Яқин-яқинларгача Сирдарё вилояти, деганда кўз ўнгимизда бепоён пахтазорлар, тузилиш таркиби туманлардан фарқ қилмайдиган Гулистон шаҳри келарди. Шаҳар инфратузилмасини янгилашни қўяйлигу, бу ерда салкам бир аср аввал қурилиб, бирор марта таъмирланмаган икки қаватли турар жойлар, 5-10 та маъмурий бинолар ва қинғир- қийшиқ кўчалар ҳеч ҳам вилоят марказига ўхшамасди. Ҳудуддаги туман ҳамда бошқа шаҳарлар эса умуман назардан четда қолиб, аҳолининг асосий қисми дала меҳнатига ипсиз боғлаб қўйилганди.
Бугун ҳақиқатга тик қараб, борни бор, дейдиган даврда яшаяпмиз. Шу боис айтиш жоизки, ватанимизда изчил ислоҳотлар бошлангунга қадар ҳудуднинг айрим туманларида қурилган намунали уй-жойларни ҳисобга олмаганда айтарли даражада кўп қаватли турар жойлар қурилмаганди. Ҳолбуки, республикамизнинг бошқа туман-шаҳарларидаги сингари Сирдарё вилоятида ҳам йиллар давомида уй-жой олиш учун навбат кутаётган ва бу борада муҳтожлик сезаётганлар жуда кўпчилик эди. Ваъдаларни эшитавериб, чарчаган фуқаролар шуурида эртанги кунга ишонч туйғуси сўниб борар, бу камлик қилгандай, ишсизлик муаммоси ортиб, аксарият ёшлар иш излаб бошқа давлатларга чиқиб кетаётганди.
Халқимизни карахтлик уммонидан келажакни ўз қўллари билан қуриш йўлига олиб чиққан изчил ислоҳотлардан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Унинг шарофати билан ўтган беш йилда, қўйиб берса, мана шу вилоятдагилар ҳам қандай қобилиятга эгалигини улар қураётган кўп қаватли турар жойлар, ишлаб чиқариш корхоналари, спорт иншоотлари, фабрика ва заводлар, йўллар ҳамда бошқа мисоллар орқали кўриш мумкин. Нафақат Гулистон шаҳри, балки вилоятнинг туман ва шаҳарлари, қишлоқлари ҳам таниб бўлмас қиёфага кириб боряпти, вилоятда қурилишлар баробарида ишлаб чиқариш корхоналари ҳам бунёд этилиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Муҳими, бугун ана шу корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотлар республикамиз истеъмол бозорини тўлдириш билан бирга хорижга ҳам экспорт қилиняпти.
Вилоятдаги бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссамни қўшиб, эл-юртга наф келтирай, деган фидоий тадбиркорлардан бири Қодиржон Усмоновдир. Унинг фаолияти бевосита ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Беш йил аввал “GULISTON MAKRO BUILDING” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, асосан капитал реконструкциялаш, қуриш ишлари орқали тендерларда фаол қатнашиб, қандай шаклдаги объект бўлишидан қатъи назар жамоаси билан бирга зиммаларига юклатилган вазифаларни ортиғи билан бажаришга ҳаракат қилишди. Ховос туманидаги Бунёдкор маҳалласи ҳудудида жамоа бунёд этган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси билан бирга 5 қаватли турар жой биноси, Гулистон шаҳри, Истиқлол маҳалласида 5 қаватли, 4 йўлакли уй-жойларнинг муддатидан аввал ва сифатли қилиб қурилгани соҳани мукаммал ўзлаштирган кишилар жамоада тўплангани, улар ҳар қандай ишга қодир эканини кўрсатди.
Шу маҳалладаги буюртмачининг талабига кўра, яна 5 қаватли, 4 йўлакли иншоот қад ростлади, ён-атрофи ободонлаштирилиб, спорт майдончаси, дам олиш масканлари билан фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда Сирдарё вилояти бунёдкорлигида ҳам катта тажриба тўпланди. Энди бу жараёнда янги объектлар бўйича ўтказилаётган тендер савдолари аввалгилардан фарқ қилмоқда, яъни, соҳада талаб даражасидаги тажрибаси бўлишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Қодиржон Усмонов раҳбарлигидаги жамоа шундай эътиборга сазовор бўлганлардан бири. Ўтган йили уларга катта ишонч билдирилиб, Гулистон шаҳридаги Бўстон маҳалласи ҳудудида иккита 7 қаватли, 3 ва 2 йўлакли уй-жойлар қуриш масъулияти юклатилганди. Ана шу объектлар ҳам ортиқча сарф-харажатларсиз муддатидан аввал фойдаланишга топширилди.
Жамоанинг ютуқларга эришишида ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва бажарган ишига қараб ҳақ тўланаётгани изланишлар қилишга ундаяпти. Айни пайтда корхона амалга ошираётган ишларнинг ҳар бирида 50 нафардан зиёд ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар учун ташкилот ҳисобидан доимий равишда тушлик ташкил қилиниб, ювиниш ва дам олиш хоналари ҳам хизмат кўрсатмоқда. Мавсумларда эса 100 нафардан ортиқ киши ишга жалб қилинади ва улар ҳам яратилган имкониятлардан тўлалигича фойдаланишади.
Шу кунларда меҳнат аҳли Бўстон маҳалласида қад ростлаётган кўп қаватли “Ёшлар уйи”ни белгиланган муддатда сифатли қилиб топширишга астойдил киришган. Бунинг учун барча имкониятлар етарли, шартномага кўра, ҳамкор корхоналар зарур маҳсулотларни пешма-пеш етказиб турибди. Муҳими, яна иккита буюртмачи ўз лойиҳаларини жамоага тақдим этишган, яқин кунларда бу объектларда ҳам ишлар бошланади. Бундай эътибор эса корхона жамоасининг бажараётган ишларига берилаётган муносиб баҳодир.

