Еврокодлар параметрик меъёрлаш характеридаги ҳужжат бўлиб, тўғридан-тўғри фойдаланиш эмас балки ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари, яъни, геологик, табиий-иқлимий, сейсмологик ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Еврокодларни техник меъёрлаш тизимида конструкциялар мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва шу билан боғлиқ жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, миллий нормативлар қаторида асосий эмас, балки муқобили сифатида қабул қилиш режалаштирилган. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, миллий нормативларимиз мустақиллиги ва халқаро нормаларга уйғунлаштирган ҳолда сақлаб қолинади. Уларни татбиқ қилишда биринчи навбатда амалдаги норматив ҳужжатлар талабларини инкор қилмайдиган ёки уларга зид бўлмаган алоҳида киритиладиган 1400 дан ортиқ параметрик кўринишидаги миллий иловалар ишлаб чиқилади.
Шу ўринда, еврокодларнинг афзалликлари қандай омилларда кўзга ташланади?
Аввало, рақобатбардошлик учун шаффоф асос яратилади, қурилиш маҳсулотларининг ички бозорини тўлдиришга эришилади. Қолаверса, BIM дастурларини Ўзбекистон шароитида тўлиқ қўллаш имкони пайдо бўлади. Ишлаб чиқариш ва сотиш таннархини камайтириш орқали қўшимча қийматни таъминлашга эришилади.
Ўзбекистонда бино-иншоотлар конструкцияларининг хавфсизлиги, ишончлилиги, уларнинг сейсмик чидамлилиги, ёнғин хавфсизлиги, энергия самарадорлигини таъминлаш учун зарур талабларга жавоб берадиган умумий мезон ва лойиҳалаш усулларини таъминлаш пировард мақсад қилинган. Шунингдек, мулк эгалари, буюртмачилар, лойиҳачилар, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилар, пудратчилар ва эксплуатация қилувчи ташкилотлар ўртасида конструктив лойиҳалаш жараёни ҳақида умумий тушунча таъминланади.
Еврокодларни жорий қилишда, шунингдек, иштирокчи давлатлар ўртасида қурилиш соҳасида хизматлар алмашинувига ҳамда қурилиш материаллари ва элементлари маркетингини ташкил қилиш, улардан фойдаланишга кўмаклашиш имкони вужудга келади. Қурилиш соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар учун ягона асос яратилади.


