Сурхондарё воҳасида кўп асрлик тамаддун унсурларини кўриш мумкин. Узоқ ўтмишга туташ воҳа тарихи ҳудудда бунёдкорлик ва янгиланишларнинг халқнинг жон-қонига сингиганини англатади. Хусусан, эски Термизнинг тарихий манбаларда ёритилиши ниҳоятда қизиқарли ва долзарб бўлиб, унинг ҳар бир қаричи алоҳида бунёдкорлик мавзусидир. Термиз шаҳри аҳолиси босиб ўтган тарихий йўлнинг давоми сифатида шу кеча-кундуздаги улкан янгиланишларни мисол келтиришимиз мумкин. Жорий бунёдкорликлар ва янги даврдаги Сурхон воҳасининг ривожига ҳисса қўшаётган “Агромаштаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамияти шундай корхоналардан биридир.
Жарқўрғон тумани Сурхондарёда ўз ўрнига эга бўлган маъмурий ҳудуддир. Азбаройи у ерга йўлингиз тушса танти, меҳнаткаш, миришкор ва ишбилармон кишиларларни кўрасиз. Энг қизиғи, бунда воҳанинг қизиққон тадбиркорларини қурилиш соҳасида ҳам учратиш мумкин. Албатта, Жарқўрғонда қурилишдан озгина бўлсада хат-хабари бор кимсани сўроққа тутинг-у жавобни тайин
этинг:
– Кечирасиз, шу туманда “Агромаштаъмирқурилиш” корхонаси бор экан?
– Биламиз, бу ерлардаги энг яхши қурувчи корхоналардан бири.
Мазкур корхона 1996 йили ташкил этилган бўлиб, шу кеча кундузда Сурхондарё воҳасидаги кўплаб қурилиш-таъмирлаш ишларида иштирок этиб, капитал қурилиш, капитал реконструкция ҳамда жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш билан шуғулланиб келмоқда.
– Корхонамиз таркибида бир қанча бўлим ва бошқармалар мавжуд, – деди корхона раҳбари Яраш Ҳуррамов. – Жумладан, қурилиш-монтаж, иш юритиш, ҳисобчилар, кадрлар ва оддий ғишт терувчиларгача боғланган бўлимларимизда ишчиларимиз ўзларининг амалий салоҳиятларини кўрсатиб келишмоқда. Қурилиш ўзаро боғланган соҳа. Уни оддий архитектура ва лойиҳа ечимларидан тортиб, оддий ишчилар жамоасигача бўлган қатлам боғлаб туради. Шунга кўра, аҳил ва тажрибали жамоанинг ўрни аҳамиятлидир. Ҳозирги кунда корхонамизда 102 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Шундан 10 нафари бошқарув ходимлари, 17 нафари муҳандис-техник ходимлар, 75 нафари ишчилардан иборат.
Корхонанинг моддий-техник базаси ҳам амалий қурилиш жараёнларида кўмакчи вазифасини бажармоқда. Жумладан, 1 дона автокран, 4 дона экскаватор, 7 та юк ташиш автотранспортлари ва бошқа турдаги 3 дона техникалар мавжуд.
Корхона томонидан охирги йилларда йирик объектлар фойдаланишга топширилди. Хусусан, 2020 йилда Сариосиё туманидаги спорт объектларининг инфратузилмасини ривожлантириш ишлари бажарилди. Ўтган йил ҳисобидан Денов туманидаги Сил касалликлари диспансерини реконструкция қилиш, туманнинг Юрчи маҳалласидаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилоти учун 90 ўринли янги бинони қуриб битказиш ва таъмирлаш ишлари муваффақиятли бажарилди. Шунингдек, Денов туманидаги Нуристон маҳалласи ҳудудида янги спорт зали ва 528 ўринли янги мактаб биносининг қурилиши якунланди.
Жорий йилда Олтинсой туманида Ипак, Бўстон маҳаллалари ҳудудида жойлашган “Мустақиллик” ва Охунбобоев кўчаларининг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Айтиш керакки, корхона фаолияти давомида қарийб 29 млрд сўмлик қурилиш ишларини бажарди.
Қадим Сурхон воҳаси меъморчилигининг таҳлили шуни кўрсатадики, кўҳна шаҳарлар қалъалари ҳудудда меъморлик жуда узоқ тарихий босқичга эга. Мисол учун, Кампиртепа, Зартепа, Хайрободтепа, Далварзинтепа каби ёдгорлик маданиятлари бунга исбот бўла олади. Хусусан, антик даврга оид энг катта қалъа-шаҳарлар Термиз ва Далварзинтепа ўрнида бугун ҳам замонавий воҳанинг урбанизация анъанаси сақланиб келмоқда.
Бугун Сурхондарёдаги қурилиш жараёнлари ўша шонли ўтмишнинг амалий иниъкоси ўлароқ ўртага чиқмоқда. Бу жараёнларда ўзининг миришкорлиги, тажрибаси ва кўникмаси билан ҳудуднинг ташқи кўринишини ўзгартираётган қурилиш жараёнларига ҳисса қўшаётган корхоналарнинг ўз ўрни бор. “Агромаштаъмирқурилиш” корхонаси жамоаси ҳам ўлкадаги қурилиш-реконструкция жараёнларида бевосита иштирок этиб, давлатимизнинг кенг қамровли ислоҳотларида бевосита иштирок этмоқда. Корхонанинг келажак режалари мазкур ислоҳотлар замирида қўллаб-қувватланмоқда. Албатта, ҳозирги кунда ҳар қандай ислоҳот билвосита халқимизнинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилади. “Агромаштаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам юксак бунёдкорлик ишлари Сурхон воҳасида яшаётган ҳар бир кишининг келажагига даҳлдор бўлиб қолаверади.

