Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида аҳоли турмуш даражаси ва яшаш шароитлари тобора юксалиб бормоқда. Бунинг яққол намунаси сифатида Марғилон шаҳрида Реновация дастури доирасида бунёд этилган замонавий кўп қаватли уйлар аҳоли ихтиёрига топширилди. Ўтган йили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида марғилонлик нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, шаҳарда янги уй-жой массивларини қуриш, маънан эскирган, тор ва ноқулай уйлар ўрнида арзон ва сифатли хонадонлар барпо этиш бўйича топшириқ берган эди.
Мазкур топшириқ асосида Марғилоннинг Ипакчи маҳалласида 68 та эски уй бузилиб, ўрнида 440 хонадондан иборат 11 та замонавий кўп қаватли турар жойлар қад ростлади. Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида ушбу янги уйлар тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирда нуронийлар, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

