Бугун юртимизнинг бирор гўшаси йўқки, қурилиш ҳавоси кириб бормаган бўлса. Бу жараёнлар сўнгги йиллардаги миллий ислоҳотларнинг очиқ кўриниши бўлмоқда. Кўпдан-кўп турар жой бинолари, ижтимоий объектлар ва равон йўллар мамлакатнинг иқтисодий ўсиб бораётганидан далолат. Навоий вилоятида фаолият олиб бораётган “Sharq qurilish servis” масъулияти чекланган жамияти ўзининг йирик қурилишларию, ишлаб чиқариш тармоғи билан вилоятдаги энг илғор жамиятлардан бири ҳисобланади.
Мазкур корхона томонидан бажарилган ишларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Жумладан, корхона Навоий шаҳрида ихтисослашган Олимпия захиралари мактаб-интернатига 300 ўринли ётоқхона ва Навоий вилояти халқаро аэропорти ҳудудида ёпиқ мажлислар залини қуриш, Кармана гидроузелини, Қизилтепа тумани Ўртачўл массивидаги “Юлдуз” мелиоратив насос станциясини, Зарафшон шаҳри саноат ҳудудида жойлашган 7551-ҳарбий қисм биноларини реконструкция қилиш, Қизилтепа тумани Гулбоғ маҳалласига янгидан ичимлик сув тармоғини тортиш каби қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли бажарилиб, фойдаланишга топширилди.
Корхона таркибидаги тармоқ ва цехлар бугун тўлиқ қурилиш-монтаж ишларини бажариш, бўёқ ва темир-бетон маҳсулотлари, акфа ва ёғочдан ишланган эшик, дераза ромлари, уй ва офис жиҳозларини (мебель) ишлаб чиқариш, турли фракциядаги шебен, металл конструкциялар, бетон ғишт маҳсулотларини тайёрламоқда. Шунингдек, тайёр бетон маҳсулотлари ҳамда жамият тасарруфидаги хўжалик юритувчи субъектларда қурилишда ва чинни маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қум, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхона фаолиятлари йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда “Sharq qurilish servis” МЧЖ корхонасида 522 киши фаолият юритмоқда. Корхона шу кунга қадар тажрибали раҳбар бошчилигида кўплаб қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳам бажарди.
– 2022 йилда Навоий ЭИЗ ҳудудида қишлок хўжалиги ерларини томчилаб суғориш тизими лойиҳаси ҳамда жамиятга тегишли ҳудудда цемент, гранит плиталари ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган, – деди корхона раҳбари Шуҳрат Шарипов. – Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида бир қанча қурилиш ишларини бажардик. Жумладан, Осиё тараққиёт банки лойиҳаси бўйича Конимех тумани аҳолиси учун ичимлик сув таъминоти объекти, Ислом тараққиёт банки лойиҳаси бўйича Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 30-сонли 216 ўринли умумтаълим мактаби, Жаҳон банки лойиҳаси бўйича Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Сувоқова” унитар корхонаси учун маъмурий, лаборатория ва хўжалик бинолари сифатли қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Жамият томонидан сўнги уч йилда Навоий вилоятидаги “Конимех-1” насос станциясини мукаммал таъмирлаш объектида 35 731,3 млн сўмлик, “Навоий” каналини мукаммал таъмирлаш объектида 1 721,9 млн сўмлик, Кармана туманидаги “Маликработ” ҚФЙ ва “Сардоба” МФЙ аҳолиси учун ичимлик суви таъминоти ва сув иншоотини мукаммал таъмирлаш объектида 1 874,9 млн сўмлик, Навоий вилояти Марказий банк бошқармаси биносини капитал таъмирлаш объектида 730,5 млн сўмлик, вилоят Жиноят ишлари суди маъмурий биноси қурилиши объектида 5 417,1 млн сўмлик қурилиш ишлари муваффақиятли бажарилди.
Шунингдек, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 2 000 гектар майдондаги боғдорчилик хўжаликларида томчилаб суғориш тизимини ташкил қилиш учун отстойник ва қувурлар тармоғини қуриш, Хатирчи туманидаги Оқолтин каналини реконструкция қилиш, Кармана туманидаги “Камолот” уйлари ташқи коммуникациялари, ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиши, Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон маҳалласи маъмурий биноси қурилиши каби ишлар ҳам жамият аъзолари томонидан бажарилди.
Кармана туманидаги “Талқоқ” МФЙ ҳудудида тармоқлаштирилган прокуратура ва махсус прокуратура биноси қурилиши, гидроузелни реконструкция қилиш, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласида уйларни мукаммал таъмирлаш, Хатирчи ва Кармана туманларида тик қудуқлар қуриш, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Нурота туманларидаги чорвачилик хўжаликларида қудуқлар қуриш, Навоий шаҳрининг Амир Темур кўчасида жойлашган “Микрокредитбанк” АТБ Навоий вилояти минтақавий филиалининг маъмурий биносида олиб борилган ишлар корхонанинг салоҳиятидан дарак бериб тургандек.
Корхонанинг бунёдкорлик йўлида амалга оширган ишлари, реконструкция ва қуриб битказилган иншоотларни яна кўплаб мисол қилиш мумкин. Зеро, бажарилган ишларнинг барчаси аввало, мана шу юрт, унинг меҳнатсевар халқи учун хизмат қилиши биринчи галдаги масала эканини “Sharq qurilish servis” МЧЖ жамоаси жуда яхши билади. Шу сабабли ҳам жамоанинг ҳар бир вакили ўзига берилган вазифани сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилади.

