|

|

2026 йил 20 Май, Чоршанба
spot_img

Сув зар – сувчи заргар

Муҳим хабарлар

Абдусами Ҳақбердиев
Абдусами Ҳақбердиев
Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 1984 йилдан республика миқёсидаги матбуот нашрларида турли лавозимларда ишлаган. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида 2020 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Сув – ҳаёт манбаи! Таассуфки, сўнгги йилларда дунёда иқлимнинг кескин ўзгариб бораётгани, айниқса, минтақамизда мавсумлар қор ва ёмғирларсиз ўтаётгани нафақат қишлоқ хўжалиги тармоқлари, балки жамиятимиздаги бошқа соҳаларга ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Буниси етмагандай, ён-атрофимизни ўраб турган тоғларда ҳам захиралар камайгани сабабли сунъий сув захираларини яратиш эҳтиёжи кескин ошмоқда. Эндиликда бу долзарб муаммога ечим топиб, сув билан боғлиқ эҳтиёжни талаб даражасида қондириш учун жойлардаги мутасадди корхоналар жиддий саъй-ҳаракатлар олиб боришмоқда.

Мана шу йўналишга қаратилган ишларни кўнгилдагидек қарор топтириш ва сув таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун “Фарғонамахсуссувпудрат” масъулияти чекланган жамияти корхонаси ҳам кўплаб истиқболли лойиҳалар бўйича катта ишларни амалга оширяпти. Корхона раҳбари Ҳалимжон Ҳасановнинг таъкидлашича, иш самарадорлигини ошириш мақсадида, энг аввало, ишчиларнинг моддий таъминотини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиб беришга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, корхонанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун имтиёзли кредитлар олиниб, энг сўнгги русумдаги бульдозер, экскаватор ҳамда бошқа турдаги замонавий техникалар харид қилинди.

Жамият раҳбарининг айтганича бор, қаерда ишчи-ходимлар зарур шароитлар билан таъминланган бўлса, ўша жойда ҳамжиҳатлик қарор топиб, белгиланган режалар ҳам ортиғи билан уддаланаверади. Бу жиҳатдан “Фарғонамахсус­сувпудрат” МЧЖ жамоаси амалга оширган ишлар турдош корхоналарга ибрат бўляпти. Жумладан, сув хўжалиги бўйича Олтиариқ, Ёзёвон, Фарғона ҳамда Қўштепа туманларида йиллар давомида ишлов берилмагани сабабли издан чиқиш даражасига келиб қолган канал ва зовурларга қайта ишлов берилиб, талаб даражасига келтирилди.

Халқимизда, “Сув зар – сувчи заргар”, деган ибора бекорга айтилмаган. Эндиликда оби-тобига келтирилган иншоотларда сув ҳеч қандай ортиқча тўсиқларсиз, ёзнинг иссиқ кунлари эса кам парланишсиз барча тармоқлар қаторида истеъмолчиларга етиб боряпти. Шунинг­дек, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар сувдан қай тартибда фойдаланаётганлик ҳам корхона мутахассислари томонидан назоратга олинган. Бу борада белгиланган қоидаларга риоя қилмаганларга тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

Шуни ҳам айтиш керак, корхона жамоаси фақат канал ва зовурларни тозалаш ишлари билан чекланмасдан янги каналларни бунёд этиш ҳамда кўприклар қуриш борасида ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга оширяпти.

Кўпчилик яхши билади, Ёзёвон туманининг асосий қисми чўл ҳудудини ташкил қилади. Шунга қарамай, туман аҳлининг ташаббускорлиги туфайли бош­қа кўплаб тармоқлар сингари агросаноат мажмуи кенг ривожлангани сабаб суғориш билан боғлиқ талаб ҳам ўзига лойиқ. Сўнгги даврда бу талаб бўйича, ҳудудда сув кам сарфлашга мослашган тўртта янги канал қазилиб, фойдаланишга топширилди. Фойдаланувчиларга қулайлик бўлиши учун уларнинг ҳар бирида бештагача замонавий кўприклар қуриб ­берилди.

Бундан ташқари, юқорида айтилганидек, мавсумларда, айниқса, баҳор ёмғиридан унумли фойдаланиш мақсадида икки йил аввал корхона жамоаси вилоят ҳокимлигига бир таклиф билан чиқди. Унга кўра, Ёзёвон туманидаги сув омборида захираларни янада кенгайтириш учун янги канал қазиш лозимлиги назарда тутилган эди. Мутахассислар бу ташаб­бусни батафсил таҳлил этгандан кейин бу лойиҳа бўйича жамоа қисқа муддатда канални қазиб битказди. Айни пайтда сув омборида максимал даражадаги сув захираси йиғилишида унинг тутаётган ўрни беқиёсдир.

Давлат дастурлари бўйича Фарғона вилоятида 2022 – 2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг ўз муддатида бажарилиши учун “Фарғонамахсуссувпудрат” корхонаси ишчи-хизматчиларининг зиммаларида ҳам катта масъулият турибди. Яъни, вилоятнинг иккита туманида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ирригация ва мелиорация ишларини талаб даражасида бажариш, келгусида ана шу жойларда бу борада муаммолар бўлмасликка эришишдир. Зиммадаги вазифани бажариш учун шу кунларда зарур чоралар кўрилиб, белгиланган жойларда каналлар ва бошқа ишлар охирига етказилмоқда.

Бу ишларда Абдуғани Исоқов, Муҳиддин Турдиев, Қаҳрамонжон Охунов, Лиана Гулхина, Зарифжон Матмусаев каби экскаваторчи, бетончи, иш бош­қарувчи ва ҳисобчилар иш самарадорлиги бўйича ҳамкасбларига ибрат бўлмоқдалар.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img