уларнинг фаоллиги ҳам ошиб бормоқда. Буни шахсий автомобиллар кўпайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Шунга мос равишда шаҳар кўчаларида тирбандлик ҳам ортмоқда. Муаммони ҳал этишнинг бир йўли – жамоат транспортини ривожлантириш, унда юришни автомобиль ҳайдашдан кўра қулай қилишдан иборат. Шу мақсадда, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, Тошкент шаҳрига янги автобус ва электробуслар олиб келинди. Йўловчи ташиш қуввати ошиб, жамоат транспортининг оралиқ вақти қисқарди. Тошкент метрополитенининг охирги ва серқатнов бекатлари ёнида автотураргоҳлар барпо этиш режалаштирилган. Мақсад – одамлар шахсий автомобилини шу ерда қолдириб, шаҳар ичкарисига жамоат транспортида боришига шароит яратиш. Барчамиз учун муқобил ечим шу, деб ўйлайман.

Мутахассис асосан шаҳарда тирбандликни камайтириш учун жамоат транспортига урғу бериш лозимлигини таъкидлаган бўлса, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” бош муҳандиси Салоҳиддин Йўлдошев масалага кенгроқ ракурсдан қараш кераклигини айтди, хусусан:
− Ҳозир биз фаолият юритаётган ушбу бино қурилганига анча бўлган. Автотураргоҳлар борасида жуда қийналамиз. Авваллари автомобиллар йўл бўйига қўйиларди, энди бунга имкон йўқ. Кўп бинолар мутаносиб сиғимли автотураргоҳларга эга эмас. Ҳатто янгилари ҳам мақтанадиган аҳволда эмас. Бизда автомобиль борми, жойлаштиришимиз керак! Аммо қандай қилиб? Аввало дунёда қандай ечим берилаётганига диққат қаратсак. Узоққа бормаймиз, Дубайда 50 қаватли бино ва унинг ортида 8-10 қаватли автотураргоҳ, Парижда эса еростига 7-8 қаватли автотураргоҳлар қурилганини кўрдик. Ҳатто улар газ билан юрадиган машиналар учун автотураргоҳлар ичини махсус ҳимоя қоплами билан қоплаган. Мабодо, автомобиль портлайдиган бўлса, бинога ҳеч қандай зарар етмайди. Ўзимизда эса, ҳатто “Самарқанд дарвоза” савдо кўнгилочар масканига борсангиз ҳам, газ билан юрадиган автомобилларга рухсат этилмайди.
Биз, аввало, кўп қаватли автотураргоҳлар ва уларнинг хавфсиз ҳамда қулай шаклларини ҳисобга олишимиз керак. Лойиҳачининг тожи ШНҚ ва ҚМҚ! Биз бу ерда ўз фикримиз ва касбий маҳоратимиз асосида лойиҳа қиламиз. Буюртмачи кўп бандларга бефарқ бўлади, ўзгартиради. Сабаби, қайсидир масала юзасидан аниқ ҳукм бўлиши учун ШНҚда у қатъий белгилаб қўйилган бўлиши керак. Автотурагоҳлар ҳам ана шундай масалалардан бири. Қурилишни қатъий ушлайдиган нарса ҳам айнан шу ҳужжат ҳисобланади. Биз уни қанча мукаммал тарзда шакллантирсак, муаммолар шунча камайишига эришамиз.
“ЎзшаҳарсозликЛИТИ” бош архитектори Бунёд Эрмаматов қуйидаги фикрларни келтирди:
– Автотураргоҳлар масаласи жиддий муаммо ҳисобланади. Аҳолининг мобиллиги, ижтимоий, иқтисодий лаёқати ошиб бормоқда. Ягона ечим – кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлари, деб ўйлайман. Аввал машиналарга кам ўрин ажратилган бинолар ўз ҳудудининг маълум қисмини автотураргоҳлар учун ҳам мослаштириши керак. Чунки шаҳарда ер энг қиммат ресурс. Мисол учун, Шимолий Тошкент вокзалида ҳам автотураргоҳ етишмайди. Бу йўловчи кузатиш ва кутиб олишда жиддий муаммо туғдиради. Бундай объектлар бир эмас, юзлаб топилади. Шу сабабли, янги лойиҳаларда ерости ва кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни назарда тутяпмиз. Аввал ҳам ўртача сиғимни ҳисобга олиб, лойиҳалар чизганмиз. Аммо тадбиркор ё буюртмачи фалон нарса керак эмас, дейдиган бўлса, ҳеч нарса қила олмасдик. Чунки қатъий белгиланган биронта меъёрий ёки талаб йўқ эди.
Салоҳиддин Йўлдошев айтганидек, ШНҚ қанча кучли бўлса, лойиҳачилар маҳорати ҳам шунча юзага чиқади. Оддий бир мисол, баъзи ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида ҳожатхоналарни жуда кичкина ва тор қилиб қуришади, баъзида умуман мавжуд бўлмайди. Аммо ҳеч бир лойиҳачи ҳожатхона чизмасдан, уни тор ўлчамли қилиб яратолмайди. Аммо асос бўлмагач, буюртмачи алалоқибат ўз билганини қилади. ШНҚда автураргоҳлар бўйича белгиланган талаблар қанча тез жорий қилинса, шунча фойдамизга ишлайди, деб ўйлаймиз.

ХУЛОСА ЎРНИДА
Мавзуни ёритиш, ўрганиш жараёнида, қолаверса, мутахассислар фикрларига қулоқ солиб, баъзи хулосаларга келдик. Шу асосда бир қатор таклифларимизни ҳам келтириб ўтсак.
Биринчидан, автотураргоҳлар муаммосини ечиш учун шаҳар ҳудудини тоифалаш керак. Масалан, Навоий кўчасида фалон-фалон бинолар бор. Уларнинг кўпи тарихий бинолар. Дейлик, уларга автотураргоҳ етишмайди. Шундай ҳудудларда йўлнинг автобус йўлаги чизилган қисмида тўхташга рухсат бериш керакдир. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, шаҳарни даврий тоифалаш орқали муаммога бир қадар ечим берган бўламиз. Юқорида мутахассисларимиз ҳам Парижда шунга яқин амалиёт борлигини таъкидлади. Шунингдек, шаҳарнинг эски бинолар мавжуд тарихий қисмида чет йўлаклардан автотураргоҳ сифатида фойдаланишга рухсат бериш керак. Чунки бинони қайта қуриш иложсиз бўлгани, автотураргоҳ етишмагани туфайли шартли равишда шундай қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлари қуришни тезлаштириш ва келажакдаги барча янги лойиҳаларда ушбу амалиётни жорий этиш керак. Кўп қаватли автотураргоҳ қурадиган тадбиркорларга бир қанча имтиёзлар бериш масаласини ҳам кўриб чиқиш лозим. Бу тўхтаб қолган жараённи тезлаштиришга замин ҳозирлайди.
Учинчидан, келажакдаги янги бунёд этиладиган кўп қаватли уйлар учун автотураргоҳлар қуриш мажбуриятини шартли қилиб белгилашдир. Янги уй харид қилсангиз, автоматик равишда автотураргоҳингиз ҳам бўлади дегани (маълум квадрат асосида).
Тўртинчидан, автотураргоҳлар ҳолатини доимий назоратга олиш, тартибга солиш лозим. Мавжуд тушумларнинг тўғри йўналтирилиши очиқ ва ошкора бўлиши керак. Бу турли норозиликлар ва эътирозларга ўрин қолдирмасдан, шу билан бирга ана шу автотураргоҳларнинг мижозларга бекаму кўст сифатли хизмат кўрсатишини таъминлайди.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img