Хизмат сафаримиз давомида Андижон вилоятининг бир қанча туманларида бўлиб, ҳудудларда олиб борилаётган янгиланишлар билан танишдик. Андижон шаҳридаги замонавий лойиҳа бўйича қайта реконструкция қилинган Навоий номидаги истироҳат боғига тушлик қилиш учун кирганимизда бу ерда чойхўрлик қилиб ўтирган нуронийларнинг гап-сўзлари эътиборимизни тортди.
– Бугунги дориломон кунларни кўриб, ундан баҳраманд бўлиш илгари бирортамизнинг хаёлимизга ҳам келмаганди. Арзимас маош учун тонг саҳардан кун ботгунича тинимсиз ишласакда, рўзғор ва оиладаги камчиликлар тугамас, айниқса, уй-жойга бўлган эҳтиёжимизни бирорта раҳбар эшитишни хоҳламас, ўз ёғимизга ўзимиз қовурилиб юрардик, – деди улардан бири.
– Қўшни маҳаллада яшовчи, дурадгор-уста Неъматилла Умаровни ҳаммангиз яхши биласиз, шаҳардаги кўплаб уйларнинг қурилишида унинг қўли теккан. Биров бирон-бир эҳтиёж билан хонадонига чиқса ёки бирор юмушни илтимос қилса, ҳар қандай ишини ташлаб дарҳол бажаришга одатланган бағрикенг инсонлардан. От изини той босади, деб бекорга айтилмаган экан. Яқинда эшитиб қолдим, ана шу устанинг ўғли Қудратилла ота касбини эгаллаб, жуда зўр бинолар қураётган экан, улардан бири шу яқин атрофда қад ростлаяпти, – деди даврада ўтирганлардан яна бири.
Бу гаплар бизни сергаклантирди. Гап биз учрашмоқчи бўлган Қудратилла Умаров ҳақида эмасмикин, деган фикр келди. Демак, Қудратилла ҳақида мақола ёзишни бежизга режамизга киритмаган эканмизда. Тушлик қилиб бўлгач, гаштак қилиб ўтирган нуронийлар билан хайр-маъзур қилиб, қаҳрамонимиз билан суҳбатлашиш учун қурилиш объекти томон йўл олдик. Қурилиш майдонига келгач, бу ерда иш авж палласида эканига гувоҳ бўлдик.
Моҳир устанинг ўғли ва шогирди Қудратиллани топиш қийин кечмади, уни бу ердагилар жуда яхши билишар экан. Тадбиркор билан учрашгач, у Хуршидбек Ҳабибуллаев таъсисчилигида ташкил қилган “Бинокор мадад қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ишчи-хизматчилари қураётган 420 ўринли мактабгача таълим ташкилотини бориб кўрдик. Гарчи, қурилиш ишлари ниҳоясига етмаган бўлса ҳам, аммо Энг улуғ ва энг азиз байрамимизга қадар объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Кўп бор таъкидланганидек, қурилиш соҳаси ўта нозик ва катта масъулият талаб қиладиган касблардан бири. Қандай шаклда бўлишидан қатъи назар ҳар бир объектнинг мазмун-моҳияти замири инсонларнинг келажагига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам бу соҳа ҳар кимга ҳам хос эмас. Яхши иморат қуриш учун тажрибали қурувчиларнинг маҳоратидан баҳраманд бўлиб, барчасини пухта ўзлаштиришни тақозо этади. Бу борада Қудратилла Умаровнинг йиллар давомида отасининг этагидан маҳкам тутгани ўз самарасини берди.
Падарибузрукворига қурилиш соҳасида тадбиркорлик қилиш нияти борлигини айтганида, у киши ўғлининг фикрини қўллаб-қувватлаб, зарур ёрдамини аямади. “Бинокор мадад қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинганига ҳадемай саккиз йил тўлади. Бир қарашда ўтган давр унчалик катта вақт эмас, бироқ шу йиллар оралиғида жамоа аҳли қурган иншоотлар, йўллар ва ободонлаштириш борасида амалга оширган ишлари уларни нафақат водий вилоятларига, балки республикамизга ҳам танитди.
Бир мисол. Булоқбоши туманида замонавий лойиҳалар бўйича бунёд этилган қишлоқ врачлик пунктлари, шу тумандаги маҳаллалардан учтасида қурилган намунали уйлар, мактабгача таълим ташкилотлари ва кўп тармоқли оилавий поликлиника, бу сингари бунёдкорлик ишлари сонини давом эттириш мумкин. Улар Қудратилла бошчилик қилаётган жамоанинг саъй-ҳаракатлари билан қисқа муддатларда қад ростлади, ўз навбатида бу ерда яратилган шароитлардан фойдаланаётган фуқаролар қурувчилардан миннатдор бўлишмоқда.
Жамоа аҳли булар билан чекланиб қолгани йўқ, улар жамият таркибида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехларини ташкил қилиш учун ҳам истиқболли лойиҳалар устида изланишлар олиб боришяпти. Бунинг учун барча шароитлар етарли. Яна бир нарса, ишчи-хизматчилар ҳар бир бажарган иши эртага корхонаси ва ўзига қандай наф келтиришини яхши билишади. Шунга монанд ишнинг сифати ва тежамкорлигига алоҳида эътибор қаратишади, бундай қатъий тартиб эса сарф-харажатлардан ташқари корхонанинг моддий жиҳатини мустаҳкамлашга имкон беряпти. Натижада ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошлари йил сайин ортмоқда. Муҳими, ҳар бир ишчи-ходимга меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаб олиши учун жамият томонидан шароитлар яратиб берилган. Тўй ва бошқа тадбирларда зарур моддий ёрдам кўрсатилади. Ёзги мавсумларда ишлайдиган мавсумий ишчилар ҳам ана шу имкониятлардан баҳраманд бўлишади.
– Жамиятда ишчиларга яратилган шароитлар туфайли оиламизга файз-барака киряпти, – деди вақтинчалик ишсиз мақомини олиб, кам таъминланганлар рўйхатида турган Абдуллажон Раҳимов. – Меҳнат ярмаркасида қатнашиб, қурилиш соҳасида ҳеч қандай тажрибам бўлмаса ҳам корхона раҳбарининг таклифи билан корхонада иш бошлаган эдим. Бу ерда тажрибали қурувчилар кўп экан, улар ёрдамини аяшмади, бир йил оралиғида пайвандлашни ўрганиб олдим, айни пайтда ўзим мустақил иш бажаряпман, ишларим маъқул келгани учун маошим ҳам шунга лойиқ бўляпти.
Бир сўз билан айтганда, бу давлатимизда инсон қадри устувор даражага кўтарилаётганининг самарасидир. Бу борада бошланган ислоҳотларга энди беш йилдан ошяпти, насиб этса, ҳали халқимизнинг барча орзу-истаклари рўёб топади.



