Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар бошида энг аввало, қурилиш соҳаси туради десак, муболаға бўлмайди. Зеро, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик намунаси сифатида қад ростлаётган бу иморатлар нафақат аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, балки юртимиз имижини дунёга танитишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ана шундай муҳташам ва мустаҳкам иншоотлар қуриш билан шуғулланиб келаётган тажрибали қурувчилар жамоасидан иборат “Экспрес Давр Инвест” МЧЖни бугун нафақат Тошкент вилояти, балки бутун юртимизда ҳам танишади. Жамият 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, 81 нафар доимий ишчисига эга. Уларнинг 17 нафари ўз мутахассислиги бўйича олий маълумотли. Асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бино-иншоотлар қураётган ушбу жамоа бугунга келиб кўпчилик юртдошларимизнинг ишончини қозонган.
Корхона қурувчилари қурган ва қураётган объектларни кўрган киши ишчилардан тортиб раҳбаргача ишда сифатни биринчи ўринга қўйишига гувоҳ бўлади. Ҳар қандай бинонинг мустаҳкам қад ростлашида энг аввало, мукаммал лойиҳа муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олган жамият аъзолари бу масалага алоҳида эътибор қаратишади. Шу боис, “Ўзоғирсаноатлойиҳа”, “Orginal” МЧЖ, “Elegant Project”, “Caching Art” каби лойиҳа ташкилотлари билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб келаётган жамоа Тошкент вилояти ҳудудий назорат инспекцияси қошидаги синов лабораториясининг доимий мижози ҳисобланади.

Бугун юртимизда қурилиш материаллари саноати кундан-кун ривожланиб, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, ҳар бир вилоят қайсидир қурилиш материалини ишлаб чиқаришга ихтисослашмоқда. Бу эса келгусида қад ростлаётган турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, маданий-маиший бинолар қурилишида маҳаллий маҳсулотларга бўлган талаб тўла қондирилади деганидир. Хусусан, “Экспрес Давр Инвест” МЧЖ ҳам объектлар қурилишида асосан маҳаллий қурилиш материалларидан нафақат фойдаланиб келмоқда, балки ўзлари ҳам ишлаб чиқармоқда.
– Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида “Қурилиш ресурслари классификатори” платформаси ишга туширилиб, 100 мингдан зиёд қурилиш материаллари ва хизматларининг бозор нархи шакллантирилиши ҳақида гапирилди, – деди ташкилот директори Юнус Аҳмедов. – Демак, юртимизда қурилиш материаллари саноатида катта ўзгаришлар бўлиши ва бу бевосита биз тадбиркорлар қураётган уй-жойлар сифати ва нархига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Биз ҳам корхонамиз таркибида кластер тизимига мувофиқ эшик-ромлар ишлаб чиқариш цехини ташкил қилганмиз, Дераза ва эшик ромларини ишлаб чиқаришда Шуҳрат ва Даврон Саидовлар ҳамда Шоҳрух Йигиталиев каби мутахассисларнинг хизмати катта. Қолаверса, жамиятимизда ишчилар учун барча керакли шароитлар яратилган. Улар махсус кийим-бош, уч маҳал овқат, турар жой билан таъминланган. Пардозчи Абдурасул Дадабоев, иш юритувчилар Равшан Аҳмедов, Алишер Муталибов ва Бахтиёр Мелиев, бетон қуювчи Ҳожиакбар Муродов каби малакали қурувчилар жамоанинг фахри ҳисобланади.
Бугун Тошкент вилоятининг қайси туманига борманг, ушбу жамоа қурувчилари қурган кўркам турар жой бинолари, замонавий мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда поликлиника биноларига кўзингиз тушади. Энг муҳими, уларнинг меҳнатидан аҳоли ҳам миннатдор. Шу пайтга қадар топширилган бирорта объект эгаси уларнинг ишидан норози бўлмагани ҳам бу фикрнинг исботидир. Аслида, қурувчи аҳли учун бундан-да катта эътироф бўлмаса керак.
