Хоразм санъати тўғрисида гап кетса, халқимизнинг кўз ўнгида энг аввало, “Лазги” келади. Неча асрларни ортда қолдирган ва ҳар даврда сайқал топиб, миллий санъатимизда мана шу йўналиш қирраларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганлар ҳар қанча эътирофга лойиқдир. Шуни ҳам айтиш керакки, вилоят аҳолиси азалдан ашула ҳамда рақсга ўта ихлосмандлиги билан чекланиб қолмаган. Вилоятнинг исталган туман ёки шаҳарларида бўлган киши бу ерда қад ростлаган ва минг йиллардан буён охори тўкилмай ўзлигини сақлаб турган бири-биридан гўзал иншоотларни кўради. Айниқса, Хива шаҳридаги тарихий ансамблнинг маҳобати дунё сайёҳлари эътиборини тортиб келмоқда.
Бугунга келиб, бунёдкорлик соҳасидаги бетакрор анъана истиқлол яратиб берган имкониятлар туфайли қайтадан сайқал топмоқда. Қурилишда тадбиркорликни йўлга қўйиб, ота-боболар касбини янада ривожлантираётганлар қаторида Темурбек Норбаев бошчилигидаги “Шиддат монолит” хусусий корхонаси, ҳам бор. Шуни айтиш керакки, яқин яқингача юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги сингари Хоразм вилояти ҳудудида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар йўқ ҳисоби эди, борлари эса хомашё етишмаслиги ёки дастгоҳлар замон талабига жавоб бермай қолгани учун ҳам фаолиятини деярли юргазмай қўйганди.
Аммо “Қаловини топсанг, қор ҳам ёғади” деганларидек, Темурбек ҳам излаб, имконини топди. Корхонасига зарур техникалар сотиб олди ва қурилишларда тажриба орттирган ёшларни қаватига тўплади. Дастлабки фаолиятини мактаб ва болалар боғчасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, давлат дастури доирасида вилоятдаги кўплаб туманларда намунали уй-жойларни бунёд этиб фойдаланишга топширди. Иш жараёнида турли мутахассисларга эҳтиёж сезгани учун янги иш ўринлари яратиб, ёшларни пайвандлаш, ғишт териш, электр ускуналари билан ишлаш каби ҳунарлар бўйича корхона ҳисобидан қисқа муддатли курсларда ўқитди.
Вилоят аҳлининг уй-жойга муҳтожлик муаммосини ҳал қилиш мақсадида Юртбошимизнинг ташаббуси билан Хоразмда ҳам кейинги йилларда кўплаб кўп қаватли турар жойлар қурила бошланди. Бунёдкорлик ишларида ўзига хос тажриба тўплаган “Шиддат монолит” хусусий корхонаси жамоаси ҳам бу борада фаол иштирок этаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, якунланган йилда уларнинг меҳнати туфайли Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида 1 та 9 қаватли, 54 хонадонга мўлжалланган турар жой биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Таъкидлаш жоизки, ана шу иншоотнинг ён-атрофини ободонлаштириш, ташқи ва ички дизайинида қадимдан бинокорликда қўлланиб келинган миллий анъаналар ҳам ўз аксини топди.
Бунёдкорнинг ишлари қурган иншоотлари билан баҳоланади, деганларича бор. ”Шиддат монолит” корхонаси ҳам ўн тўрт йил оралиғида эл-юрт назарига тушди, мукаммаллашган жамоа бўлди, иқтисодий жиҳатдан барқарор юксалди. Айни пайтда 2022–2026 йилларга мўлжалланган дастур доирасида Урганч шаҳридаги асосий кўчалардан бирида 2 та 9 қаватли 54 хонадонли, Урганч туманидаги Чўлобод маҳалласи ҳудудида 1 та 9 қаватли турар жой бинолари қурилишида ишлар жадаллик билан бормоқда. Булардан ташқари, вилоятдаги барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам бу жамоа бинокорлари томонидан 2 та кўп қаватли уйларни қуришга киришилган.
Жамоа аҳли фақат қурилишлар билан кифояланиб қолмасдан ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган. Урганч шаҳрининг Хива кўчасида жойлашган бетон қоришмаси ва бетон маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган завод нафақат корхона учун асқатяпти, балки турдош корхоналар ҳам шартнома асосида ундан унумли фойдаланишмоқда. Объектларда ишлар сифатли бажарилиши ва заводда тайёрланаётган ҳар бир маҳсулот белгиланган муддатда ўз жойига етиб боришини таъминлашда Раҳимберган Маткаримов, Одилбек ва Азамат Эшчановлар, Жўрабек Эшбоев каби фидоий ишчи-хизматчиларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқдир. Улар ўз хизматлари билан бошқаларга намуна кўрсатиш баробарида ёшларга касб ўргатишда ҳам олдинги сафларда туришади.

