Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.
(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддаси).
Инсонлар борки, бутун ҳаёти давомида мустаҳкам интизомга амал қилишни ёқтиради. Айниқса, спортчилар. Чунки ирода ва интизом сабабли инсон кўп натижаларга эришиши мумкин. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам 13 йилдан бери спорт билан мунтазам шуғулланадиган, яқинда ўтказилган уч кураш бўйича жаҳон чемпиони – Акмал Акрамовдир. Акмал 2000 йил Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган. Оиласида спортга қизиқиш юқори бўлгани сабабли, у ҳам ёшлигидан асосий вақтини спорт тўгаракларида ўтказади. Шу билан биргаликда бошқа фанлардан ҳам аъло баҳоларга ўқиди. 7-синфдан ўқишини Тошкентда давом эттирган Акмал Республика Олимпия захиралари коллежини тамомлаб, имтиёз асосида Тошкент архитектура-қурилиш университетига ўқишга қабул қилинди. Университетда ўқий бошлагач ҳам спортни ташлаб қўймади. Спортчи талаба мусобақалар пайтида университет маъмурияти томонидан керакли шароит яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлаб, шундай деди:
– Ютуқларимда оиламнинг, устозларимнинг, ўзим ўқиётган ТАҚУнинг ҳам ҳиссаси катта, деб ўйлайман. Мусобақа пайтларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришлари менга катта куч беради. Спортчи учун атрофдаги яқинларининг ишончи жуда муҳим. Ушбу ютуғим ҳам барча яқинларимнинг, жумладан, ТАҚУнинг ҳам ғалабаси, деб бемалол айта оламан. Спортдаги ютуқларим алоҳида мавзу, аммо ўқиб, келажакда ўзим танлаган касбнинг малакали мутахассиси сифатида юртимиз бунёдкорлик соҳасига муносиб ҳисса қўшишни ҳам ўз бурчим деб биламан.
Дарҳақиқат, Акмалжоннинг университетдаги фаоллиги фақатгина спорт билан чекланиб қолмаган. Баҳолари ҳам чакки эмас. Устозлари унинг зеҳни ўткирлиги, маълумотларни тез илғаб олишини, босиқ ва вазмин феълини алоҳида эътироф этишди. Келгусида ундан нафақат спортда, балки юртимиз қурилиш ва архитектура соҳасида ҳам улкан натижаларга эришишини кутишларини айтишди.
Соғлом танда соғлом ақл, деб бежизга айтишмайди. Акмал мусобақаларга тайёргарлик кўриш жараён ҳақида ҳам ўртоқлашди.
– Аввало, ҳамма оддий одам. Сиз қандайдир натижани қўлга киритсангиз, атрофдагиларга бунга эришишнинг сирли томони бордек туюлади. Инсон доимий амал қиладиган интизоми билан кўп нарсага эриша олади. Бу тўғри овқатланиш, сифатли уйқу режими, ортиқча нарсаларга чалғимасликдир. Мусобақага фақат жисмонан тайёргарлик етарли бўлмайди. Ҳамиша жанговор, кўтаринки кайфиятни сақлаб туриш керак. Кучли жисмоний тайёргарлик кўриш ҳам руҳиятни кўтаради. Энг катта руҳий кучни оила аъзоларим билан суҳбатлашганда оламан. Ҳар гал мусобақага кетиш олдидан дадам билан гаплашаман. Дадам “Мен сенга ишонаман, сен биринчи рақамли спортчисан” деб қаттиқ уқтиради. Ичим ёниб, ўзимни бардам ҳис қиламан. Бу руҳиятимни бир неча поғона кўтаради. Шу сабаб, ҳар доим ота-онам ишончини оқлаш асосий вазифам бўлиб қолади. Жаҳон чемпиони бўлган лаҳзамда биринчи ота-онам кўз олдимга келди. Бу ҳолатни сўз билан тушунтириш қийин…
Қаҳрамонимиз билан суҳбат давомида барча спортчилар каби унда ҳам ватанпарварлик ҳисси юқори эканига гувоҳ бўлдик. Тўғрида, ватанни севган инсонгина унинг шаънини муносиб ҳимоя қила олади. Конституциямизда ҳам қайд этилганидек, ёшларга сифатли таълимни ташкил қилиш, уларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш давлатимизнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги қатор ислоҳотлар натижасида ёшларнинг жаҳон ареналарида юртимиз байроғимизни баланд кўтараётгани барчамизга ғурур бағишлайди. Ўйлаймизки, бугунги натижалар улкан марралар олдида кичик бир дебоча, холос. Акмалжон каби чемпион ёшлар кўпаяверсин, деймиз.


