|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Тадбиркорни ўзи қурган бинолар тоблади

Муҳим хабарлар

Ислом Ибодулла
Ислом Ибодулла
"2015-2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультетида таҳсил олган. 2020 йилда Туркия республикасининг Bandırma Ön yedi eylül üniversitesi таркибидаги касб-ҳунар таълимига ихтисослашган ўқув курси тингловчиси. 2021 йилдан эътиборан “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири."

Буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Шаҳрисабз ҳамда Самарқанд шаҳарлари ва бошқа жойларда бунёд эттирган муҳташам бинолар асрлар ўтса ҳам дунё халқларини миллатимизнинг меъморчилик санъатига лол қолдириб келяпти. Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой биносида битилган ва бобомиз тузукларидан жой олган: “Кимлигимизни билмоқчи бўлганлар, биз қурган иморатларга боқсин!”, деган ҳикматли сўзлари кўп нарсани англатади.

Жиззах вилоятидаги “Qurilish ta’minoti” хусусий корхонасини ташкил қилган Шуҳрат Баҳриддиновнинг фаолия­тига назар ташлаш аввалида юқоридаги мисолга бежизга тўхталганимиз йўқ. Кейинги йилларда давлатимизда яратилаётган шароитлар туфайли қурилиш ва бунёдкорлик соҳасида тадбиркорларимиз жиддий изланишлар қилиб, боболаримизнинг меъморчилик бобидаги ютуқларини давом эттиришга ҳаракат қилишаётганини эътироф этиш керак.

Шуҳрат Баҳриддинов ҳам қурилиш соҳасида тўплаган тажрибаларига таяниб мустақил равишда уни ҳаётга татбиқ этишни ният қилди. Ўн етти йил аввал вилоятда биринчилардан бўлиб қурилиш соҳасида иш юритувчи корхонасини ташкил этди. Ўша кезлари соҳага энди эътибор берилаётгани сабабли тадбиркорларга ишни бошлаш осон кечмаганини бугунги кунда Шуҳрат ака яхши эслайди. Қурилиш объектлари бармоқ билан санарли, қурилишбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар вилоят ўрамида камлиги учун уларни республиканинг турли ҳудудларидан олиб келишга тўғри келарди.

“Qurilish ta’minoti” корхонасининг аҳил жамоаси ана шу сингари синовларда раҳбарнинг ташаббуси-ю, ташкилотчилигига таянишди. Иккита туманда намунали уй-жой қурилишини зиммаларига олган корхона ишчи-хизматчилари ҳар қандай муаммо писанд эмаслигини кўрсатди. Уйларни қуриш ва ён-атрофларини ободонлаштиришга кетган сарф-харажатлар тадбиркорни чўчитмади. Банк кредитларини олиш масаласи чўзилиб кетганида, яқинларидан қарз кўтариб, бошлаган ишини сифатли қилиб бажаришга эришди.

Бу интилиш ва натижадан сўнг, тадбиркорга тан бериб, унга таянувчилар, муҳим ҳамда катта-катта объектларга буюртма берувчилар сони орта борди. Шу кунгача вилоятнинг туман ва шаҳарларида бун­ёд этилган ўнлаб мактаб, йўллар, ишлаб чиқариш корхоналари, маъмурий бинолар, болалар боғчалари ва бошқа кўплаб корхоналар қурилиш соҳасида ишбилармонлиги билан обрў қозонган тадбиркорнинг саъй-ҳаракатлари натижасидир.

Жиззах вилоятида 2022-2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурлари ижросини амалда татбиқ этишда турдош корхоналар қатори “Qurilish ta’minoti” хусусий корхонаси ҳам масъ­улият билан ёндошмоқда. Жамоа ишчи-хизматчилари маҳаллийлаштириш дастури асосида қурилишбоп материалларни ишлаб чиқариш билан бирга Жиззах шаҳрида қад ростлаётган муҳим объектлардан бири, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ”Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг буюртмасига кўра, “Prime Tower Group” МЧЖ лойиҳаси асосида умумий қиймати 65 507,880 млн сўмлик Жиззах вилояти судлари (маъмурий, иқтисодий, жиноий ва фуқаролик судлари) биносини қуришни зиммаларига олишган. Бунёдкорлар шу кунгача 52 539,814 млн сўмлик ишларни сифатли бажаришди. Бинони жорий йилнинг охиригача топшириш учун 200 нафардан ортиқ қурувчилар икки сменада меҳнат қилишмоқда.

Ташкилот прораби Сайфулла Абдуллаевнинг таъкидлашича, белгиланган режани уддалаш учун имкониятлар етарли. Зарур материаллар пешма-пеш олиб келиняпти, мавсумда қўшимча ишчи кучи жалб қилиниб, уларга устозлар бириктирилган. Касбни мукаммал ўзлаштирган ёшлар корхонада доимий ишлашга қолиб, уларга меҳнат дафтарчалари юритилади. Асосийси, улар ҳам доимий ишчи-хизматчилар қатори корхонада яратилган имтиёзлардан баҳраманд бўлишяпти.

– Вақтинчалик ишсиз бўлиб қолгандим, Жиззах шаҳрида ўтказилган меҳнат ярмаркасида ҳозир ишлаётган корхонамга таклиф қилишди, – деди Раҳимжон Қидиралиев. – Ўзимга биркитилган устоздан ғишт териш касбини ўрганиб, яқиндан бошлаб ўзим бу ишни мустақил бажаряпман. Ҳунар ўрганиш баробарида рўзғоримга барака кирди, ҳар ойда 3 миллион сўмга яқин маош оляпман. Ишларимни кузатиб юрган иш бошқарувчимиз доимий ишга қабул қилишини айтгани янада яхши меҳнат қилишга ундамоқда.

 

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img