|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азиз бунёдкорлар!

Муҳим хабарлар

Райҳона Хўжаева
Райҳона Хўжаева
2003-2007 йиллар давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини бакалавр, 2009 йилда магистратура босқичини тугатган. Унинг таълим-тарбия, маънавий-маърифий, қурилиш-бунёдкорлик мавзуларидаги мақолалари матбуот саҳифаларида чоп этилиб келинмоқда.

Фақатгина озод ва обод, тинч ва фаровон заминдагина бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Фақат шундай гўзал юртга байрамлар ярашади. Куни кеча гўзал пойтахтимиз яна бир тантанага гувоҳ бўлди. Ўз бағридан миллионлаб юртдошларимизга жой берган она шаҳар бугун яна минглаб кишиларга мезбонлик қилди. Меҳмонлар юрт қурувчилари – жонажон ватанимизнинг маҳоратли бунёдкорлари, лойиҳачилари, меъморлару шу соҳада фидокорона меҳнат қилиб келаётган заҳматкаш касб эгалари бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги ­“Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига асосан август ойининг иккинчи якшанбаси “Қурилиш соҳаси ходимлари куни” деб эълон қилинган. Беш йилдирки, айнан шу куни юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган заҳматкаш касб эгалари ардоқланиб, соҳада фаолият юритаётган фаол ходимлар тақдирланиши одатга айланди.

Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган бу йилги тантанали тадбир пойтахтнинг энг муҳташам маскани – Халқаро форумлар саройида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов, шунингдек республикамизнинг барча вилоятларидан қурилиш соҳаси ходимлари иштирок этишди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига байрам табригини Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Юртбошимиз табригида бугунги кунда Янги ­Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида барча ислоҳотларимиз марказига инсон қадри, унинг ҳаё­тий манфаатларини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилаётгани алоҳида таъкидланди. Ана шундай улуғвор вазифани амалга оширишда бошқа соҳалар қатори қурилиш соҳаси, унинг улкан имкониятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунингдек, Президентимиз ўз табригида таъкидлаганидек, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳоли пунктларига комплекс ёндашув, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ижтимоий соҳа объектлари, таълим, маданият марказлари, истироҳат боғлари, болалар майдончаси, спорт масканларини бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий тасдиғи сифатида 2022 йилда инвестиция дастури бўйича 1 минг 868 та ижтимоий объектда қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлаш ўринлидир.

Маълумотларга кўра, республикада қурилиш ишлари ҳажми 2010 йилда 8,2 триллион сўмни, 2012 йилда 11,7 триллион сўмни, 2014 йилда 20,1 триллион сўмни, 2016 йилда 29,4 триллион сўмни, 2018 йилда 51,1 триллион сўмни, 2020 йилда 88,1 триллион сўмни ташкил қилган. Жорий йилнинг май ойи якунлари бўйича эса ушбу кўрсаткич 45 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткичларни амалга оширишда самарали фаолият олиб бораётган ходимлар Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тадбирда эътироф этилди.

Юз-кўзида ҳаётидан мамнунлик, шундай шарафли касбда ишлаётганидан фахр туйғуси акс этиб турган соҳа ходимларининг таассуротларига қулоқ тутдик.

 

Элдор ИСААКОВ, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бош мутахассиси:

– Юртбошимизнинг қурилиш соҳаси ходимларига йўллаган табригини тинглаб, жуда қувондик. Биласизми, инсон қайси касбда ишлашидан қатъи назар, меҳнатининг эътироф этилиши унга янада катта куч ва ғайрат бағишлайди. Юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликларда Қурилиш соҳасида назорат инспекция­сининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан Давлат дастурларига киритилган 28 668 та объектлар қурилиш-монтаж ишлари назоратга олинган бўлиб, 26 093 таси рўйхатдан ўтган. Ушбу объектларда 56 668 маротаба назорат ишлари амалга оширилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган 55 424 та ёзма кўрсатмалар берилиб, шундан, 41 205 таси бартараф этилган.

Булардан ташқари, яқинда Қурилиш вазирлигининг буйруғига асосан, инспекциянинг Марказий аппарати томонидан “Қурилишда давлат назорати” миллий ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур тизим синов тариқасида Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларида ишга туширилиб, Инспекция бошлиқлари, ўринбосари, АКТ мутахассиси, Буюртмачилар бўлими, Қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат бўлими иштирокида семинарлар ташкил этилди. Ҳудудлардаги қурилиш объектларига чиқиб, янги жорий этилаётган тизимнинг қулайликлари, қурилиш объектларига бириктирилган масъул ходимларнинг жавобгарликлари, сифат назорати ва объектларни фойдаланишга қабул қилишнинг шаффофлигини таъминлаш юзасидан инспекторлар томонидан ёзма кўрсатмалар берилди. Айни пайтда уларнинг ижроси бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, соҳада фидокорлик билан меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни касб байрами билан яна бир бор табриклайман.

