|

|

2026 йил 23 Май, Шанба
spot_img

Уйи борнинг ўйи бўлмас, – деди фарғоналик меъмор Козимжон АНВАРОВ

Муҳим хабарлар

Козимжон Анваровни фарғоналиклар “Янги Ўзбекистон бунёдкори” сифатида яхши танишади. Олийгоҳдаги таҳсилни тамомлаганидан то бугунги кунга қадар кенг кўламли ўнлаб шаҳарсозлик лойиҳаларида қатнашган Козимжон ака ўз соҳасининг етук вакилларидан бири, ёш қурувчи-усталарнинг талабчан устози ҳисобланади.
Қаҳрамонимиз меҳнат фаолиятини 1975 йилда вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасида бошлаган. Мустақиллик йилларида Водил қишлоғида Президент резиденциясининг барпо этилиши билан боғлиқ ўта қизғин жараёнларда тобланган Козимжон ака кўп ўтмай, “Қўқон агроқурилиш трести” бош муҳандиси, кейинчалик вилоят қурилиш бош бошқармаси бош муҳандиси этиб тайинланди. У “Фарғона деҳқон қурилиш” компанияси бошқарувчиси, 2005-2006 йилларда Ўзбекистон тумани ҳокими бўлиб ишлаган вақтларда ҳам инсонлар ҳаётини енгиллатишга қаратилган кўпгина лойиҳаларга бош-қош бўлди. Жумладан, 2001 йилда Қува туманида “Она ва бола” реабилитация марказининг муваффақиятли қурилиб фойдаланишга топширилишида ҳам Козимжон Анваровнинг муносиб ҳиссаси бор.
2021 йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бағдод туманида Гулистон шаҳарчасини қуриш ишларига киришилди. Янгидан барпо этилажак манзилда фуқаролар учун барча қулайлик ва замонавий имкониятлар яратилиши лозимлиги бу лойиҳада кўзда тутилган асосий мақсад-муддао бўлди. Эътиборлиси, бундаги қурилиш ишларига узоқ йиллик тажрибага эга Козимжон Анваров масъул этиб тайинланди ва 1 минг 236 хонадондан иборат 61 та замонавий кўп қаватли уй 6 ойда қурилиб, фойдаланувчиларга топширилди. Маҳалла биноси, маданият маркази, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти, очиқ спорт майдончалари, шунингдек, кўркам ва замонавий қиёфада бунёд этилган савдо дўконларининг архитектуравий-бадиий ечими, буларнинг барчаси бир-бирига ҳамоҳанг ва аҳолига қулай ҳолатда жойлашгани эътиборга молик.
– Уйи бор одамнинг ўйи бўлмайди, кўнгли тўқ бўлади, эртанги кунга ишонч билан яшайди, бахтли турмуш кечиради, − деди Козимжон ака. – Уй-жой шунчаки бошпана эмас, у инсоннинг кўнглидаги маънавий қўрғон ҳамдир. Рўзғорнинг бутлиги, кўнгилнинг хотиржамлиги ва фарзандларнинг камоли учун шахсий турар жойнинг ўрни ғоятда муҳим саналади. Шу маънода, Гулистон шаҳарчасида кўкка бўй чўзган кўп қаватли уйлар узоқ йиллардан буён уй-жой муаммоси билан яшаган инсонлар учун айни муддао бўлди.
Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талабини қондириш, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тақдим этиш ишларини давом эттириш, хусусий пудрат ташкилотларини замонавий кўп қаватли уйлар қурилишига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай инсонпарвар ислоҳотлар боис, ҳозирда Фарғона шаҳрида 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган йўлдош шаҳарчани бунёд этиш ишларининг дастлабки босқичи якунланиш арафасида.
Янги шаҳарча қурилишига масъул Козимжон аканинг айтишича, жорий йилда Экошаҳарда жами 73 та кўп қаватли уй барпо этилаётган бўлиб, шу кунгача 15 таси тўла фойдаланишга топширилди. Қолганларида қурилиш-монтаж ишлари тугалланиб, ички пардозлаш ва ташқи фасад ишлари олиб борилмоқда. 3 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та умумтаълим мактаби ҳамда 1 та поликлиника биноси фойдаланишга қабул қилинди. Шунингдек, 4 минг ўринли амфитеатр қурилиши ҳам якунланмоқда.
– Бу ердаги ҳар бир ишнинг ўз эгаси бор, – деди қаҳрамонимиз. – Тасаввур қилинг, икки йилда мана шу майдон ўрнида кўп қаватли уй-жойлар, “Янги Ўзбекистон” боғи, мактаб, поликлиника, қўйингки, барча инфратузилмага эга шаҳарча пайдо бўлади. 70 гектарлик истироҳат боғи ва 3,2 гектар майдонда қурилажак сунъий кўл шаҳарча ҳавосининг мўътадил ҳамда ҳузурбахшлигини таъминлайди. Қолаверса, бу ерга 14,2 километр масофадан тоза ичимлик суви тармоғи тортиб келиняпти, 750 кВа қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Биз бунёдкорлар эса олдимизга қўйган мақсадларимиз сари ҳаракат қилишда давом этамиз.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img