Янгиланиш, замонга мос ҳолда ривожланиш бугун юртимизнинг барча ҳудудида кўзга ташланмоқда. Муҳташам иншоотлар, равон йўллар, кўркам боғлар каби бунёдкорлик намуналари ҳар бир вилоят ташқи қиёфасини ўзгартириш билан бир қаторда аҳоли кайфияти ва турмуш тарзида ҳам ижобий ўзгаришларга сабаб бўляпти. Хусусан, юртбошимизнинг Қашқадарёга яқиндагина уюштирган ташрифи давомида ҳам вилоятдаги бунёдкорлик ишлари алоҳида эътироф этилди. Юзлаб инсонларни ватан ичра ватан билан таъминлашга хизмат қилаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги турар жойлар ва “Эко бозор” ана шундай бунёдкорлик ишларининг ёрқин тимсолидир.
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН” МАССИВИ – ЗАМОНАВИЙ ВА ФАРОВОН ҲАЁТ МАСКАНИ
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви
ҳақиқий маънода замонавий шаҳарсозликнинг амалий намунасига айланди. Илгари унумсиз бўлиб турган, аҳамиятсиз деб қаралган боғ ўрнида энди ҳар томонлама барқарор, қулай ва шинам турмуш шароитини таъминлайдиган янги шаҳарча қад ростламоқда
Президентимиз ушбу массивга ташрифи чоғида яратилган инфратузилма, турмуш шароитлари ва замонавий қурилиш ечимлари билан танишар экан, “Янги Ўзбекистон” массиви республикадаги барча ҳудудлар учун намуна бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бу эътироф бежиз эмас. Массивда барпо этилган инфратузилма ҳар томонлама эътиборга молик. 18 гектар майдонда жойлашган шаҳарча хусусий тадбиркорлик ва давлат-хусусий шериклик асосида, 500 миллиард сўм миқдоридаги инвестиция ҳисобига ташкил этилган. Ушбу лойиҳа доирасида 54 та беш қаватли турар жой бинолари қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳоли ихтиёрига топширилади

