Биз одатда кўча-кўйда кезар эканмиз, баланд-паст иморатларнинг ҳашаматидан ҳайратланамиз. Кун сайин кўрк очиб бораётган шаҳар кўринишидан мамнун бўламиз. Аммо бу жараёнда мазкур биноларнинг қурилиши учун асос бўлиб хизмат қилган қурилиш материаллари тармоғи, молия ташкилотлари ва ана шу материалларни ишлаб чиқараётган ишбилармонлар тўғрисида ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз. Яқинда “O‘zsanoatqurilishmateriallari” ЛИТИ уюшмаси ва “O‘zsanoatqurilishbank” АТБ ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур мазкур соҳа ходимларининг қурилиш соҳасидаги аҳамиятини яна бир бор кўрсатиб берди.
Қурилиш соҳаси доимий ўсмоқда
Ҳозирда мамлакатимизда 10 мингга яқин қурилиш материаллари корхоналари мавжуд бўлиб, уларда 180 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. 2022 йил якуни бўйича қурилиш материаллари экспорти 690 миллион доллар миқдорида белгиланган. Ўтган даврда 65,2 миллион долларлик ДСП, 42,5 миллион долларлик цемент, 25,3 миллион долларлик гулқоғоз, 25,3 миллион долларлик лок-бўёқ, 19,1 миллион долларлик қувур ва фитинг каби маҳсулотлар импорт қилинган.
Импорт асосан Россиядан – 32,1 фоиз, Қозоғистондан – 19,8 фоиз, Хитойдан – 10,6 фоиз, Тожикистондан – 7,2 фоиз ҳисобида амалга оширилган.
Маҳаллийлаштириш дастурига асосан жорий йилнинг ушбу даврида 13 турдаги қурилиш материаллари бўйича 515 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 116 фоизга бажарилган.
– Хусусан, дастур доирасида 18 минг дона керамик санитар-техник буюмлар, 1,8 миллион квадрат метр линолеум, 832 минг квадрат метр керамогранит, 1,8 минг тонна пайвандлаш электродлари каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган, – деди “O‘zsanoatqurilishmateriallari” уюшмаси директорининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров. – 2022 йил якуни билан маҳаллийлаштириш дастури доирасида 981 миллиард сўмлик 13 турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш белгиланган. Бу борада, жорий йилнинг ўтган даврида 758 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, режа 120 фоизга бажарилган. 2022 якунлари бўйича 1 802 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши ва ўтган йилга нисбатан 127 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Хусусан, ушбу лойиҳаларнинг 35 таси йирик лойиҳалар, 132 таси ўрта лойиҳалар ҳамда 652 таси кичик лойиҳаларни ташкил этади. Жорий йилда қиймати 1,8 миллиард долларлик 819 та лойиҳалар ишга туширилади ва 20,9 мингга янги иш ўринлари ташкил этилади.
Президентимизнинг “Уй-жойлар қурилишини ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Оҳангарон ва Ўзбекистон туманларидан иборат 8 та ҳудудда қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш кўзланган. Шунингдек, 16 та туман ва шаҳарларда бошқа ҳудудлар билан саноат кооперацияси ташкил этилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган. Бугунги кунда, мазкур ихтисослашган туманларда қиймати 1,6 миллиард долларлик 150 та лойиҳа шакллантирилган. Бунинг натижасида қарийб 98 мингга яқин иш ўрни ташкил этилиши белгиланган. Ушбу кластерларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 2022-2023 йилларда давлат бюджетидан 200 миллиард сўм, шундан жорий йилда 101 миллиард сўм ҳамда геология-қидирув ишлари учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Натижада Янги Ўзбекистон массивлари барпо этишда объектларнинг қурилиш муддати ва таннархини камайтириш имкони яратилади.
Замонавий бинокорлик материаллари “музей”и
“O‘zsanoatqurilishmateriallari” уюшмаси бугун республикамизнинг кўплаб тадбиркорларини бирлаштирган ташкилот. Мазкур бирлашма таркибидаги ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари ҳозирда том маънода маҳаллий бинокорлик жараёнларининг асосий таъминот манбаидир. Уюшманинг шоуруми ҳам амалда миллий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғининг ўзига-хос “музей”ига айланган.
Нурота тоғ тизмаларида ишлаб чиқариладиган табиий-пардозбоб, импорт ўрнини босувчи тошлар, оғир ва енгил саноат завод-фабрикалари учун ўтга чидамли ғиштлар, прессланган ғиштлар, гипс маҳсулотидан табиий деворбоб маҳсулотлар, замонавий қурилиш саноатининг ажралмас қисмига айланган керамик плиталар, мармар, гранит маҳсулотлари, табиий ва сунъий мозаика тошлар, уй ландшафти учун табиий тошзиналар, коммунал тармоқ маҳсулотлари мазкур шоурумга ўзгача кўрк бағишлаган.
