Atrium Ljungberg” компанияси Швеция пойтахтида “Stockholm Wood City” – ёғочдан ясалган дунёдаги энг йирик шаҳар қурилиш лойиҳасини тақдим этди. Мазкур лойиҳа бўйича қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиши кутилмоқда. Шунингдек, илк бинолар 2027 йилда қуриб битказилиши режа қилинган. Ушбу ташаббусни Швеция давлати салоҳиятининг намойиши ҳам, дейиш мумкин.
“ArchDaily” архитектура платформасининг маълум қилишича, 250 минг квадрат метр майдонни эгаллайдиган дунёдаги энг йирик ёғоч шаҳарни лойиҳалаш ишлари ҳозирда ҳам давом этмоқда. “Stockholm Wood City” эътиборга сазовор архитектура ва шаҳарсозлик намунаси бўла олади. Стокгольм жанубидаги Сиcкла шаҳрида жойлашган ушбу инновацион ҳудудда қўшимча 2 000 та уй ва 7 000 та бизнес учун жой ҳам бўлади. Ишхоналар, уйлар, маҳаллалар, тамаддихоналар ва савдо майдончаларини бирлаштириб, серқатнов ва гавжум шаҳар муҳитини яратиш кўзда тутилган.
Ёғоч бинолар атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги учун жуда фойдали. Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёғочдан қилинган бино ва иншоотлар юқори ҳаво сифатига эгалиги, стресс даражасини пасайтириб, инсоннинг ишчанлигини ошириши ва карбонат ангидридни ўзига олиши мумкин. Ёғоч бинолар юқорида саналган афзалликлардан ташқари, экологик томондан ҳам фойдали. Лойиҳа дизайнида мамлакат учун муҳим бўлган энергия таъминотида тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратилади. “Atrium Ljungberg” компанияси ресурсларни тежайдиган қурилиш техникаси ва хомашёлардан фойдаланишга аҳамият қаратишини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Гарчи баъзи экспертлар ёғоч биноларда келиб чиқадиган ёнғин хавфидан ташвишланаётган бўлишса-да, лойиҳага масъул вакилларнинг таъкидлашича, унда фойдаланиладиган ёғоч материаллари нисбатан секин ва олдиндан билиш мумкин бўлган тезликда ёнади. Бу эса уни оддий пўлат конструкцияларга қараганда хавфсизлигини оширади. Шу билан бирга, бундай катта кўламда амалга ошириладиган қурилиш ўрмонларнинг кесилишига олиб келмаслик учун барқарор ёғоч плантацияларини талаб қилади. Бироқ бу Швеция учун муаммо туғдирмайди, чунки мамлакат ерларининг деярли 70 фоизи ўрмон билан қопланган.