 

Облоқул МИРЗАЕВ, “Andijon Fuqaro Loyiha” МЧЖ раҳбари:

– Юртимизда уй-жойлар, маданий-маиший ва замонавий инфратузилма объектлари қурилишининг кўлами кенгайгани таҳсинга лойиқ. Шундай ишларни амалга ошираётган бунёдкорларга эътибор соҳа ходимларини янада ишчанликка ундамоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунида янада яққол намоён бўлди. Юртбошимизнинг табригини тинглаб, бу соҳада фаолият юритаётганимдан, шу заминни ривожи учун ҳисса қўшаётганимдан ғурурландим, рости. Айни пайтда жамиятимиздаги 50 нафар ишчи қурилиш лойиҳаларини ташкил қилиш билан шуғулланиб, Андижон вилояти кўркига кўрк қўшиб келмоқда.

 

Дониёр ЖУМАНОВ, 12-трест, 65-қурилиш бошқармаси бошлиғи:

– Бошқармамиз пойтахтимиздаги энг кўркам биноларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари билан шуғулланиб келяпти. Ишимизда энг аввало, сифат ва мукаммалликни биринчи ўринга қўямиз. Айни пайтда пойтахтимиздаги Киночилар уйи, “Ўзбекфильм” АЖга қарашли павильонларни қайта қуриш ишларини бажаряпмиз. Объектлардаги иш жараёни икки сменада ташкил қилинган бўлиб, 400 нафар ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Объектни нолдан бошлаб қуриб, кириб ишлайдиган ёки яшайдиган ҳолатда топширамиз. Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан барча ҳамкасбларимизни табриклайман. Машаққатли аммо шарафли касбларида уларга омад доим ёр бўлсин. Юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишдан асло чарчашмасин!

 

Абдисамад БАЛГАЕВ, СамДАҚИ Архитектуравий лойиҳалаш кафедраси доценти:

– Эллик йилдан буён архитектура ва қурилиш соҳасида кадрларни тайёрлашга ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. “Янги Ўзбекистон”ни бунёд этишда шогирдларимизнинг фаол иштироки жамоамизга куч-қудрат бағишламоқда. Ҳозирги бунёдкорлик ишларининг барчасида биз ва шогирдларимизнинг ҳам ҳиссаси бор, деб ўйлайман.

Юртимизда ҳар қандай соҳага бўлган қараш негизида ёшларга эътибор ётади. Юқорида сўз юритган ўқитувчи, мураббий, қурувчи устозларнинг дилида ҳам ватанимиз гўзаллигига гўзаллик қўшишдай эзгу ўйлар бор. Амир Темур бобомиз бежизга “Бизнинг қудратимизга ишонмасангиз, биз қурган биноларга боқинг”, деб айтмаган эди.

 

Зуҳра ШОДМОНОВА, Тошкент архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси:

– Бугунги шодиёна билан барча касбдошларимни табриклайман. Шу кунгача кўплаб шогирдларни тайёрладик, улар доимо раҳмат айтиб келишади. Шундай кезлари улар бажараётган бунёдкорлик ишларида биз берган таълим-тарбиянинг ҳам ҳиссаси борлигидан қувонамиз. Куни кеча юртбошимиз институтимизнинг янги биносини бориб кўрди, ўқитувчи ва талабалар билан суҳбатлашди. Бу ҳам ўз навбатида соҳага малакали кадрларни тайёрлашга янада яхши имкон яратади. Эндиликда қурилишда назария билан амалиётни баравар олиб бориш учун турли лаборатория ва марказлар институтимизни ўзида фаолият юритади. Келгусида янада малакали кадрлар тайёрлашимиз учун мустаҳкам замин яратилди.

 

Элёр КОМИЛОВ, Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи:

– Ҳозир кўчадан шу муҳташам бинога келгунга қадар ҳам бир қанча бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдик. Булар биргина Тошкент шаҳридаги ўзгаришлар, холос. Масалан, “Nest One” биносини оладиган бўлсак, у Япония технологияси асосида қурилган. Байрам тантанаси бўлаётган мана шу бино ва қурилаётган бошқа уй-жойлар юртимизнинг бугунги қиёфасини яратишга ҳисса қўшмоқда. Охирги беш йилда 58 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой қурилди. Бу тарихий воқеа, яъни, бу дегани 218 мингта уй-жой қурилиб, 218 минг оила уйли бўлди деганидир. Уларнинг орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳам ватанли бўлгани кишини қувонтиради. Биласизми, биз аввал нечта имконияти чекланган ёки ёлғиз аёл борлигини билмаган эканмиз. Бугун уларнинг ҳар биттасига алоҳида эътибор берилиб, имтиёзли кредитлар, субсидия орқали қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди. Бу жараёнда қурилиш соҳасидаги тадбиркорларга ҳам яхши имконият берилган бўлса, қанча аҳоли ватанли бўляпти. Охирги беш йилликда қилинган ислоҳотлар, яъни, янги нормаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга татбиқ этиш, шунингдек, хориж билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ҳолда қурилиш соҳасига хориж тажрибасини олиб киришга ҳам бугун алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йиллардаги асосий ислоҳотларни айтадиган бўлсак, бу “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг яратилганидир. Рақамлаштиришда инсон омилининг чекланишидан мақсад, коррупцияга қарши аёвсиз курашишдан иборат. Янги лойиҳалаларни ишлаб чиқиш бўйича яқинда Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселекторда кўрсатилган вазифалар бўйича топшириқлар белгилаб берилди. Вазирликда буйруқлар тайёрланиб, тегишли ходимларга ўз вақтида бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бугун фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни, қурувчи ва лойиҳачиларни, меъморлар ва пудратчиларни бунёдкорлар байрами билан чин дилдан табриклайман.