Хусусан, Мудофаа вазирлигига қарашли Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмлар ва ҳаво кучлари базаси ва Ирригация институтининг 9 қаватли биноси реконструкцияси, Ўрта Чирчиқ туманидаги 7-мактабнинг реконструкцияси ва қўшимча қурилган янги биноси, Миллий университет ётоқхонасини қайта таъмирдан чиқаришда жамоа ўз маҳоратини намоён этган. Хусусан, Миллий университет кутубхонасини хорижлик талабаларга мослаб қайта таъмирлашда жамоа аъзолари катта масъулият билан ишлаган. Бино нолдан бошлаб қайта қурилиб, хорижлик талабаларнинг хусусиятларига кўра жиҳозланиб, тайёр ҳолатда топширилган. Яшнобод тумани прокуратураси биноси ҳам худди шундай мукаммал тарзда бунёд этилган бинолар сирасига киради. 70 нафар ишчининг меҳнати эвазига барпо этилган ушбу бино иккита кириш қисми, фуқароларни қабул қилиш бўлимидан иборат. Беш қаватли бу иншоот алоҳида иситиш, канализация ва совитиш тизимлари билан жиҳозланган.
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида нодавлат-нотижорат ташкилоти учун қурилган “Дўстлик уйи” эса “Экспрес Давр Инвест” МЧЖнинг шуҳратини янада оширди, десак муболаға бўлмайди. Шу йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган ушбу Дўстлик уйи икки қаватдан иборат. Қайта реконструкциядан кейин бутунлай янги қиёфага кирган бино барчага бирдек манзур бўлди. Бино нафақат қайта қурилди, балки мебель ва компьютер билан ҳам тўлиқ жиҳозланиб, барча шароит яратилган ҳолатда топширилди. “Дўстлик уйи”нинг очилиш маросимида вилоят ҳокими томонидан жамият жамоасига ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Юқоридагилар “Экспрес Давр Инвест” МЧЖ томонидан илгари қурилган ва таъмирланган иншоотлар ҳисобланади. Айни пайтда жамоа аъзолари Оҳангарон туманидаги “Қуюн” МФЙда оилавий поликлиника ва тез тиббий ёрдам биносини қуриш ишлари билан банд. Бино 100 қатновли бўлиб, икки қаватдан иборат. Тез тиббий ёрдам биноси эса бир қават. 28 нафар ишчи меҳнат қилаётган поликлиника биносининг лойиҳаси “Elegant project” лойиҳа ташкилотига тегишли.
Бундан ташқари, жамоа томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги “Нов” ва “Баҳор” МФЙларида инспекторлар учун хизмат уйлари қурилмоқда. Икки сотихли, уч хонали бу уйлар битгач, ушбу маҳаллаларнинг кўркига кўрк қўшилиши шубҳасиз. Бу объектлар ҳам Мустақиллик байрами арафасида ўз эгаларига топширилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг 50 ўринли маъмурий биноси қурилиши ҳам август ойи охирида ниҳоясига етиши режалаштирилган.
Қурилишда техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси биринчи ўринда туради. Қоидаларни билган ва уларга тўлиқ риоя қилган қурувчининг ҳаёти хавф остида бўлмайди. “Экспрес Давр Инвест” МЧЖда ишчилар учун ҳафтада бир маротаба техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича машғулот ташкил қилиш тажрибаси йўлга қўйилган. Машғулотларни техника хавфсизлиги бўйича махсус курсларни битириб келган жамиятнинг малакали мутахассислари ўтишади. Корхонага тегишли объектларнинг барчасида бундай машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилгани боис, қурилиш жараёнида ҳозирга қадар бахтсиз ҳодиса кузатилгани йўқ.
Бошқа ташкилотларга ҳам ўрнак бўлишга арзийдиган тажрибани қўллаб келаётган “Экспрес Давр Инвест” МЧЖда ишчилар доимий ва мавсумий бўлиб, асосан, пардозчилар, сантехниклар, электрик, бетончилар, ғишт терувчилар каби жамоаларнинг меҳнатидан унумли фойдаланиб келяпти. Қолаверса, иш ҳажми ва буюртмага кўра бошқа ишчилар шартнома асосида ишга жалб қилинади.
Келгусида яна кўплаб иншоотлар барпо этиб, минглаб юртдошларимизни нафақат уй-жой, балки иш билан ҳам таъминлашга камарбаста бўлаётган жамоага касб байрами муборак бўлсин!

