Юртимизда тадбиркорлиги, ташаббускорлиги билан ўзгаларга ибрат бўладиган кишилар бисёр. Улар мамлакат тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. “Bunyodkor Sanoat Butlash” масъулияти чекланган жамияти таъсисчисига ҳам ана шундай таъриф бериш мумкин.
– Университетнинг кечки таълимида ўқиш баробарида қурилиш-реконструкция ишларида амалиёт билан машғул бўлганман, – деди корхона таъсисчиси Ўктам Қурбонов. – Бу амалий ҳаракатлар кейинчалик қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ташкил этишимда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун қурилиш саноати юртимизнинг ривож топиб бораётган соҳаларидан бўлиб, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналар сони тобора кўпайиб, рақобат муҳити кучайиб бормоқда. Бу борада Бухоро вилоятида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.
Мамлакатимиз энг илғор қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари қаторида Бухоронинг бир қанча корхоналари ҳам мустаҳкам ўрнига эга. “Bunyodkor Sanoat Butlash” масъулияти чекланган жамияти ана шулардан бири. Маҳсулотларининг сифати билан ном қозонган бу корхонани Бухорода барча қурувчилар билишади. Чунки корхонанинг бирор маҳсулоти йўқки, қурилиш жараёнларида ишлатилмаса!
Ўктам ака Қурбонов кўп йиллик қурилиш соҳаси фидойиси. У киши 1984 йилда ҳозирги Тошкент техника университетининг кечки таълим йўналишини тамомлаб, мутахассис сифатида Бухоро уй қурилиш комбинатида оддий ишчидан бош муҳандис даражасигача бўлган узун касбий йўлни босиб ўтди. Айтиш керакки, бу муддат давомида бутун қурилишнинг амалий жараёнлари билан яқиндан танишган Ўктам Қурбонов 2004 йили ўзининг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган фирмасига асос солди.
– Қурувчи-муҳандис сифатида кўплаб қурилиш ишларида бош бўлдим, ўргандим – деди корхона раҳбари Ўктам Қурбонов. – Ҳозирга келиб бу тажрибаларни бевосита иш фаолиятимга татбиқ этиб келмоқдаман. Бухоро вилоятининг Когон туманидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводимизда ҳозирги кунда 25 турдаги қурилиш-реконструкция ишлари учун зарур материаллар яратилмоқда. Корхонамиз томонидан тайёрланган темир-бетон маҳсулотларига вилоятнинг ички истеъмол бозорида жуда катта талаб мавжуд.
Корхонада 30 нафардан ошиқ доимий ишчилар фаолият олиб бориб, ишлаб чиқариш жараёнларида ўз малакаларини намоён этмоқдалар. Таъкидлаш керакки, корхонада ишчиларни ижтимоий ҳимоялаш масаласига катта эътибор қаратилиб, улар моддий ва маънавий рағбатлантириб борилмоқда.
Албатта, саноатлашган ҳаётимизни техникаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Техника ва технологиялар шу қадар ҳаётимизни чуқур таъсирлантирдики, натижада инсон омили ўзининг даражасидан бир неча карра баланд чўққиларни ошиб ўтди. Бу ҳолат қурилиш соҳасида, айниқса, кўпроқ кўзга ташланади. Жумладан, “Bunyodkor Sanoat Butlash” МЧЖ фаолиятида ҳам мазкур темир дастёрларнинг ўрни катта бўлмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 млрд бўлган мазкур корхонанинг моддий-техник базаси жорий рақамларнинг юзага келишида асосий омил бўлиб хизмат қилади. Хусусан, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган плита, блоклар, ғишт ва бетон маҳсулотлари бевосита ташкилот балансидаги 1 дона кўтарма кран, 1 дона қумларни суриш-ташишни амалга оширувчи автоулов, 1 дона самосвал, 2 дона миксер ёрдамида ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Бухоро вилоятидаги кўп тармоқли қурилиш жараёнларига йўналтирилмоқда. Жумладан, ҳудуддаги иншоот қурилишлари, йўл ва шу турдаги бошқа реконструкция жараёнларига татбиқ этилмоқда. Шунингдек, корхона томонидан келажакда янги ишлаб чиқариш бўлимларини ташкил этиш асосий вазифа сифатида кўриляпти. 2023 йилда ишга туширилиши кўзда тутилган газоблок ишлаб чиқариш ва махсус тош кесиш цехлари шулар жумласидандир. Айтиш керакки, мазкур ишлаб чиқариш тармоғининг ишга туширилиши бир қанча янги иш ўринлари яратилишига сабаб бўлади.
Яхшидан боғ қолади, деган нақл бежиз эътироф топмаган. Орамизда кўп сонли шундай эзгу амалли, эзгу сўзли жамоалар, инсонлар бор. Шубҳасиз, “Бунёдкор Саноат Бутлаш” МЧЖ шундай ибратли фаолияти билан Бухоро вилоятида боғ яратаётган ташкилотлардан биридир. Жамоанинг серғайрат вакиллари, миришкор иш юритувчилари ва юқори амалий кўникмага эга йўлбошчилари қарамоғида корхонанинг йўли узоқ бўлаверади.





