– Мустақилликка эришганимизга ўттиз йилдан ошди, у турмуш тарзимиз, ҳаётимиз ва фаровонлигимизни қанчалик даражада ўзгартириб юборганини жиддий ўйлаб кўрмасдан, баъзи жузъий камчиликка рўбару бўлганида уни ўзи ҳал этиш ўрнига, айрим одамларнинг нолиётгани қулоққа чалиниб қолади. Шундай вақтларда “Эҳ ношукр банда, дориломон кунларда яшаяпсан-у, ёшинг бир жойга бориб қолишига қарамай, ҳануз унинг мазмун-моҳиятига етмабсан”, дегим келади, – деди Урганч шаҳридаги “Жанубгаз бутлаш ва қурилиш қурилмалари” унитар корхонаси темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонанинг бош ҳисобчиси Кўпалбой ака. – Ростдан ҳам, бошдан дўппини олиб, фикр юритадиган бўлсак, ўша даврда қандай турмуш кечиргандик, ишлаб чиқариш тармоқларидаги аҳвол қай даражада эди, муҳтожларни турар жой билан таъминлашга бирор киши эътибор қаратганмиди, аксинча, сал-пал кўзга кўринарли иморат қурган киши текширувлар ва савол-сўроқлардан боши чиқмасди.
Бугунги кунда, кўз ўнгимизда шаҳар ва қишлоқларимиз жамоли тубдан ўзгаряпти, замон талаблари даражасидаги кўп қаватли уйлар қурилиб, муҳтожларга бериляпти. Янги ишлаб чиқариш корхоналари, кичик цехлар бунёд этилиб, ишсизлик муаммосига чек қўйилмоқда. Ўша даврларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва қарамоғида бирон-бир яқини йўқ кишилар ҳам жамиятда ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшаши тўғрисида бирор кимса ўйлаганмиди? Шу сингари фикрлар хаёлдан ўтганда “Ким эдигу, ким бўлдик”, деб шундай кунларга етказганига шукроналар айтаман.
Жамиятимиз бўғинларида ҳар сонияда бўлаётган ўзгаришларни ўзим узоқ йиллардан буён меҳнат қилаётган корхона мисолида таққослагим келади. Ўша кезларда ташкилотимизнинг номи улуғ бўлгани билан ишлаб чиқариш салоҳияти анча чекланган, қурилишбоп маҳсулотларнинг кўпгина хомашёси бошқа жойлардан олиб келинарди. Бу эса, ушовидан тушови қиммат, деганларидек, тайёр маҳсулот даражасига етказишда таннарх ошиб кетар, бунинг таъсири туфайли вилоят миқёсида узоқ борса, йилига 5-6 та иншоот қурилар, айримлари эса материалларнинг қимматлигидан йиллар давомида чалакам-чатти бўлиб ётарди.
Мана шундай даврларда ҳам сабр-тоқат билан меҳнат фаолиятини тўхтатмасдан, келажакка умид-ишонч билан қараган жамоа бугунги кунда орзу-ниятларига эришгандан фахрланиб, нафақат Урганч шаҳрида, балки республикамиз жанубидаги кўплаб шаҳар ва туманларда бунёд этилаётган турли кўринишдаги иншоотлар, мактаб, боғча, йўллар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари учун шартномалар бўйича плита, бетон ва темир-бетон сингари бир неча турдаги қурилишбоп маҳсулотларни етказиб бермоқда.
Айтиш жоизки, корхонанинг бугунги даражага эришиши осон кечмади. Ишлаб чиқариш ташкилотларини модернизациялашга қаратилган қонунлар ташкилот раҳбари Р. Абдуллаев, иқтисодчиси С. Турниязов, бош муҳандис ва бошқа фидойи кишилар учун асосий дастуруламал бўлди. Ташкилот унитар корхона сифатида фаолиятини бошлаши билан биринчи навбатда ўз муддатини аллақачонлар ўтаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган техника ва технологияларни янгилашга эътибор қаратди. Бу борада қанча маблағ зарур бўлса, аялмади. Шу билан бирга, ишчи-ходимлар замонавий технологияларни бошқариши учун улар қайта тайёргарликдан ўтказилди. Маҳсулот чиқарила бошланган дастлабки кундан уларнинг сифатини яхшилаш масаласи назоратга олинди.
Ана шу ишлар тўла шакллантирилгач, тайёрланаётган маҳсулотларга талаб ҳам шунга лойиқ бўлди. Вилоятдаги қурилишга ихтисослашган корхоналар қаторида, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро вилоятидаги туман ва шаҳарлардан ҳам буюртмалар туша бошлади. Бунинг сабаби тайёрланаётган маҳсулотларнинг фақат сифати яхшилиги эмас, балки уларнинг арзонлиги ҳам эди.
Жамоа аҳли шимолнинг совуқ шиддати ва жазирама иссиғига қарамай фидойилик билан қилаётган меҳнатлари натижасида бугун корхона тўла-тўкис қаддини тиклаб олди. Якунланган йилда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 6 млрд сўмдан зиёдни ташкил қилиб, уларнинг ўртача таннархи бир сўмлик харажатдан 94 тийинга тушган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида чиқаётган маҳсулотлар бундан ҳам арзонлашиб, режа 122 фоизга бажарилди, соф даромад ҳам шунга яраша бўлди. Бу кўрсаткичлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, ислоҳотлар бераётган имкониятлар бошқалар сингари, бу ерда меҳнат қилаётган ишчиларни ҳам эртамиз янада порлоқ бўлиши, фуқароларимиз бугундан кўра, эртага яна ҳам яхши яшашлари учун изланишлар сари ундаётгани барчамизга ибратдир.