Тантанали тадбир давомида таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Тантаналар давомида вазирлик раҳбарияти томонидан фаол ходимлардан бир гуруҳига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам тадбирида вазирлик ва Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан соҳада фаолият юритаётган жонкуяр ходимлар аниқланиб, турли номинациялар бўйича тақдирланишди. Унга кўра, “Энг намунали ходим” номинацияси бўйича Қурилиш вазирлиги Аппарат раҳбари ёрдамчиси Азизбек Рус­тамов ҳамда Ижро назорати бўлими бош мутахассиси Учқунжон Ҳалилов, “Энг фаол ходим” номинацияси бўйича Архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Анваров ҳамда Кадрлар бўлими мутахассиси Мадина Мамадалиева, “Энг ижодий ёндошувчан ходимлар” номинацияси бўйича Қурилишда техник меъёрлаш ва янги технологияларни жорий этиш бошқармаси етакчи мутахассиси Жамолиддин Бўтаёров ҳамда Марказий бухгалтерия бош мутахассиси Баҳром Сирлибаев, “Энг талабчан ходим” номинацияси бўйича Ижро назорати бўлими бошлиғи Вагиф Мамедов ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари ёрдамчиси Умид Азимов, “Энг масъулиятли ходим” номинацияси бўйича “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК бошқарма бошлиғи Жамшид Ражабов ҳамда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Шерзод Низамов,

“Энг ташаббускор ходим” номинацияси бўйича “Шаффоф қурилиш” маркази бўлими бошлиғи Шаҳзод Абдугаффаров ҳамда Девонхона мудири Гулшаной Отабоева лойиқ кўрилди.

Қурилиш соҳаси ходимлари куни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг нишонланди.

Хусусан, Қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Meridian” тантаналар мажмуасида вилоят қурилиш соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган, моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва пудрат ташкилотлари вакиллари учун тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ва вилоят секторлари раҳбарлари иштирок этишди. Вилоят ҳокими йиғилганларни кириб келаётган мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёналари ҳамда қурилиш соҳаси ходимлари куни билан самимий табриклаб, байрам тилакларини билдирди.

Наманганлик қурувчиларнинг ютуқларига алоҳида тўхталган вилоят раҳбари “Қурилишлар қанча кўп ва сифатли бўлса, шаҳар ва қишлоқлар обод, гўзал бўлади. Бу ерда яшаётган инсонларнинг кайфияти ҳам юқори бўлади. Хурсанд бўлиб айтишимиз мумкинки, бугун мамлакатимиз бўйлаб бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари дастурининг пайдо бўлиши, вилоятимиз қурувчиларидан ҳам катта масъ­улият талаб этади,”  деди ўз сўзида.

Қорақалпоғистон Республикаси қурувчилари ҳам байрамни катта тантана билан нишонлашди. Қорақалпоқ заминини ҳар томонлама обод масканга айлантиришда ҳудудда меҳнат қилаётган қурувчиларнинг ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар Президентимиз бошлаган ташаббусларга ҳамоҳанг тарзда иш юритиб, туман ва шаҳарлар қиёфасини замонавийлаштириш учун бор кучларини аяшмаяпти. Ана шундай шижоат билан улар касб байрамини кутиб олишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг ўринбосари Ўктам Тўраев, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазири Жалгасбай Бердихановлар бунёдкорларни касб байрами билан таб­риклашди. Шундан сўнг, қурилиш соҳасида фаол меҳнат қилиб, ҳамкасбларига ибрат кўрсатаётган бир гуруҳ соҳа ходимларига Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари  топширилди.

Байрам тадбирлари Қашқадарё вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов қурилиш соҳаси вакилларини касб байрами билан табриклаб, юртимиз ободлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаёт йўлида шубҳасиз бунёдкор қурувчиларимизнинг ўрни беқиёслигини таъкидлади. Шунингдек, ўз соҳасининг чинакам жонкуяри бўлган қурувчилар вилоят ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ана шундай байрам тантаналари юртимизнинг бошқа вилоятларида ҳам бўлиб ўтди.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img