|

|

2026 йил 5 Апрель, Якшанба
spot_img

Рақобат бор жойда – юксалиш ҳам бўлади

Муҳим хабарлар

Абдусами Ҳақбердиев
Абдусами Ҳақбердиев
Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 1984 йилдан республика миқёсидаги матбуот нашрларида турли лавозимларда ишлаган. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида 2020 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш ҳамда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бўйича “Наманган тажрибаси”, деган жумлалар соҳадагилар орасида кўп бор такрорланмоқда. Бу бежизга эмас, чунки сўнгги беш йил оралиғида республикамизда ўтказилаётган изчил ислоҳотлар туфайли бошқа ҳудудлардаги каби вилоят тадбиркор ва ишбилармонлари ҳам ижтимоий соҳаларда, шу жумладан, шаҳар ва туманларнинг қиёфасини тубдан янгилаш юзасидан янгидан-янги замонавий лойиҳалар асосида турли кўринишдаги иншоотларни бунёд этиб, нафақат водийда, балки бошқа вилоятларга ҳам ибрат кўрсатаётгани бор гап.

Тўғриси, ушбу мақолани ёзишга борган муаллиф сифатида, мен ҳам шаҳардаги ўзгаришлардан ҳайратланганимни яширмайман. Ҳамкасбларимизнинг эътирофича ҳам бор, ҳозирги кунда вилоятнинг исталган тумани ёки шаҳрига борган киши гўёки Наманганга эмас, балки чет давлатлардан бирига кириб қолгандек ўзини ҳис қилади.

Бунинг сабаби, эскириб, ўз қиёфасини йўқотган тор кўчалар, муддатини ўтаб бўлган паст-баланд бинолар ва технологияси алмисоқдан қолган, ишлаб чиқариши издан чиққан корхона ҳамда ташкилотлар ўрнини янги, замонавий лойи­ҳалар бўйича бунёд этилганлари эгаллаган. Яна бир муҳим томони, бунёдкорлик ишларида жойларда мўътадил иқлимни сақлаш ва яхшилашга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам ҳар қандай кишининг ҳавасини орттиради.

Вилоят аҳолиси мана шун­дай фаровонлик ҳамда ободлик­дан баҳраманд бўлиши ва уларнинг турмуш тарзи янада яхшиланишида бу ердаги қурилиш майдонларида тинимсиз изланишлар билан меҳнат қилаётган корхоналар орасида “Жаҳон қурилиш-таъмирлаш” масъулия­ти чекланган жамия­ти ҳам бор. Жамоа ишчи-хизматчилари қайси объектда иш бажаришидан қатъи назар турдош корхоналар билан рақобат асосида ишлашни хуш кўришга одатланган. Бу эса, биноларнинг шакл-шамойилини ва сифатини яхшилаш, ўзлари ҳам лойиҳачиларга таклифлар киритишларига йўл очмоқда. Масалан, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясининг буюртмасига кўра, бир нечта туманларда коттежлар қуриш жараёнида жамият вакилларининг киритган таклифлари инобатга олинди ва улар бўйича қилинган ўзгартишлар кутилгандан ҳам зиёд натижа берди. Эҳтимол, “Наманган тажрибаси” айнан мана шу рақобатчилик асосида юзага келган ва унинг натижадорликка эришишда муҳим ўрин тутаётгандир. Нима ва қандай бўлишидан қатъи назар бу ерда фаолият юритаётган қурувчи-тадбиркорларнинг таж­риба ҳамда изланишлари юртимиз миқёсида оммалашгани кейинги ойларда бошқа вилоятларда ҳам юзага чиқмоқда.

Мана шундай рақобат “Жаҳон қурилиш-таъмирлаш” МЧЖ жамоасини ҳам қурувчилик соҳасида янада тоблади. Айниқса, Давлатобод туманининг “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида улар меҳнати билан қад ростлаган 12 та намунавий уйлар ҳар томонлама талаб даражасида экани корхонани вилоятга танитди. Шундан эътиборан бошқа туман ва шаҳарлардан ҳам буюртмалар кўпая борди. Масалан, мазкур тумандаги Юксалиш маҳалласи ҳудудида қурилиши режалаштирилган 7 қаватли, 42 хонадондан иборат турар жойни бунёд қилиш даврида жамоани яна бир бор чинакам синовдан ўтказди. Бунинг сабаби, иншоотнинг пойдевори битиш арафасида зарур материалларни етказиб берувчи асосий корхоналар хомашё йўқлигини баҳона қилиб, ишни орқага суришди.

Тадбиркорликнинг ҳадисини олган корхона раҳбари Мубошир Абдуллаев қўл қовуштириб ўтирадиганлар хилидан эмасди. Ишлаб топилган даромади ва ички имкониятларидан фойдаланиб, корхона таркибида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводни ташкил қилди, уни энг сўнгги русумдаги хорижий техника ва технологиялар билан жиҳозлади. Хомашё захирасини яратишда эса ҳеч қандай муаммо чиқмади. Чунки неки зарур бўлса, маҳаллийлаштириш дастурига таянди. Ишни изга тушириб олиш учун тезкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида қурилиши тўхташ арафасига келиб қолган ўша 7 қаватли турар жой белгиланган муддатда қурилиб, фойдаланишга топширилди.

– Қурилишларда маҳаллий материаллардан кенгроқ фойдаланишнинг самарали томони кўп экан. Аввало, харажатлар камайишига ва қурилаётган биноларнинг сифатини янада оширишга имкон бераркан. Муҳими, хомашё захираси ҳар қадамда топилади, дея фикрини изоҳлади Мубошир Абдуллаев.

Тадбиркорнинг айтганича бор, эндиликда мана шу жиҳатга жиддий эътибор қаратаётган қурилиш корхоналари кам бўлишмаяпти. Жамоанинг ўзи ҳам сўнгги тўрт йил оралиғида олтита 7 қаватли, олтита 5 қаватли турар жойларни асосан маҳаллий материаллар ҳисобидан қуриб, барча жиҳозлари билан эгаларига топширди. Шунингдек, Наманганда бунёд этилаётган ”Янги Ўзбекистон” массивида ҳам шу меҳнат аҳлининг қўшаётган ўз улуши бор. Яъни, бу ерда битта 9 қаватли уй-жойнинг сифатли қилиб тиклаш зиммаларида турибди, айни пайтда уни қуришда ўзлари ишлаб чиқараётган материаллар асқатмоқда.

Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, эндиликда “Жаҳон қурилиш-таъмирлаш” МЧЖ таркибидаги заводда 30 хилга яқин маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқариляпти. Улардан турдош корхоналар самарали фойдаланаётгани жамият иқтисодини мустаҳкамлашга, янада изланишлар қилишга ва 120 нафар кишидан иборат ишчи-ходимларни моддий рағбатлантиришга асос бўляпти.

Бир сўз билан айтганда, 40 йилдан ортиқ қурилиш соҳасида катта тажриба тўплаган отасининг касбини пухта ўзлаштирган Мубошир Абдуллаев давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар туфайли эл-юртга наф келтираётганидан миннатдор. Баҳром Мухторжонов, Беҳзод Жумабоев, Саиджамол Султонов, Мухторхон Абдуллаев каби иш юритувчи, бошқарувчи ва таъминотчилар ҳар бир ишда камарбасталик билан қўллаб-қувватлаётгани уни янгиликлар яратиш, изланиш­лар қилишга ундаётгани эътиборга моликдир.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img