Дунё аҳолиси сони кўпайгани сайин Ер юзини ўзгартирадиган замонавий инфратузилма ва йирик қурилиш лойиҳаларига ҳам талаб ортиб бормоқда. Қуйида сиз дунё бўйлаб катта миқдорда маблағ сарфланган йирик қурилиш ишлари билан танишишингиз мумкин. Мазкур лойиҳалар мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий ва техника тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Қирол Абдуллоҳ иқтисодий шаҳри
Саудия Арабистонидаги Қирол Абдуллоҳ иқтисодий шаҳри лойиҳаси дунёдаги энг кўзга кўринарли иқтисодий шаҳарлардан бири бўлиши учун замонавий архитектура услубини ўзида мужассам этган.
Икки миллионга яқин аҳоли яшаши учун мўлжалланган ушбу шаҳарни қуришга тахминан 20 йил керак бўлади. 2006 йилда бошланган қурилиш ишлари 2025 йилда якунланиши кутилмоқда.
Қирол Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Ас-Сауд ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу шаҳар лойиҳасининг умумий қиймати 100 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Халқаро коинот станцияси
Халқаро коинот станциясининг майдони футбол майдонидек катталикда ва оғирлиги 400 тоннага яқин.
Коинот станциясини Ерда қуриш ва кейин бирданига коинотга учириш мумкин эмас эди. Чунки ҳеч қандай ракета бундай оғирликни кўтариб учолмайди. Бу муаммони четлаб ўтиш учун Коинот станцияси Ердан 400 километр баландликка 40 дан ортиқ қисмга бўлакланиб олиб чиқилди ва бир қанча вақт давомида йиғилган.
Илм-фан ва технология соҳасидаги энг йирик халқаро лойиҳа Европа давлатлари, АҚШ, Япония, Канада ва Россия ҳамкорлигида амалга оширилгани айтилмоқда. Халқаро коинот станциясининг барпо этилишига 150 миллиард АҚШ доллари сарфланган.
Кўрфаз темир йўли
Ушбу темир йўл лойиҳаси Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида амалга оширилади.
Кўрфазни араб давлатлари ҳамкорлик кенгашидаги мамлакатлар иқтисоди ва шаҳарлар ривожланишида янги қадам, дейиш мумкин. Бундай темир йўл лойиҳаларига инвестиция қилиш ўзига хос аҳамиятга эга.
Ушбу инфратузилмани ривожлантириш нефтдан тушган даромадлар ва бошқа сармоялар ёрдамида амалга оширилади. 2000 километрдан ортиқ масофада бўлиши режалаштирилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 250 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
NEOM city
NEOM city Саудия Арабистонининг анчайин катта ҳудудига тўғри келади ва у мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 500 миллиард АҚШ долларига тенг.
Ҳукумат номидан сармоя киритувчи Давлат инвестиция фонди ушбу қурилиш лойиҳасининг асосий молиялаштирувчисидир. Қайд этилишича, бу иқтисодиётни ривожлантириш ва нефтга боғлиқликни камайтиришга қаратилган “Saudi Vision 2030” режасининг таркибий қисмидир.