– Кейинги 5 йилда мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилган ижобий ислоҳотлар натижасида қурилиш материаллари саноати жадал суръатларда ривожланди, – деди “O‘zsanoatqurilishmateriallari” уюшмаси бошқарма бошлиғи Баҳодир Кенжаев. – Хусусан, қурилиш материаллари саноатининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 8,1 триллион сўмдан 2021 йилда 24,2 триллион сўмга ошди. Соҳага 2017 йилда 560 миллион долларлик инвестиция жорий этилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 1,4 миллиард долларга етди. Шунингдек, экспорт ҳажми 71,4 миллион доллардан 438,1 миллион долларга етказилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш 103,2 миллиард сўмдан 923 миллиард сўмни ташкил этиб, қарийб 9 баробарга ошган.
Қурилиш материалларининг сифати текширилади(ми?)
Албатта, сўнгги йилларда қурилиш соҳасининг кескин ўсиши ортида бу савол долзарблик касб этди. Жумладан, маълумотларга қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг I ярим йиллигида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 15,0 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш ўтган йилга нисбатан 108 фоизга ошган. Ушбу даврда соҳага 758 миллион долларлик инвестициялар жорий этилди. 287,0 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. 268,0 миллион долларлик қурилиш материаллари импорт қилинди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 514,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ушбу даврда 4 833 та янги иш ўрни ташкил этилди. 2022 йил якуни билан соҳа бўйича 27,6 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, 1,8 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши, 690,0 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 981 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳамда 20 908 та янги иш ўринлари ташкил этилиши кутилмоқда. Шунинг билан бирга, жорий йил якуни билан 470,0 миллион долларлик қурилиш материаллари импорт қилиниши белгиланган.
Соҳа корхоналари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 287,0 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорт қилиниб, режага нисбатан 123 фоизга бажарилган ва ўтган йилга нисбатан 1,9 баробарни ташкил этган.
Жумладан, 64,6 миллион долларлик керамика маҳсулотлари, 86,7 миллион долларлик ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлари, 82,1 миллион долларлик металл буюмлар, 38,0 миллион долларлик алюмин профил ва алюминдан ясалган маҳсулотлар экспорт қилинган. Жами экспорт давлатлар кесимида Қозоғистон – 29 фоиз, Қирғизистон – 16 фоиз, Тожикистон – 15 фоиз, Россия – 7 фоиз кўринишига эга.
Албатта, бу жараёнларда ишлаб чиқарилган маҳаллий қурилиш материаллари билан бир қаторда экспорт қилинаётган қурилиш материалларининг ҳам сифат даражасини баҳолаш жуда муҳимдир. Бу борада йирик ишлаб чиқариш корхоналарида текшириш лаборатория бўлимлари ташкил этилган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари бевосита мазкур лабораторияларда текширувдан ўтказилиб, таркибий қисмларининг баланси ўрганилади. Шунга кўра маҳсулотнинг сифат ҳолати назорат қилинади. Айни кунда, мазкур турдаги лабораториялар билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда маҳсулот сифатини назорат қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилган.
“Тадбиркорлар мактаби” қандай вазифани бажаради?
Айтиш керакки, кейинги йилларда ҳақиқатда қурилиш материаллари ва бевосита қурилиш соҳаси иқтисодий драйверга айланди. Жумладан, охирги беш йилда мамлакатимизда 20 турдан ортиқ янги инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу биз учун нима беради?
Буни оддий рақамлар кесимида ҳам кўриш мумкин. Жумладан ўтган даврларда “O‘zsanoatqurilishmateriallari” уюшмаси таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган 400 миллион сўм миқдоридаги қурилиш материаллари экспорти йўлга қўйилган эди. Бугунги кунда мазкур соҳага замонавий инновацияларни татбиқ этиш натижасида уюшма таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларининг экспорт қиймати
1 триллион сўмдан ошди. Кўриниб турибдики, соҳага янги инновацион технологияларни олиб кириш ва бу борада тадбиркорларга тушунтиришлар бериш, ўқитиш ва ўргатиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада уюшма таркибида фаолият олиб бораётган “Тадбиркорлар мактаби” ўқув курсларининг аҳамияти катта.
– Ҳозирги кунда ҳаётимизни замонавий инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди, – деди илмий тадқиқот ва инжиниринг маркази директори Саидаҳмад Раззоқов. – Инвестициялар бевосита янги технологиялар билан чамбарчас боғлиқдир. Бу жараёнлар бевосита мазкур янгиланишлар учун соҳани чуқур англаган кадрларни талаб этади. “O‘zsanoatqurilishbank” ва “O‘zsanoatqurilishmateriallari” ҳамкорлигидаги “Тадбиркорлар мактаби” ўқув курси айни шу мақсадда ташкил этилди дейишимиз мумкин. Ҳозирда республикамизда 10 мингдан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қурилиш корхоналари фаолият олиб бормоқда. Уларда 80 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Мазкур улкан жамоа таркибидаги муҳандис-технологларнинг касбий малакасини ошириш бевосита мазкур ўқув курсида амалга оширилади. Шу кунга қадар мазкур ўқув курсларида 400 нафарга яқин тингловчи қатнашиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини оширди.
“O‘zsanoatqurilishmateriallari” ЛИТИ уюшмаси ва “O‘zsanoatqurilishbank” АТБ ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур қизғин савол-жавоб шаклида ўтиб, йиғилганлар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича мутасаддилардан батафсил жавоблар олишди. Ўз ўрнида, оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида мазкур ташкилотларнинг жонбозлиги эътироф этилди.




