|

|

2026 йил 11 Май, Душанба
spot_img

Ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар тадбиркорни танитяпти

Муҳим хабарлар

Абдусами Ҳақбердиев
Абдусами Ҳақбердиев
Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 1984 йилдан республика миқёсидаги матбуот нашрларида турли лавозимларда ишлаган. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида 2020 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Истиқлолнинг илк кунларидан кимнинг ким экани амалий ишларда яққол кўзга ташланди. Ўша кезлари Россияда чиқадиган нуфузли газеталардан бирида Ўзбекистон тўғрисида мақола чоп этилди. Унда давлатимиз мустақил сифатида ташлаган дастлабки қадамдан бошлаб фуқароларнинг турмуш тарзини ўзгартиришга, қадриятларни қайта тиклаб, ишбилармонликни кенг шакллантиришга эътибор қаратаётгани тўғрисида батафсил фикр юритилиб, ўзбеклар албатта, кўзлаган мақсадига эришади, зеро, бу жойда яшаётганларнинг аксарияти ишбилармон, деган мазмундаги жумлалар билан эътироф қилинган эди.

Кейинроқ билишимизча, ана шу жумлаларни ёзган журналист бирор марта юртимизда бўлмаган, бироқ Ўзбекистон тарихини жуда яхши билар, юртимиз ҳақидаги китобларни кўп ўқиганлардан экан. Бугунги кунда нафақат у, балки салоҳиятимиз ва кимлигимизни дунё афкор оммаси эътироф этмоқда. Бу эса, халқимизнинг мустаҳкам иродаси, ҳар қандай ишга қўл урса, уни охирига етказмасдан қўймаслиги ва энг муҳими, Ватаннинг келажаги учун бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида Баҳадир Алланиязов раҳбарлигидаги “EURO BETON” масъулияти чекланган жамияти жамоаси маҳаллийлаштириш дастури асосида фаолиятини бошлаганида айрим оғзига кучи етмаганлар “Баҳадир ўйлаб иш қилса, яхши бўларди, бу заминда қурилишбоп хомашё қаерда турибди, ҳамма ёқни қум қоплаб ётган бўлса, ундан кўра, бошқа ишнинг этагини тутгани маъқул эди”,  деган эди. Тадбиркор ўз бизнес-режасини амалга ошириш йўлида тош чиқса кемирди, сув чиқса симирди, тўсиқлар бўлганида эса қурилиш­ларда ишлаб, тўплаган тажрибаси билан уларни енгиб ўтди. Гапнинг рости, ҳукуматимиз томонидан етарлича шароитлар яратилган бўлса ҳам, бошқа жойларга қараганда табиий иқлими анча оғир бўлган ҳудудда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тадбиркорлик қилиб, одамларни доимий меҳнатга жалб қилишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун кишидан ғайрат-шижоат, шимолнинг иссиқ-совуғига бардошлик талаб этилади.

Баҳадирбек шундай матонатли, олдига қўйган мақсадига албатта эришишини амалга оширган ишлари билан исботлаган тадбиркорлар сирасидан. Даставвал корхонасига маҳсулот ишлаб чиқариш учун замонавий техника ва технологияларни олиб келди. Сўнгра ўз маҳалласи ҳамда ён-атрофдаги овулларда бекор юрган ёшларни корхонага жалб қилиб, уларга касб сирларини мукаммал ўзлаштиришларида кўмаклашди. Маҳсулот ишлаб чиқариш бошланган кезлари уйига бормасдан асосий дастгоҳларни ўзи бошқариб, унинг сифатини назорат қилди. Бу жараёнга ҳам ишонмасдан маҳсулотидан фойдаланаётган қурилиш объектларига бориб, ўзи етказиб берган бетон, арматура ва бошқа маҳсулотларнинг қўлланилиши, бардошлигига эътибор қаратиб, бир вақтнинг ўзида четдан келтирилаётган худди шундай маҳсулотлар билан таққослаб кўрди. Унинг бундай синчковлигини англаган қурувчи ҳамда мутахассислар маҳаллий хом­ашёдан тайёрланган маҳсулотлар бошқа жойлардан келтирилаётганидан арзон ва сифатли эканини эътироф этишди.

Тадбиркорнинг меҳнатига бунёдкорлар томонидан берилган баҳо уни изланишлар қилиб, ишлаб чиқаришига янгиликларни олиб киришга ундайди. Бу борада узоқ йиллар қурилишларда меҳнат қилиб, орттирган тажрибаси муҳим ўрин тутди. Бироз аввал бошлаган ишига беписандлик билан қараганлар ҳам бугунги кунда унга тан беришяпти. Шу кунларда у асос солган корхона ёрлиғи билан 30 дан ортиқ турдаги қурилиш маҳсулотлари Қорақалпоғистон Рес­публикасида қурилаётган турли иншоотлар учун асқатяпти.

Ипак йўли орқали ўтган “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўли қурилиши, Нукус шаҳридаги Сити, И.В.Савицкий номли музейнинг қайта реконструкцияси ва бошқа яна кўпгина қурилиш ташкилотлари амалга оширган ишлар мазкур корхонада тайёрланаётган маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан эканини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Қорақалпоғистон Республикасида 2022 – 2026 йилларда амалга оширилиши белгиланган Давлат дастури ижросини таъминлашда ушбу корхона ишчи-хизматчилари ҳам муносиб ҳисса қўшишга астойдил киришишган. Жумладан, Нукус шаҳрида бунёд этилаётган 16 қаватли турар жой, Хўжайли туманидаги 5 қаватли уй-жой ҳамда мактаб ва болалар боғчалари, Қўнғирот туманидаги 4 қаватли 3 та турар жой, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган газ-кимё мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш ишларига бетон, темир-бетон плиталар ҳамда бошқа кўплаб маҳсулотларни шартнома шартларига кўра, етказиб берилаётгани бу объектлардаги ишларнинг ўз вақтида уддаланишига имкон беряпти.

Айтиш жоизки, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлар натижасида бошқа ҳудудлардаги сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам тадбиркорлик ва ишбилармонлик кундан-кунга кенг қулоч ёзаётгани яқин келажакда уларнинг беминнат меҳнатлари туфайли ҳудуд янада обод ва кўркам бўлишидан далолатдир.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img